1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Дин ва ақл

19:11 / 28.04.2017 4103 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بسم الله الرحمن الرحيم

 Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун коинотни, ундаги бор мавжудоту махлуқотларни бир яратишда «Бўл!» деган амри ила яратди. Тоғу тошларни – жамодот оламини, дов-дарахтлар, ўт-гиёҳларни – наботот оламини яратди, қолган барча мавжудоту махлуқотларни – ҳайвонот оламини яратди. Ушбу ҳайвонот оламининг яратилиши бир хил бўлди, яъни ҳар бир жонзот ейди, ичади ва ухлайди, ҳаёти бардавом бўлиши учун жисмоний эҳтиёжларини қондириш билан кун кечиради. Бу каби эҳтиёжлар шаръий истилоҳда «шаҳват» дейилади. Демак, ҳайвонот олами фақат шаҳватини қондириш тақозосига кўра яралган. Шунинг учун, инсондан фарқли равишда, уларнинг ақли, онги бўлмагани боис, уларда қилган ишлари учун жавобгарлик йўқ. Шунга биноан, қиёмат куни ҳайвонлар яхши иш қилгани учун жаннатга, ёки ёмон иш қилгани учун дўзахга киритилмайди.

Бунга қуйидаги оятларни далил ўлароқ мисол қилса бўлади:

 

Маълум муддат ўтгач, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзи яратган мавжудоту махлуқотларнинг гултожиси бўлмиш инсонни лойдан Ўз Қўли билан яратди.

 

وَسَخَّرَ لَكُمْ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مِنْهُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

 

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан беминнат хизматкор қилиб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(белги)лар бордир».

(Жосия сураси, 13-оят).

 

 

وَسَخَّرَ لَكُمُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ وَالنُّجُومُ مُسَخَّرَاتٌ بِأَمْرِهِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ

«У Зот сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни беминнат хизматкор қилиб қўйди. Юлдузлар Унинг амри ила беминнат хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритувчи қавмлар учун оят(белги)лар бор».

(Наҳл сураси, 12-оят).

 

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُمْ مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا ثُمَّ اسْتَوَى إِلَى السَّمَاءِ فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَوَاتٍ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

«У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган, сўнгра осмонга юзланиб, уларни етти осмон қилиб тўғрилаган Зотдир. Ва У ҳар бир нарсани ўта билувчидир».

(Бақара сураси, 29-оят).

 

Қуръони Каримда бу каби юзлаб оятларни кўриш мумкин. Уларнинг барчасида борлиқдаги барча нарса инсон учун яратилгани ва унга буйсундириб қўйилгани очиқ баён этилади.

Нима учун инсон жамики махлуқотнинг гултожи бўлди?

Бу ўринда икки муҳим нарсага эътибор қаратишимиз лозим. Аввало, улар қай усулда ва нима мақсадда яратилди? Юқорида айтиб ўтганимиздек, борлиқдаги инсондан бошқа барча нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг биргина «Бўл!» деган амри ила яралди. Қуръони каримнинг таъбирига кўра, бунга олти кун вақт кетди. Юқоридаги оятларга биноан эса, буларнинг барчаси фақатгина инсон учун яратилди.

Энди инсоннинг яратилишини мулоҳаза қилсак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни бошқа махлуқотлардан фарқли равишда, алоҳида яратди. Уни барча махлуқотлар ичида бирданига яратишга қодир бўла туриб, бундай қилмади, балки уни Ўз қўли ила яратди. Аллоҳ таоло буни аввалроқ фаришталарига эълон қилиб. унга Ўз руҳидан жон пуфлашини ва фаришталар унга сажда қилишлари лозимлигини айтди.

