Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (235-дарс) Ҳолатнинг оғирлиги

19:00 / 10.07.2023 1674 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган қаттиқ ҳолат қалбларни ларзага солади, ақлларни бошдан учиради, инсоннинг хаёлини паришон қилади, ҳатто эмизикли аёллар болаларини ҳам унутиб юборадилар, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлаб қўяди ва бошқа даҳшатли ҳолатлар юзага чиқади.

Ана ўша ҳолатлардан бир кўринишни Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида қуйидагича тасвир ила бошлайди:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ

«Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, Соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир» (1-оят).

Ушбу ояти каримадаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятда ҳамма одамларни Аллоҳ таолодан қўрқишга, тақво қилишга чақириқ аксини топгандир. Агар Аллоҳдан қўрқмайдиганлар бўлса, билиб қўйсинлар:

«Албатта, Соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир».

Яъни қиёмат бошланганидан дарак берувчи зилзила жуда даҳшатли, хавфли ҳодисадир. Ана ўшанда иймонсизлар, Аллоҳга тақво қилмаганлар нима бўлишларини кўрадилар.

ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ

«Уни кўрадиган Кунингизда ҳар бир эмизувчи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир» (2-оят).

Яъни қиёмат зилзиласи рўй берган кунда «ҳар бир эмизувчи эмизаётган нарсасини унутар».

Маълумки, она ўзи эмизаётган боласига жуда боғлиқ бўлади. Ухлаб қолган онани момақалдироқ уйғота олмаслиги мумкин, лекин боласининг инграши дарҳол уйғотади. Эмизувчи она ҳамма нарсани унутса, унутади, аммо боласини унутмайди. Лекин қиёмат зилзиласи шу қадар даҳшатлики, ҳатто эмизувчи аёл боласини унутади. Битта-иккитаси эмас, ҳаммаси, ҳар бир эмизикли аёл эмизадиган боласини унутиб қўяди.

«Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар».

Бу ҳам ўша зилзиланинг даҳшатидан рўй беради. Ҳомиладор ҳомиласини ташлаб қўйиши учун ниҳоятда қаттиқ қўрқиши керак. Ўшандоқ қўрқув қиёмат зилзиласидан бўлади. Ўша вақтда:

«Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас».

Бу ҳолат ҳам ўша зилзиланинг ғоятда даҳшатли эканига далолат қилади. Қаттиқ қўрққан одамлар ҳеч нарса ичмасдан туриб ҳам, эс-ҳушларини йўқотиб, худди маст одамларга ўхшаб қолишади. Чунки

«Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».

Аллоҳ таоло Абаса сурасида қуйидагиларни айтади:

ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ

«Вақтики кар қилувчи овоз келса, у Кунда киши ўз ака-укасидан қочадир, онаси ва отасидан, хотини ва бола-чақасидан. У Кунда улардан ҳар бир кишини овора қилувчи ўз иши бор» (33-37-оятлар).

Биз «кар қилувчи овоз» деб таржима қилган маъно Қуръони Карим таъбири ила бир оғиз лафз ила «Ас-Соохха» дейилади. «Ас-Соохха» – қиёматнинг номларидан бири бўлиб, қулоқларни кар қилувчи овоз маъносини билдиради. Қиёмат қаттиқ қичқириқ овоздан кейин қоим бўлгани учун шу ном билан ҳам аталган. Ушбу ояти каримада қиёмат кунининг даҳшатини васф қилиш учун унинг айнан ушбу сифати келтирилмоқда.

Кейинги оятларда қулоқларни кар қилувчи қаттиқ қичқириқ ила қиёмат қоим бўлганидан сўнг нималар бўлиши зикр қилинади.

«у Кунда киши ўз ака-укасидан қочадир, онаси ва отасидан, хотини ва бола-чақасидан».

Яъни қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто ҳеч кимнинг ака-укаси, ота-онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.

Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, она-отаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир, мусибат етганда ёрдам бериш бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ташлаб қочади. Чунки «У Кунда улардан ҳар бир кишини овора қилувчи ўз иши бор».

Ҳа, қиёмат куни даҳшати шунчалик кучлики, ҳар бир одам, ким бўлишидан қатъи назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю эру-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: يُحْشَرُ النَّاسُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حُفَاةً عُرَاةً غُرْلًا. قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، النِّسَاءُ وَالرِّجَالُ جَمِيعًا يَنْظُرُ بَعْضُهُمْ إِلَى بَعْضٍ؟ قَالَ: يَا عَائِشَةُ، الأَمْرُ أَشَدُّ مِنْ أَنْ يَنْظُرَ بَعْضُهُمْ إِلَى بَعْضٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар қиёмат куни яланг оёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинадилар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аёллар ва эркаклар ҳаммалари бир-бирларига назар соладиларми?» дедим.

«Эй Оиша! Иш улар бир-бирларига назар солишларидан кўра шиддатли!» дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Қиёматнинг кучли шиддатидан ҳар ким ўзи билан овора бўлиб, биров билан иши бўлмай қолади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, яланғочми, кийинганми – хаёлига ҳам келмайди.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлХолиқ Бу исмнинг маъноси асли ва ўхшаши йўқ нарсанинг ўлчовини мос қилиб яратувчидир.Аллоҳ махлуқотларни яратишдан олдин ҳам Холиқ давоми...

7489 08:23 / 20.04.2017
Ибодатларни бошқанинг номидан ўташЗакот, садақа ва каффоротлар каби соф молиявий ибодатларни бошқанинг номидан ўташ жоиздир. Хоҳ зиммасига ўташ тушган киши давоми...

4123 18:48 / 24.05.2017
Қуръон ва Суннат уламолари наздида тавҳиднинг қисмлари Тавҳид уч қисмдан иборатдир Сифатлар тавҳиди, рубубият тавҳиди ва улуҳият тавҳиди. Улуҳият тавҳидининг давоми...

362 19:00 / 22 апрель
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дўзах аҳлининг давоми...

2162 19:00 / 26.09.2023