1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Фаришталар Аллоҳнинг аскарларидир

17:06 / 27.10.2018 27445 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон киши борлиқдаги мавжудотларга нисбатан ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Улардан энг муҳимлари тўрт нарсадан иборатдир:

1. Инсон.

2. Фаришта.

3. Жин.

4. Борлиқдаги сабабият қонуни.

Энди уларни батафсил ўрганиб чиқайлик.

Инсон.

Мусулмон одам инсонга оид бир неча ҳақиқатларга эътиқод қилиши лозим. Аллоҳ таоло Исро сурасида қуйидагича марҳамат қилади:

ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟﮠ

«Батаҳқиқ, Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалардан ризқлантирдик ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Инсон дастлаб тупроқдан яратилган, сўнг биринчи одамдан тарқалган. 

Мўмин-мусулмон одам дастлабки инсон – Одам алайҳиссалом тупроқдан яратилганига ва у билан унинг жуфтидан бошқа одамлар тарқалганига жазм ила иймон келтирмоғи шарт.

Инсон аввал бошдан энг батамом кўриниш ва энг гўзал тузилиш ила яратилгандир.

Бу Қуръони каримдаги собит ҳақиқатлардан биридир. Ушбу ҳақиқатга ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон жазм ила эътиқод қилмоғи вожибдир. Буни ҳозирги замон илми ҳам очиқ-ойдин тасдиқламоқда. Охирги асрларда пайдо бўлган «Инсон тадрижий тараққиёт натижасида инсонга айлангандир» деган фалсафа эса бир хаёлпараст аҳмоқнинг хаёлига келиб қолган фараздан ўзга нарса эмас.

Фаришталар.

Фаришталарга ишониш иймоннинг арконларидан бўлиб, инсон уларга иймон келтирмагунча мўмин бўлмайди.

Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.

Фаришталарнинг сифатлари.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда фаришталарнинг сифатлари ҳақида бир қанча оятлар нозил қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида фаришталар ҳақида сиз билан бизга керакли маълумотларни берганлар. Биз ана шу сифатларга иймон келтирмоғимиз керак.

Қуръони карим ва суннати мутоҳҳара фаришталарнинг бир неча синфларини баён қилган. Фаришталар махлуқотларнинг бир қанча турларига вакил қилинганлар. Аллоҳ таоло тоғларга бир турли фаришталарни, булутларга бошқа бир турини, шунингдек, ёмғирга яна бир тоифасини вакил қилган. Бачадонга муваккал қилинган фаришталарга эса нутфа ишининг тадбирини қилиб, бу ишни у то одам бўлгунича олиб бориш топширилган. Ҳар бир бандага ҳам бир нечта фаришталар вакил қилинган бўлиб, уларнинг маълум бирлари уни ҳар хил офатлардан муҳофаза қилиб юрса, бошқалари эса унинг сўз ва ишларини ҳисоблаб, ёзиб борадилар. Жон олишга, шунингдек, қабрда савол-жавоб қилишга ҳам муайян фаришталар вакил қилинган. Фалакларга, қуёшга, ойга, жаннатга, дўзахга алоҳида-алоҳида фаришталар вакил қилинган. Фаришталар Аллоҳнинг борлиқдаги энг улуғ аскарларидир.

Фаришталарнинг бошлиқлари учтадир. Жаброил, Микоил ва Исрофил, улар ҳаётга вакил қилинганлар. Жаброил алайҳиссалом қалблар ва руҳлар ҳаёти бўлмиш ваҳийга вакилдир. Микоил алайҳиссалом ернинг ҳаёти бўлмиш ёмғирга вакилдир. Исрофил алайҳиссалом эса ўлимдан кейинги ҳаётга сабаб бўладиган сурни чалишга вакил қилингандир.

Улар Аллоҳнинг махлуқотларидаги ва ишларидаги расулларидир. Аллоҳ билан бандалари орасидаги элчиларидир. Ишни У Зотнинг ҳузуридан оламга олиб тушурлар. Ишларни У Зотга олиб чиқурлар.

Фаришталарнинг вазифалари.

Қуръони каримда фаришталарнинг баъзи вазифалари ҳақида маълумотлар келган. Биз учун бу масалада ояти карималар асосий манбадир. Келинг, ўша оятларда зикр қилинган вазифалардан баъзиларини санаб ўтайлик.

1. Аллоҳ таолонинг каломи ва ҳукмини У Зотнинг бандаларига етказиш вазифаси.

2. Аршни кўтариб туриш вазифаси.

3. Жаннат ишлари ва жаннат аҳлининг хизматларини қилиш вазифаси.

4. Дўзах ишларини қилиш ва унинг аҳлини жазолаш вазифаси.

5. Одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси.

6. Инсонни доимий равишда муҳофаза қилиб юриш вазифаси.

7. Руҳларни қабз қилиш (жонларни олиш) вазифаси.

“Мукаммал саодат йўли” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Шийъа, сўзи .тарафкаш, деган маънони англатади. Ислом оламида эса ҳазрати Алига тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага давоми...

8175 10:53 / 19.10.2018
Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида қуйидагиларни айтади .Ўнг тараф соҳиблари... Ўнг тараф соҳиблари недир Улар тикансиз сидрзорлардадирлар, 2728оятлар. .Сидр, давоми...

5128 19:00 / 11.09.2023
.Амални вожиб қиладиган иститоъат махлуқни сифатлаб бўлмайдиган, у билан амал вожиб бўладиган тавфиқ каби амал асносида бўлади. Аммо сиҳатсаломатлик, кенгчилик, давоми...

5538 13:30 / 01.04.2019
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлҒаффорБу исмнинг маъноси ndash кўплаб мағфират қилиб, бандаларнинг айб ва гуноҳларини Ўз фазли ила кечириб юборувчидир.Ушбу исм Қуръони давоми...

12273 08:26 / 20.04.2017
Аудиолар

211054 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130315 14:35 / 11.08.2021