Бу ҳақда Қуръонда бундай дейилади:

 

إِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي خَالِقٌ بَشَرًا مِنْ طِينٍ (71) فَإِذَا سَوَّيْتُهُ وَنَفَخْتُ فِيهِ مِنْ رُوحِي فَقَعُوا لَهُ سَاجِدِينَ (72) فَسَجَدَ الْمَلَائِكَةُ كُلُّهُمْ أَجْمَعُونَ (73) إِلَّا إِبْلِيسَ اسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ (74) قَالَ يَا إِبْلِيسُ مَا مَنَعَكَ أَنْ تَسْجُدَ لِمَا خَلَقْتُ بِيَدَيَّ أَسْتَكْبَرْتَ أَمْ كُنْتَ مِنَ الْعَالِينَ (75)

«Эсла, Роббинг фаришталарга деди: «Албатта, Мен лойдан башаряратувчидирман. Бас, уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб, йиқилинглар!». Бас, фаришталар барчалари бараварига сажда қилдилар. Фақат иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди. У Зот: «Эй иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» – деди».

(Сод сураси, 71-75-оятлар).

 

Демак, инсон бир неча жиҳатлари ила борлиқдаги бошқа мавжудотлардан фарқ қилади:

 

1.              Инсон борлиқдаги яралган барча мавжудотлардан ўзгача равишда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўз инояти ила, алоҳида яратилган.

2.              Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни яратишда Ўз руҳидан унга жон пуфлаган.

3.              Шундан сўнг барча фаришталарни инсонга таъзим ва такрим саждасини қилишга амр қилган.

4.              Барча мавжудотлар инсон учун яратилиб, унга хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйилган.

5.              Энг муҳими, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни Ўзи учун, фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилиш учун яратган.

 

Бу ҳақиқат Зориёт сурасининг 56-оятида баён қилинган:

 

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим».

 

Шундай қилиб, ер юзида яна бир олам – иноният олами пайдо бўлди. Инсонга ҳам, худди ҳайвонлардаги каби, жисмоний эҳтиёжларни қондириш хусусияти, яъни шаҳватни берилди, бироқ, улардан фарқли ўлароқ, инсонга ақл ато этилди. Инсон руҳоний ҳолатга муҳтож қилиб яратилди.

Бошқача қилиб айтганда, жамодот олами биринчи босқич бўлиб, наботот олами ундан ўсиб-униш хусусияти билан ажралиб туради. Ҳайвонот олами эса, бунга қўшимча тарзда бу икки оламдан шаҳвати ила фарқ қилади. Аммо инсоният олами буларга қўшимча тарзда ақли ва руҳий ҳолатининг хусусияти билан фарқ қилади. Шунинг учун ҳам ҳайвонларда қилинган иш учун жавобгарлик йўқ. Бу борадаги барча масъулият инсоният оламига мансубдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни яратганида уни икки турдаги ҳиссиёт ила яратган. Биринчи тури моддий ҳис-туйғулар бўлса, иккинчиси маънавий ҳис-туйғулардир. Ана шу ҳис-туйғулар ёрдамида инсон ўз ҳаётида дуч келган нарсаларига баҳо беради, интилади, курашади, хурсанд ёки хафа бўлади ва ҳоказо.

Моддий ҳис-туйғулар – бу кўз, қулоқ, бурун, оғиз, қўл, оёқ ва жамики аъзои бадан бўлиб, уларнинг вазифаси инсоннинг теварак-атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодислар, жараёнларга гувоҳ бўлиб, уларни таҳлил қилиш учун мияга жўнатишдир. Мисол учун, қуёш, ой, юлдуз ёки бошқа катта жисмлар узоқдан қаралганда инсонга худди қўлда тутиб турса ҳам бўладигандек кичик кўринади. Аммо ақл бу ҳолатни тўғрилаб, ўша предметлар узоқда жойлашгани учунгина кўзга мана шундек кичик кўринаётгани, аслида эса бу жисмлар мисли кўрилмаган тарзда баҳайбат ва улканлигини билдиради. Худди шунингдек, бирон жисм шаффоф идишдаги сувга солинса, синиқ кўринади. Бунда ҳам ақл кўзнинг хатосини тўғрилаб қўяди. Қолган аъзоларнинг ҳам иши шундай.

Демак, ақлнинг вазифаси моддий ҳиссиёт аъзолари унга узатаётган маълумотларни синчковлик билан ўрганиб, уни таҳлил қилиш ҳамда шу ақлнинг эгасини тўғри йўлга йўллаш экан. Аммо моддий ҳис-туйғу аъзолари узата олмайдиган маълумотларга келсак, бу борада ақл ожиздир. Хўш, моддий ҳис билиш аъзолари узата олмайдиган маълумотлар қандай маълумотлар? Нима деб ўйлайсиз?

