Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қачон руҳ қабз қилинса, кўз унга эргашиб қолади | Сийрат дарслари (271-дарс)

19:00 / 01 март 860 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

379. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким кечаси уйғонганда: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Алҳамдулиллаҳи ва субҳаналлоҳи ва лаа илааҳа иллаллоҳу ва Аллоҳу акбар. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» деса ва «Аллоҳуммағфирлий» деса ёки дуо қилса, ижобат қилинади. Агар таҳорат қилиб, намоз ўқиса, намози қабул бўлади».

Бухорий ривоят қилган.

380. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  «Ортдан келувчи(дуо ва зикр)лар бор. Уларни айтувчи ёки қилувчи ноумид бўлмайди. Ҳар фарз намоздан кейин ўттиз уч марта тасбиҳ, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз тўрт марта такбир».

Муслим ривоят қилган.

381. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жон таслим қилаётганларингизга «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни талқин қилинглар», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

382. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг устига кирганларида, унинг кўзи очилиб қолган эди. Шунда у зот (унинг) қовоқларини ёпиб қўйдилар. Сўнгра: «Қачон руҳ қабз қилинса, кўз унга эргашиб қолади», дедилар. У (Абу Салама)нинг аҳлидан баъзи одамлар шовқин кўтаришди. Шунда у зот: «Ўзингизга фақат яхшилик тилаб дуо қилинглар. Чунки фаришталар сиз айтаётган нарсага «омин» деб туришади», дедилар. Кейин эса: «Аллоҳим! Абу Саламани мағфират қил. Унинг даражасини ҳидоятда бўлганлар ичида кўтар. Ундан кейин ортидан қолганларга Ўзинг ўринбосар бўл. Бизни ҳам, уни ҳам мағфират қил. Эй Оламларнинг Робби, унга қабрини кенг қил ва  қабрини мунаввар қил», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай келган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бемор ёки вафот этаётган киши ҳузурида ҳозир бўлсангиз, яхши гап айтинг. Чунки фаришталар сиз айтаётган нарсага «омин!» деб туришади», дедилар. Абу Салама қазо қилганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Салама вафот этди», дедим. «Аллоҳим, мени ҳам, уни ҳам мағфират қил ва менга ундан яхши ортда қолувчи бергин, деб айт», дедилар. Мен шуни айтдим ва Аллоҳ менга ундан яхши ортда қолувчини – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни берди».

Муслим ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
769. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бўҳтоннинг нималигини сизларга айтиб берайми Бу одамлар орасида давоми...

3661 19:00 / 09.09.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун энг олий ўрнакдирлар. У зотнинг ҳаётларини ўрганиш ва унга қўлдан келганча эргашиш ҳар бир мусулмон давоми...

3374 19:10 / 28.04.2017
Анас розияллоҳу анҳу бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба масжидидан исро қилдирилганлари ҳақида гапириб шундай деди.Ул зотга ваҳий қилинишидан давоми...

4052 20:01 / 28.04.2017
415. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қай бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, давоми...

2473 13:01 / 25.09.2020