Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (233-дарс) Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор

19:00 / 02.06.2023 1374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

907. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши йўлда эди. Йўлда тиканли шохни кўрди ва уни олиб қўйди. Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

908. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Аллоҳнинг йўлида юрган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

909. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор», дедилар. «Айтинг-чи, агар топмаса-чи?» дейишди. «Икки қўли билан ишлаб топади, ўзига фойда беради, садақа ҳам қилади», дедилар. «Айтинг-чи, бунга ҳам қодир бўлмаса-чи?» дейишди. «Ҳожатманд бўлиб, ноилож қолган кишига ёрдам беради», дедилар. «Айтинг-чи, буни ҳам қила олмаса-чи?» дейишди. «Яхшиликка ёки маъруфга буюради», дедилар. «Буни ҳам қила олмаса-чи?» дейишди. «Ёмонликдан тийилади, мана шунинг ўзи ҳам садақадир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

910. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қуёш чиққан ҳар бир кунда одамларнинг ҳар бир бўғими учун садақа лозим. Икки киши ўртасида адолат қилиш ҳам садақадир. Бир кишига улови борасида ёрдам бериб, уни миндириб қўйиши ёки матоҳларини кўтариб, ортиб бериши ҳам садақадир. Ширин сўз ҳам садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадам ҳам садақадир. Йўлдан озорни олиб ташлаш ҳам садақадир».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

911. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Жоҳилиятда баъзи ишлар: садақа, қул озод қилиш, силаи раҳм билан ўзимча ибодат қилар эдим. Айтинг-чи, уларда ажр борми?» дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен қилган яхшиликларинг туфайли мусулмон бўлгансан», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

912. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Яхшиликдан ҳеч бир нарсани,  ҳатто биродарингга очиқ юз билан йўлиқишни ҳам арзимас санама».

Муслим ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мусулмон билиб қўйиши лозим бўлган ҳақийқатлардан бири шуки, камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда Расулуллоҳ давоми...

3535 19:51 / 28.04.2017
. .Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўяр давоми...

1838 14:05 / 01.11.2020
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимПарвардигоримизга шукр ва ҳамдлар айтамиз. Оламларга раҳмат ва ўрнак зот бўлмиш Расулимизга салавотлар йўллаймиз.Буюк яратувчимиз давоми...

3345 19:09 / 28.04.2017
Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди обҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди. Инсоният давоми...

3848 16:00 / 28.04.2017