Бу – динимизнинг аҳкомларидир! Ҳа, бу диндир. Диннинг ҳар бир ҳолати инсон ақлидан ташқарида бўлиб, бу борада инсон фақат ва фақат бунга иймон келтириши – ишониши, бўйсуниши ва унга таслим бўлиши зарурдир. Зотан, Исломнинг маъноси таслим бўлиш демакдир.

Инсоннинг маънавий ҳис-туйғулари ҳам шулар жумласидандир. Бошқача қилиб айтганда, бу инсоннинг руҳий ҳолатидир. Чунки руҳ Аллоҳга тегишли бўлиб, бу ҳақда инсоннинг ақли етадиган даражада маълумоти йўқдир. Айни пайтда, бу борада инсон ўзи мустақил равишда маълумот топишининг ҳам имкони йўқ.

Инсон руҳий ҳолатида ҳам нималаргадир эҳтиёж сезади. Аммо, динсиз турли бидъат-хурофотларга қоришиб кетади ёки ундан бутунлай юз ўгириб, маънавий аҳлоқсизлик жарига қулайди. Бугунги кунда бу сўзларимизга мисоллар келтириш ҳам ортиқчадир.

Юқоридаги сўзимизнинг тасдиғи учун энг оддий мисолларни келтириш кифоя.

Маълумки, дин беш устунга қурилган: иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж.

Иймон масаласини олсак, унда ҳам энг оддий нарсани мисол қилайлик. Роббимиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исми зоти бўлмиш лафзи жалола –«Аллоҳ» исмидир.

Агар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятнинг ҳидояти учун набийлар ва расулларни юбориб турмаганида, уларга дин ҳақида маълумотлар бермаганида, инсон ушбу энг оддий нарсани – ўзини яратган Роббининг исми нима эканини қаердан билар эди? Иймоннинг қолган масалалари ҳақида тўхтаб турамиз. Ер юзидаги барча донишмандаларни бир жойга тўплаб, уларга минг йил, миллион йил имконият берилса ҳам, Роббининг исми «Аллоҳ» эканини топа олмайдилар. Шунинг учун ҳам ер юзида бугунгача қанча сохта ақийдалар, бидъат-хурофотлар, бут-санамлар ўйлаб топилган бўлмасин, уларнинг биронтасида бу дунёни яратган Парвардигорнинг исми Аллоҳ эканини топмайсиз. Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

 

رَبُّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا فَاعْبُدْهُ وَاصْطَبِرْ لِعِبَادَتِهِ هَلْ تَعْلَمُ لَهُ سَمِيًّا

«У осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Роббидир. Бас, Унга ибодат қил ва Унинг ибодатида сабрли бўл. Унга отдошни билурмисан?»

(Марям сураси, 65-оят).

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятни тўғри йўлга йўллаб, ҳидоят қилишни ирода қилиб, кетма-кет набийлар, расулларни юборди ва улар орқали инсониятга Ўзини таништирди. Қуйидаги ояти-карималарда бунга очиқ-ойдин гувоҳ бўламиз:

 

إِنَّنِي أَنَا اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدْنِي وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي

«Албатта, Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт».

(Тоҳа сураси, 14-оят).

 

يَا مُوسَى إِنَّهُ أَنَا اللَّهُ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

«Эй Мусо! Албатта, бу Менман! Ўта иззатли, ўта ҳикматли Аллоҳман!»

(Намл сураси, 9-оят).

 

فَلَمَّا أَتَاهَا نُودِيَ مِنْ شَاطِئِ الْوَادِ الْأَيْمَنِ فِي الْبُقْعَةِ الْمُبَارَكَةِ مِنَ الشَّجَرَةِ أَنْ يَا مُوسَى إِنِّي أَنَا اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ

«Бас, унинг олдига етиб келганида, водийнинг ўнг томонидан, муборак жойдан, дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, албатта, Мен оламларнинг Робби – Аллоҳдирман».

