Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (96-дарс). Набийларнинг мўъжизалари

14:30 / 27.07.2020 3986 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар.

Истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг изни ила набийларга уларнинг набийлигини тасдиқлаш учун берилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш мўъжизадир.

Кофирлар одатда набийларни инкор қилиш билан бирга, ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида доимо турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб қилиб туришади. Аввалги ўтган барча набийларга худди шундай таклифлар қилинган. Аллоҳ Ўз набийларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун набийларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган.

Мисол учун, сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизаларни берган.

Моддапарастлик авж олиб, ҳар бир нарса моддий асосга эга, деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни даволаш, ўликни тирилтириш каби мўъжизаларни берган.

Ўтган набийлар ва расуллар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалари ҳам амалдан қолган. Чунки уларнинг набийликлари маълум бир қавмга, маълум бир маконга ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.

Муҳаммад алайҳиссаломга эса абадий ва улкан мўъжиза қилиб Қуръони Карим берилган. Чунки у зотнинг набийликлари қиёмат қоим бўлгунча барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун у зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза – Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилгандир.

У зоти бобаракот вафот этганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёматгача барҳаётдир. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у зотдан набийликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, Қуръони Каримни рўкач қилганлар.

Бошқа набийларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма набийларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб, оддий бир ҳолатга айланиб қолганидан, катта шов-шув қилинмасди.

Ўзини билган одамлар учун ҳатто Исро ва Меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Расулуллоҳ алайҳиссалом Исро ва Меърож қилганликлари ҳақида одамларга хабар берганларида ҳар ким ўзини турлича тутди ва ҳар хил гап айтди.

Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:

«Ул зот шу гапларни айтдиларми?» деб сўрадилар.

«Ҳа», дейишди.

У киши:

«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», дедилар.

Улар:

«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди.

Абу Бакр:

«Мен у зотнинг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», дедилар.

Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб, кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари у зотнинг набийликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатишни талаб қилган пайтда ҳам уларга Қуръони Карим мўъжиза сифатида рўкач қилинар эди.

Бунга Анкабут сурасидаги ушбу икки ояти каримани мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

«Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар. Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», дегин. Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир» (50-51-оятлар).

Кофирлар хаёлига нима келса, гапираверишади. Улар «Муҳаммадга Роббидан оят-мўъжизалар тушса эди», дея кажбаҳслик қиладилар.

«Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар».

Эй Набий!

«Сен: Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», дегин».

Ҳа, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келади. Уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда туширади. Кимга керак бўлса, ўшанга туширади. Қанча керак бўлса, шунча туширади. Набий эса очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, холос. Унга Робби кишиларни огоҳлантиришни топширган, у шу топшириқни бажаради, холос. Аслида уларга мўъжизалар нозил қилинишининг ҳожати ҳам йўқ.

Нима учун улар мўъжиза тушишини талаб қилишади? Ҳолбуки, қаршиларида мўъжизаларнинг мўъжизаси, абадий боқий мўъжиза – Қуръон турибди-ку! Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!

«Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?!»

Кифоя қилиши керак. Ахир Қуръоннинг ҳар бир ояти ўзига хос мўъжиза-ку. Қуръон туфайли улар Аллоҳ таоло билан бевосита алоқада бўладилар-ку!

«Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир».

Ҳа, Қуръони Каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш учун кишида иймон бўлиши керак.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқоридаги сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир, давоми...

4794 21:28 / 17.06.2019
Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор, одам давоми...

2217 19:00 / 12.06.2023
Аллоҳ таоло .Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз. давоми...

4995 19:18 / 02.12.2016
Пайғамбарларга лозим бўлган сифатлардан бири уларнинг эркак кишилардан бўлишларидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга қуйидаги хитобни қилади давоми...

4012 17:30 / 28.02.2022
Аудиолар

134242 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54586 14:35 / 11.08.2021