1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аҳли сунна олимлари асрлар оша Ашъарий ва Мотуридий ақийда мазҳабида бўлганлар (саккизинчи мақола)

14:00 / 24.08.2021 2218 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юқоридаги сатрларда Ашъарий ва Мотуридий ақийда мадрасаларининг тарихи, моҳияти ва бу хусусда уламоларнинг фикрларини ўрганиб ўтдик. Энди эса айнан ушбу ақийдавий мазҳабларга мансуб олимлар ҳақида сўз юритамиз.

Ислом уламоларининг сийратларини ва асарларини чуқур ўрганилса, уларнинг кўпчилиги ушбу икки ақийда мазҳабидан бирига эргашгани маълум бўлади. Мисол тариқасида тафсир, Қуръон илмлари, ҳадис, фиқҳ ва усули фиқҳ, тарих ва сийрат, наҳву адабиёт олимларининг энг кўзга кўринган намояндаларини келтириш мумкин. Хусусан, тўрт фиқҳий мазҳабнинг энг машҳур олимлари ушбу икки ақийда мазҳабининг бирига мансуб бўлган. Аниқроғи, Ҳанафийларнинг барчаси Мотуридий ақийдасида, Шофеъийлар, Моликийлар, айрим Ҳанбалийлар, баъзи зоҳирийлар ҳамда мутасаввифларнинг кўпчилиги Ашъарий мазҳабида бўлган.

Тақийюддин Мақризий айтади: «Ашъарийлик эътиқоди Ироқда хижрий 380 йиллардан ёйила бошлаган ва Шомга кўчган. Кейинчалик Салоҳиддин Айюбийнинг ташаббуси билан бу мадраса Мисрда ҳам тарқалди.

Абу Муъин Насафий Бухоро аҳли, Мовароуннаҳрнинг барча аҳолиси, ҳатто, чекка ҳудудларда яшайдиган туркларгача Мотуридий эътиқодида эканини келтиради. Шунингдек, Марв, Балх аҳолиси ҳам Мотуридий эътиқодидалигини айтади ҳамда илми денгиз, каромати зоҳир аҳли тасаввуфлар ҳам Мотуридий эътиқодида бўлганини таъкидлайди. Бу борада Абу Бакр Калобозийнинг «Тасаввуф аҳлини таниш» китобида батафсил маълумотлар бор.

Тожуддин Субкий ўзининг Шофеъийларнинг маноқибларига бағишлаб ёзган «Табақотуш‑шофеъийя ал‑кубро» номли машҳур асарида «Шайх Абу Ҳасан Ашъарийнинг тутган йўли мўътабар Ислом уламоларининг, тўрт фиқҳий мазҳабнинг ҳалол‑ҳаром масалалари бўйича билимдони бўлган етакчиларининг, Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг динига ёрдам беришда қоим бўлган зотларнинг йўли экани баёнида» деган сарлавҳа билан алоҳида боб очиб, шундай дейди:

«Биз бир қатор гаплар замирида ушбу ҳақиқатга далолат қилувчи сўзларни келтириб ўтдик. Биз Шайх Ибн Абдуссаломнинг сўзларини ҳамда у кишидан олдин ва кейингиларнинг шу каби гапларини ҳикоя қилдик. Улар шундай дейишган: «Шофеъийлар, Моликийлар, Ҳанафийлар ва Ҳанбалийларнинг катталари Ашъарийдирлар». Бу Шофеъийларнинг шайхи Изз ибн Абдуссалом, Моликийларнинг шайхи Ибн Ҳожиб ва Ҳанафийларнинг шайхи Жамолиддин Ҳусрийларнинг сўзидир.

Тожуддин Субкий яна айтади: «Ушбу умматнинг ҳофизи, сиқа, пухта олим Ибн Асокир жумладан шундай дейди: «Ҳанафий, Моликий, Шофеъий мазҳаби фақиҳлари ичида Ашъарийга мувофиқ ва мансуб бўлмагани, унинг Аллоҳнинг динида қилган саъй-ҳаракатини маъқулламагани, унинг бу диннинг илмидаги чуқур билимини мақтамагани йўқ. Илло, ташбеҳини яширган, танзиҳга эътиқод қилган ҳар бир муваҳҳидни душман тутадиган, ана шундай кишини мўътазилаларга ўхшаб қоралайдиган бир ҳовучгина одамлар мустасно, холос».

Тожуддин Субкий сўзида давом этиб: «Биз бу ерда сизга мўътабар фуқаҳоларнинг сўзларини келтирамиз», деб туриб, тўрт мазҳаб уламоларининг Ашъарий мазҳабини қўллаб айтган фатволаридан бир қанчасини келтиради. Сўнг айтади:

«Шайх-Имом раҳимаҳуллоҳдан (отаси, Шайхул Ислом Тақийюддин Субкийни назарда тутяпти) эшитдимки, Имом Таҳовийннинг ақидасидаги маънолар имом Ашъарий эътиқод қилган нарсалар бўлиб, фақат учта масалада хилоф қилган экан.

Мен шуни яхши биламанки, Моликийларнинг барчаси Ашъарий, бирортасини истисно қилмайман. Шофеъийларнинг кўпчилиги Ашъарий, фақат уларнинг ичидаги мужассималарга ва мўтазилаларга қўшилиб кетганлар мустасно, улар саноқли кишилар. Ҳанафийларнинг ҳам кўпчилиги Ашъарий бўлган, фақат мўтазилаларга қўшилганлар мустасно. Ҳанбалийларнинг энг улуғлари, пешқадамлари ҳам Ашъарий бўлган. Уларнинг ичидаги Ашъарий бўлмаганлари мужассималарга қўшилган. Айтиш жоизки, мужассималарга қўшилганларнинг энг кўпи Ҳанбалий бўлган».

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

06.06.2020 йил

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон киши борлиқдаги мавжудотларга нисбатан ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Улардан энг муҳимлари тўрт нарсадан иборатдир1. Инсон.2. Фаришта.3. Жин.4. давоми...

21344 17:06 / 27.10.2018
Ақийданинг тавҳид билан бошланишининг сабаби тўғрисида аллома Али Қори айтади .Ақийдани тавҳид ила бошладик. Чунки Аллоҳ таоло Ўз каломини ndash Китобини .Алҳамду давоми...

780 19:00 / 25 март
Қуръон ҳақида талашибтортишмаймиз. Унинг Роббул оламиннинг каломи эканига, уни Руҳул Амин олиб тушганига, саййидул мурсалин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи давоми...

4419 17:30 / 30.03.2020
Аллоҳ таоло .Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон давоми...

4512 23:01 / 02.12.2016