Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (54-дарс). Имом Ғаззолий ва тасаввуф

14:05 / 07.10.2019 6142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илми калом, фалсафа ва ботиниядан ўзлари излаган илми яқийнни топишдан умиди узилган имом Ғаззолий ўша вақтнинг яна бир маърифат ўчоғи бўлган тасаввуфга юзландилар. Бу ҳақда у киши ўзларининг «Ал-Мунқиз миназ-Золал» номли китобларида жумладан, қуйидагиларни айтадилар:

«Сўнгра ушбу илмлардан фориғ бўлганимдан кейин бор ҳимматим ила сўфийлик йўлига йўлландим. Мен уларнинг йўли илм ва амал ила батамом бўлишини англаб етдим. Уларнинг амалининг ҳосили ҳавойи нафс тўсиқларини кесиб ўтишдан ҳамда ёмон хулқлардан ва чиркин сифатлардан покланиб, қалбни Аллоҳ таолодан бошқага жой қолдирмаслик ва уни Аллоҳнинг зикри ила зийнатлашдан иборат эди».

«Мен учун илм амалдан кўра осонроқ эди. Мен уларнинг китобларини ўқиб, илмларини ҳосил қилишдан бошладим. Абу Толиб Маккий раҳматуллоҳи алайҳининг «Қуутул қулуб»ини, Ҳорис Муҳорибийнинг китобларини, шунингдек, Жунайд, Шиблий, Абу Язийд Бистомий қаддасаллоҳу арвоҳаҳум ва бошқа машойихларнинг қолдирган фикрларини ўргандим. Охири уларнинг илмий мақсадларининг ғоясига етишдим. Уларнинг йўли бўйича таълим олиш ва эшитиш билан ҳосил қилиш мумкин бўлган нарсаларни ҳосил қилдим. Мен уларнинг энг хос нарсалари таълим олиш орқали эмас, завқ, ҳол ва сифатларнинг ўзгариши орқали бўлишини англаб етдим».

Аста-секин имом Ғаззолий тасаввуф йўлидан таъсирланиб, ҳамма нарсани, жумладан, Бағдодни ҳам ташлаб, сафарга чиқдилар. Ўн йиллик тажрибадан сўнг ўзлари излаб юрган ҳақиқат тасаввуфда эканини англаб етдилар. Бу борада маълум мақомга эришиб, кўнгиллари таскин топгандан сўнг динга, илмга ва мусулмонларга хизмат қилиш лозимлигини ҳис қилиб, яна дарс беришга, илмий хизматларга қайтдилар.

Имом Ғаззолийнинг бошқа олимлардан ажратиб турадиган икки хислатлари бор эди. Улардан биринчиси – ўз даврларида тарқалган барча илмларни пухта эгаллаганлари. Биз юқорида ўтган сатрларда у кишининг ақоидга доир, ботинияга қарши ва фалсафа ҳамда мантиқ илмларига оид китоблари рўйхатини келтирдик. Энди тасаввуф ва динга оид китоблари билан танишайлик:

1. «Одобус-сўфийя».

2. «Ал-Арбаъун фий усулуд-дин».

3. «Иҳёу улумуд-дин.

4. «Жавоҳирул Қуръон ва дураруҳу».

5. «Ар-Рисола ал-Ладунийя».

6. «Мишкотул Анвор».

7. «Минҳожул Обидин илал Жаннати».

8. «Мийзонул Амал».

Шу билан бирга, имом Ғаззолий кўзга кўринган фақиҳ ва усулул фиқҳ олими ҳам эдилар. У киши бу соҳалар бўйича ҳам барчанинг таҳсинига сазовор бўлган китоблар соҳиби ҳисобланадилар:

1. «Асрорул ҳажжи».

2. «Ал-Мустасфо фий усулил фиқҳи».

3. «Ал-Важийз фил фуруъ».

Имом Ғаззолийнинг ҳамма китоблари ўта аҳамиятли ҳисобланади. Аммо уларнинг ичида «Иҳёу улумуд-дин» китоби алоҳида эътибор қозонган китобдир. Бу китобни ҳамма олимлар ва толиби илмлар ўқиган ва ўқимоқдалар.

Имом Ғаззолийнинг илм бобидаги энг заиф ерлари ҳадис илмида эканини ҳамма зикр қилади. У кишининг ўзлари ҳам бу нуқсонни англаб, умрларининг охирида илми ҳадисни эгаллашга ҳаракат қилганлар. Ҳадис олимларидан имом Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларини ўқиб бўлганларидан кейин вафот этганлар. Имом Ғаззолий ҳижрий 505 сананинг ўн тўртинчи жумадул охирида, Тобаронда вафот этдилар.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Туғилган болаларни унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдакни ҳузурига келтирилди. давоми...

5452 17:04 / 08.01.2017
Тавҳид уч қисмдан иборатдир 1. Сифатлар тавҳиди. 2. Робблик тавҳиди. 3. Илоҳийлик ибодатга сазоворлик тавҳиди. Сўнгра илоҳийлик тавҳидининг ўзи яна иккига давоми...

7151 14:40 / 31.12.2018
1. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг мустафо бандаси, мужтабо набийси ва муртазо Расулидир. Шарҳ Билингки, мустафо, мужтабо ва муртазо давоми...

5057 23:05 / 02.12.2016
биринчимақола Қуръони Каримда жинларнинг бир нечта хусусиятлари зикр этиб ўтилган1. Жинлар оловдан яратилган махлуқотлардир.Аллоҳ таоло Роҳман сурасида давоми...

4278 00:00 / 09.11.2022
Аудиолар

211014 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130273 14:35 / 11.08.2021