(Қасос сураси, 30-оят).

 

إِنَّ رَبَّكُمُ اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ يُغْشِي اللَّيْلَ النَّهَارَ يَطْلُبُهُ حَثِيثًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ وَالنُّجُومَ مُسَخَّرَاتٍ بِأَمْرِهِ أَلَا لَهُ الْخَلْقُ وَالْأَمْرُ تَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ

«Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршга истиво қилган, кечани кундузга қоплаб, – у уни шошилиб қувлайди – қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амри ила бўйсундирилган қилиб (яратган) Аллоҳдир. Огоҳ бўлинг, яратиш ва амру тадбир Унинг Ўзига хосдир. Оламларнинг Робби – Аллоҳ баракотли, улуғдир».

(Аъроф сураси, 54-оят).

 

إِنَّ رَبَّكُمُ اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ يُدَبِّرُ الْأَمْرَ مَا مِنْ شَفِيعٍ إِلَّا مِنْ بَعْدِ إِذْنِهِ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ

 

«Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнг Аршга истиво қилган Аллоҳдир. У ишнинг тадбирини қиладир. Ҳеч бир шафоатчи бўлмас, магар Унинг изнидан сўнг бўлур. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар. Ўйлаб кўрмайсизларми?!»

(Юнус сураси, 3-оят).

 

ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ فَاعْبُدُوهُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ

 

«Ана ўша Аллоҳ сизнинг Роббингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ҳар бир нарсанинг Яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинг. У ҳар бир нарса узра вакилдир!»

(Анъом сураси, 102-оят).

 

اللَّهَ رَبَّكُمْ وَرَبَّ آَبَائِكُمُ الْأَوَّلِينَ

«Ўз Роббингизни ва аввалги ота-боболарингизнинг Робби – Аллоҳни‑я?!»

(Соффот сураси, 126-оят).

 

اللَّهُ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ قَرَارًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَصَوَّرَكُمْ فَأَحْسَنَ صُوَرَكُمْ وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ فَتَبَارَكَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ

«Аллоҳ сизга ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг суратларингизни гўзал суратда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, оламларнинг Робби – Аллоҳ баракотли бўлди».

(Ғофир сураси, 64-оят).

 

Бу каби маънодаги оятларни Қуръони каримда жуда кўплаб учратиш мумкин. Унинг барчаси бир маънони ифода этади. У ҳам бўлса, бу борлиқнинг яратувчиси, ишларини тадбир қилувчиси борлиги ва барча махлуқотлар У Зотга муҳтожлигини, У Зотнинг Ўзиганина талпиниши, паноҳига қочиши лозимлигини билдиради.

Намозни ҳам мисол қилсак, биргина бомдод намозининг вақти, ракъатларининг адади, кўриниши ҳамда ундаги қироатлару дуоларнинг ўзини олсак, қай бир ақлли киши буни ўйлаб топиши мумкин? Закот ҳам худди шундай. Нима учун нисоб айнан 85 грамм тиллага тенг деб белгиланган? Нима учун мол-мулкнинг айнан қирқдан бир улуши закот қилиб берилади? Нега бундан кам ёки кўп эмас. Рўза ҳам шундай. Нима учун айнан Рамазонда, айнан шу кўринишда рўза тутилади? Нега Рамазондан бошқа ойларда ва бошқача кўринишда бўлса, рўза ҳисобга ўтмайди. Ҳаж ҳам шундай. Нега айнан Маккага бориш керак ва ҳоказо.

Шунинг учун ҳам ақийда уламолари дин етиб бормаган кишилар борасида ҳам шу маъноларни эътиборга олган ҳолда фатволар беришган. Бу фатволарга кўра, дин етиб бормаган жойлардаги одамлар бу борлиқнинг Яратувчиси бор эканини, Унинг бир Зот эканини ҳамда коинотнинг барча ишларини У Зот бошқариб туришини билса, шунинг ўзи кифоядир. Бунда улар Парвардигорини «У Зот» дейдими, «Олий Куч» дейдими ёки «Буюк Онг» дейдими ёхуд бошқача айтадими, фарқи йўқ. Ўзининг тушунчасида шу маънони ифода қиладиган сўз бўлса бўлди. Бундай кишилар аҳли фитрат дейилади. Қиёмат куни улардан иймон, намоз, закот, рўза, ҳаж, савоб-гуноҳ, ҳалол-ҳаром каби инсон ўз ақли билан топа олмайдиган масалалар ҳақида сўралмайди.

