Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (95-дарс). Қиёматнинг аломатлари

16:02 / 20.07.2020 6990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дажжолнинг чиқиши, Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши каби қиёматнинг аломатларига иймон келтирамиз. Қуёшнинг ўз мағриби(ботиш тарафи)дан чиқишига ва ер ҳайвонининг ўз жойидан чиқишига иймон келтирамиз.

Шарҳ: Яъни Қуръон ва Суннатда зикр қилинган қиёматнинг аломатларига иймон келтирамиз. Хусусан, Дажжолнинг чиқишига, саййидимиз Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишларига, қуёшнинг мағрибдан чиқишига ва ер ҳайвонининг Аллоҳ амр қилган жойидан чиқишига иймон келтирамиз.

Далил:

1. Дажжолнинг чиқишига далолат қилувчи ҳадисларнинг мажмуаси мутавотир даражасига етган. Уларнинг ҳаммаси ҳадис китобларида зикр этилган. Бу мухтасарда уларни зикр этишга имкон йўқ. Шунинг учун уларнинг ичидан биргина ҳадисни келтирамиз:

Имом Бухорий Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида Дажжол зикр қилинди. Шунда у зот: «Аллоҳ сизга махфий эмас. Аллоҳ ғилай ҳам эмас. (Кўзларига ишора қилдилар). Масийҳ Дажжолнинг ўнг кўзи ғилайдир. Унинг кўзи худди бўртиб чиққан узум донасига ўхшайди», дедилар», дейилган.

2. Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тушишларига Қуръондан далил:

«Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, Унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса уларга гувоҳ бўлур» (Нисо сураси, 159-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ҳақидаги ҳадисни ривоят қилиб бўлиб: «Агар хоҳласангиз, «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки»,  оятини ўқинг», дер эдилар.

Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ҳақидаги ҳадислар ҳам Дажжол ҳақидаги ҳадисларга ўхшаб инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп ривоят қилинган. Баъзи одамларнинг «Бу ҳақдаги ҳадислар оҳод – якка кишилар ривоят қилган ҳадислар», дейиши сизни алдаб қўймасин. Ундай кишилар бу илмдан жоҳил кишилардир. Уларнинг бирортаси ҳам ҳадисларни яхшилаб текшира олмайдилар. Агар ушбу ишни қилганларида, бу ҳақдаги ҳадислар инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп эканини билган бўлар эдилар. Ҳофиз ибн Ҳажарга ўхшаган ҳадис илми имомлари шундай қилганлар. 

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушади, хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни қўяди ва молни кўпайтиради. Ҳаттоки ҳеч ким уни қабул қилмайди. Ҳаттоки бир сажда дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолади», деганлар».

3. Қуёшнинг мағрибдан чиқишига далил:

«Ўзларига фаришталар келишига, ёки Роббингнинг келишига, ёки Роббингнинг баъзи оятлари келишига мунтазир бўлиб турибдилар, холос. Роббингнинг баъзи оятлари келган кунда ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермас. «Мунтазир бўлинглар, биз ҳам мунтазирмиз», деб айт» (Анъом сураси, 158-оят).

Имом Бухорий ушбу оятнинг тафсирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Токи қуёш мағрибидан чиқмагунча, қиёмат қоим бўлмас. Уни кўрган чоғда одамлар иймон келтирурлар. Бу олдин иймон келтирмаган жонга иймони наф бермайдиган вақтдир», деганлар».

Шунингдек, ҳадис китобларидаги қиёмат аломатлари бобида бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган.

4. Ер ҳайвонининг чиқишига далил:

«Уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир» (Намл сураси, 82-оят).

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир хонага кирган одам ундаги жиҳозларнинг чиройли тартибда турганини кўрса, дарҳол бу ишнинг ўта дидли киши ёки кишилар томонидан қилинганини сезади. Чунки давоми...

4987 13:00 / 25.01.2021
Уламоларимиз .Ислом мусулмонлар жамоаси ҳаққидир, иймон Аллоҳ таолонинг ҳаққидир,, дейдилар. Иймон қалбга боғлиқ ҳақиқат бўлиб, унинг ҳақиқатидан ёлғиз Аллоҳ давоми...

4293 19:00 / 21.11.2023
ДАЖЖОЛ ҲОЗИР ЖАЗИЙРАДА ВА ТЕМИРЛА БОҒЛАНГАНФотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ алайҳиссалом билан намоз ўқидим. Қавмнинг давоми...

10099 22:09 / 01.12.2016
Имом Ғаззолий эса жисмларни йўқдан бор қилишга қудрати етган Аллоҳ таоло уларни чириганларидан кейин қайта тирилтириши осонроқ эканини давоми...

6632 13:40 / 16.09.2019
Аудиолар

211053 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130313 14:35 / 11.08.2021