Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ўғриликнинг энг ёмони | Сийрат дарслари (263-дарс)

19:00 / 05 январь 1090 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

349. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир одам ҳам масжидга кирди ва намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Шунда у зот алик олдилар ва: «Қайтиб бориб, намоз ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. У бориб, худди аввал ўқиганидек намоз ўқиди. Сўнгра келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Шунда у зот: «Қайтиб бориб, намоз ўқи. Сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. Уч марта шундай бўлди. Шунда ҳалиги одам: «Сизни ҳақ билан юборган Зот ила қасамки, бундан яхши ўқий олмайман, менга ўргатинг», деди. «Намозга турсанг, такбир айт. Сўнгра ўзингга муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил. Кейин хотиржам бўлгунингча рукуъ қил, сўнгра ғоз туриб тиклан, сўнгра хотиржам бўлиб сажда қил, кейин бошингни кўтариб, хотиржам бўлиб ўтир. Кейин намозингнинг ҳаммасида шундай қил», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда:

«Ва алайкассалому, қайт... «Қачон намозга турсанг, яхшилаб таҳорат қил. Сўнг қиблага юзланиб такбир айт. Кейин муяссар бўлганича Қуръондан қироат қил...» ва шунга ўхшашни зикр қилди. Ва охирида «Токи хотиржам ўтиргунингча»дан кейин «сўнгра хотиржам бўлиб сажда қил, кейин бошингни кўтариб, хотиржам бўлиб ўтир. Кейин намозингнинг ҳаммасида шундай қил»ни зиёда қилди.

Бухорий ривоят қилган.

* * *

350. Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «То рукуъда ва саждада белини тўғри тутмагунича кишининг намози қониқарли бўлмайди», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Жоруд, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

* * *

351. Нуъмон ибн Муррадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ароқхўр, ўғри ва зинокор ҳақида нима дейсизлар?» дедилар. Бу улар ҳақида ҳукм нозил бўлишидан аввал эди. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дейишди. «Улар фаҳш ишлардир. Уларда уқубат бордир. Ўғриликнинг энг ёмони намозини ўғирлашдир», дедилар. «Қандай қилиб намозни ўғирлайди, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Сажда ва рукуъини тугал қилмайди», дедилар».

Молик, Байҳақий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

352. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тунги намоз ҳақида сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тунги намоз икки ракат, икки ракатдандир. Агар бирингиз тонг отиб қолишидан қўрқса, бир ракат ўқийди, бу намозини витр (тоқ) қилиб беради», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари, у зотнинг зиёфатлари, қуллари, чўрилари, хачир ва туя каби уловлари, шунингдек, у зотнинг .бизнинг юзта қўйимиз бор, давоми...

5069 15:14 / 08.02.2018
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар жунубликдан, Жумъа куни, қон олдирган ва давоми...

3327 16:09 / 22.12.2019
Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . . . . давоми...

3193 14:04 / 03.11.2019
676. Абу Саъид ибн Муъалла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Намоз ўқиётган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақириб қолдилар. Мен жавоб бермадим. давоми...

4670 20:00 / 18.02.2022