Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (50-дарс). Мўмин хиёнаткорона қатл қилмайди

14:20 / 13.09.2019 3491 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

252. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси бирин-кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ва жумади билан шаъбон орасидаги Музарнинг ражаби. Бу қайси ой?» дедилар». «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик.

Шунда сукут қилдилар. Ҳатто биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Шунда у зот: «Зулҳижжа эмасми?» дедилар. «Худди шундай», дедик. «Бу қайси юрт?» дедилар». «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик.

Шунда сукут қилдилар. Ҳатто биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Шунда у зот: «Балда эмасми?» дедилар. «Худди шундай», дедик. «Бу қайси кун?» дедилар». «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик.

Шунда сукут қилдилар. Ҳатто биз уни ўз номидан бошқа ном билан номласалар керак, дедик. Шунда у зот: «Қурбонлик куни эмасми?» дедилар. «Худди шундай», дедик.

«Албатта, қонларингиз, молларингиз, шаън-обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз муқаддаслиги каби муқаддасдир. Албатта, Роббингизга йўлиқурсиз ва У сиздан амалларингиз ҳақида сўрайди. Огоҳ бўлинг! Мендан кейин залолатга қайтиб, баъзингиз баъзингизнинг бўйнига (тиғ) урманглар! Огоҳ бўлинг! Ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин! Шоядки, етказилган баъзи кишилар буни эшитганлардан кўра яхшироқ сингдирса», дедилар. Сўнгра: «Огоҳ бўлинг, етказдимми?! Огоҳ бўлинг, етказдимми?!» дедилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 253. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Иймон хиёнаткорона қатл қилишни боғлаб (тўсиб) қўйди. Мўмин хиёнаткорона қатл қилмайди».

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

 254. Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, мен кофирлардан бир кишини учратиб қолсам, у мен билан жанг қилса ва бир қўлимга қилич билан зарба бериб, кесиб юборса, сўнг мендан қочиб дарахт панасига беркиниб туриб, «Аллоҳга таслим бўлдим», дейди. Эй Аллоҳнинг Расули, ўша гапни айтганидан кейин уни қатл қиламанми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қатл қилма!» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, у қўлимни кесган бўлса ҳам-а?!» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қатл қилма! Агар уни қатл қилсанг, уни қатл қилишингдан олдинги ўрнингда у, унинг айтган калимасини айтишдан олдинги ўрнида сен бўласан!» дедилар».

Бошқа ривоятда бундай келган: «Уни қатл қилиш учун энгашганимда «Лаа илааҳа, иллаллоҳ...» деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
502. Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилинади .Жобир ибн Абдуллоҳнинг олдига кирдик. У қавм ҳақида сўради. Менга етиб келганда .Мен давоми...

3152 14:30 / 09.04.2021
339. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан бош кўтарсалар, ушбуларни айтардилар .Роббана лакал ҳамду давоми...

4794 13:00 / 13.03.2020
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда дуо қилиб.Аллоҳим, албатта, мен давоми...

2889 13:00 / 29.11.2020
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун коинотни, ундаги бор мавжудоту махлуқотларни бир яратишда .Бўл, деган амри ила яратди. Тоғу тошларни ndash жамодот оламини, давоми...

4171 19:11 / 28.04.2017