Демак, шу фатводан маълум бўладики, инсониятга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан дин-диёнат ҳақида ҳеч нарса келмаган бўлганида ҳам, инсон ўзини яратган Роббнинг бор ва бир эканини, барча ишларнинг тадбирини У Зот бошқаришини билиши лозимлиги ҳақида масъул экан.

Бу ва шу каби бошқа мисолларни келтиришдан мақсад диннинг инсон ақлидан ташқари нарса эканини тушунтиришдир. Инсон Аллоҳнинг ёрдамисиз, ўз ақли билан диний масалаларнинг энг оддий ҳолатларига ҳам жавоб топа олмаслигини англатишдир. Инсон динга ўз ақлий қарашларини аралаштирадиган бўлса, уни бузиб қўяди, холос.

Барча ишларини, хусусан диний ҳолатларни ҳам ақл тарозусига қўйиб ўлчайдиган ва шунга кўра хулоса қиладиган ғарбликлар ва уларга тобеъ бўлганларнинг биз мусулмонларни тушунмаслигига сабаб шудир.

Улар дин ишларига ақлни аралаштириш мумкин эмаслигини билишмайди,буни тушунишмайди ва тушунишни исташмайди. Бугунги кунда ҳал қилиниши лозим бўлган энг оғир, хатарли муаммоларидан бири шудир. Минг афсуслар бўлсинки, бу каби хатарли муаммолар ғарбликларни четлаб ўтмаганидек, биз мусулмонларга ҳам таҳдид солмоқда. Бугунги кунда диний салоҳияти бўлмай туриб, дин ишларига аралашаётган кимсалар жамиятнинг қайси табақасига мансуб бўлишидан қатъи назар, хоҳ сиёсатчи бўлсин, хоҳ тижоратчи бўлсин, хоҳ табиб, хоҳ муҳандис, ҳарбий ёки оддий ишчи бўлсин – ана шулар жумласидандир. Хусусан, ижтимоий тармоқларда ўз дунёқарашларидан келиб чиқиб, ўзининг шахсий фикрлари билан диний масалаларда сўз юритаётган, диний ҳолатларга баҳо берадиганлар (булар асосан илмда мустаҳкам бўлмаган ёшлардир) бироз ўзларини тийиб олсалар, ўзлари учун ҳам, қолган мусулмонлар учун ҳам айни муддао бўлар эди. Ҳали сиёсат соҳасида, ҳали тижорат, ҳали оила масалаларида бўлсин, билиб-билмай ўзларича фатволар бериш, шахсий фикрларини баён этиш ҳолатлари кўп учраяпти. Айниқса, «Менимча, мана бундай бўлгани яхшироқ эди» қабилидаги «менимча»лардан сақланиш лозимдир.

Ким бўлишидан қатъи назар, инсон учун дин ишлари даҳлсиз эканини тушуниш лозим. Дин ишларига ақлнинг даҳли йўқлигини, бунга фақат иймон келтириш, бўйсуниш ва таслим бўлиш лозим ва лобуд эканини англаш керак. Айни шу ҳақда ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан келган ривоятни имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ўз «Сунан»ида келтирган:

 

حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ الْعَلاَءِ حَدَّثَنَا حَفْصٌ - يَعْنِى ابْنَ غِيَاثٍ - عَنِ الأَعْمَشِ عَنْ أَبِى إِسْحَاقَ عَنْ عَبْدِ خَيْرٍ عَنْ عَلِىٍّ - رضى الله عنه - قَالَ لَوْ كَانَ الدِّينُ بِالرَّأْىِ لَكَانَ أَسْفَلُ الْخُفِّ أَوْلَى بِالْمَسْحِ مِنْ أَعْلاَهُ وَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَمْسَحُ عَلَى ظَاهِرِ خُفَّيْهِ.

 

Алий розияллоҳу анҳу айтади:

«Агар дин ақл билан бўлганида, маҳсининг устидан кўра остига масҳ тортиш тўғрироқ бўлар эди. Ваҳоланки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳсилари устига масҳ қилаётганларини кўрдим».

Чаҳорёрлардан бири ўрни келганида динни ақл тарозусига солиб иш тутишдан қайтаряптилар. Буни яна ҳам қувватлаш учун яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобига мурожаат қиламиз ва қуйидаги ояти-карималарни топамиз:

 

إِنَّمَا كَانَ قَوْلَ الْمُؤْمِنِينَ إِذَا دُعُوا إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ لِيَحْكُمَ بَيْنَهُمْ أَنْ يَقُولُوا سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ (51) وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَخْشَ اللَّهَ وَيَتَّقْهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْفَائِزُونَ (52)

«Албатта, мўминларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига ораларида (У Зот) ҳукм чиқариши учун чорланганларидаги гаплари «Эшитдик ва итоат қилдик», дейишлари бўлди, холос. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшалар – ўзлари ютуққа эришувчилардир».

(Нур сураси, 51-52-оят).

 

وَلَمَّا رَأَى الْمُؤْمِنُونَ الْأَحْزَابَ قَالُوا هَذَا مَا وَعَدَنَا اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَصَدَقَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَمَا زَادَهُمْ إِلَّا إِيمَانًا وَتَسْلِيمًا

«Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», – дедилар. Бу уларга иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади».

(Аҳзоб сураси, 22-оят).

 

قُلْ أَطِيعُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْكَافِرِينَ

«Айт: «Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кофирларни севмас».

(Оли Имрон сураси, 32-оят).

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَا تَوَلَّوْا عَنْهُ وَأَنْتُمْ تَسْمَعُونَ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилингиз ва эшитиб туриб, Ундан юз ўгириб кетмангиз».

(Анфол сураси, 20-оят).

 

Ушбу ояти-карималардан юқоридаги сўзимизнинг айни тасдиғини топамиз. У ҳам бўлса, дин ишларига ақлни дахл қилмай, унга иймон келтириш, бўйсуниш ва таслим бўлиш лозимлигидир.

Демак, диний масалаларда келган ҳукмларга фақат таслим бўлиш, бўйсуниш ва эргашиш лозим бўлар экан. Жуда кўп ояти карималарда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айнан мана шу ҳақда марҳамат қилади:

 

وَهَذَا كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Биз нозил қилган бу Китоб муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар».

(Анъом сураси, 155-оят).

 

 

اتَّبِعُوا مَا أُنْزِلَ إِلَيْكُمْ مِنْ رَبِّكُمْ وَلَا تَتَّبِعُوا مِنْ دُونِهِ أَوْلِيَاءَ قَلِيلًا مَا تَذَكَّرُونَ

«Сизларга Роббингиздан нозил қилинган нарсага эргашинглар! Ундан бошқа дўстларга эргашманглар. Қанчалар оз эслатма оласизлар-а?!»

(Аъроф сураси, 3-оят).

 

وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلَا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

 

«Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни Унинг йўлидан ажратурлар. Ушбуларни сизга тавсия қилдикки, шояд, тақво қилсангиз».

(Анъом сураси, 153-оят).

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу йўлга эргашмаган қавмларнинг нотўғри йўлда эканини таъкидлаб, яна бир қанча ояти-карималарда шундай дейди:

 

وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنْزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آَبَاءَنَا أَوَلَوْ كَانَ آَبَاؤُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ شَيْئًا وَلَا يَهْتَدُونَ

 

 «Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», – дейилса, «Йўқ! Балки биз ота-боболаримизни нимада топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», – дерлар. Ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоятга юрмаган бўлсалар ҳам-а?!»

(Бақара сураси, 170-оят).

 

وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنْزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آَبَاءَنَا أَوَلَوْ كَانَ الشَّيْطَانُ يَدْعُوهُمْ إِلَى عَذَابِ السَّعِيرِ

«Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», – дейилса, «Йўқ! Оталаримизни ниманинг устида топсак, ўшанга эргашурмиз», – дерлар. Агар шайтон уларни ловуллаган олов азобига чақираётган бўлса ҳам-а?!»

(Луқмон сураси, 21-оят).

 

Шу ўринда бир нуқтага ойдинлик киритиш лозим. Бу – дин ишлари бўйича гапиришга кимлар ҳақлилиги, бу борада кимларга эргашиш лозимлигидир.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг салафларимиздан бўлган Муҳаммад ибн Сийриндан қилган ривояти бунга далил бўлади:

 

حَدَّثَنَا حَسَنُ بْنُ الرَّبِيعِ حَدَّثَنَا حَمَّادُ بْنُ زَيْدٍ عَنْ أَيُّوبَ وَهِشَامٍ عَنْ مُحَمَّدٍ وَحَدَّثَنَا فُضَيْلٌ عَنْ هِشَامٍ قَالَ وَحَدَّثَنَا مَخْلَدُ بْنُ حُسَيْنٍ عَنْ هِشَامٍ عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ قَالَ إِنَّ هَذَا الْعِلْمَ دِينٌ فَانْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ دِينَكُمْ.

 

«Бу илм – диндир. Уни кимдан олаётганингизга назар солинг!»

Демак, диний масалалар дуч келган одамдан олинавермас экан. Диний масала айтаётган киши бу илмларни ҳамма учун маъруф бўлган олим кишилардан олган бўлиши ҳамда улардан бунга ижозат – рухсат олган бўлиши лозим.

Ҳозирда бутун дунё олийгоҳларида талабаларнинг битирув кечасида дипломлар топширишни ҳам илк бор бизнинг ота-боболаримиз жорий қилишган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, диний масалалар нозик ва хатарли бўлгани боис, буни яхши англаган салафларимиз бу илмни яхши ўзлаштирган шогирдларигагина уни тарқатишга ёзма ижоза – рухсат беришган. Бу илмни яхши ўзлаштира олмаган кишиларга бундай ижозалар берилмаган ва ўз-ўзидан улар бу соҳада мутахассис ҳисобланишмаган ва улардан бу борада савол сўралмаган.

Бу каби олимларда таҳсил олмаган ва табиийки, ижозалари бўлмаган кишиларнинг бугунги кунда тинмай фатволар беришларига нима ҳам дейиш мумкин? Фатво беришга лойиқ бўлиш учун қанча илмни ўзлаштириш лозимлиги ҳақида зеҳнимизда оз бўлса-да, маърифат чироғини ёқиш умидида қуйидаги ривоятни келтирамиз:

 

سمعت أبا علي الحافظ: سمعت محمد بن المسيب الارغياني، سمعت أبا علي الضرير يقول: قلت لاحمد بن حنبل: كم يكفي الرجل من الحديث للفتوى ؟ مئة ألف ؟ قال: لا. قلت: مئتا ألف ؟ قال: لا. قلت: ثلاث مئة ألف ؟ قال: لا. قلت: أربع مئة ألف ؟ قال: لا. قلت: خمس مئة ألف ؟ قال: أرجو.

 

Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Сияру аъломун-нубала» асарида шундай дейди:

Абу Алий Зарир айтади: «Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: «Фатво учун кишига қанча ҳадис етарли бўлади? Юз мингтами?» дедим. «Йўқ!» деди. «Икки юз мингтами?» дедим. «Йўқ!» деди. «Уч юз мингтами?» дедим. «Йўқ!» деди. «Тўрт юз мингтами?» дедим. «Йўқ!» деди. Мен: «Беш юз мингтами?», деган эдим, у: «Умид қиламан», деди.

Юқорида ақлнинг динга дахли йўқ дедик. Аммо бу сўзни нотўғри тушунишдан эҳтиёт бўлиш керак, яъни ақлга умуман таянмаган ҳолда, кўр-кўрона иш қилишдан сақланиш лозим. Ақлнинг динда қай даражада аҳамияти бор эканини билиш учун қуйидаги ривоятларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

 

شعب الإيمان - (6 / 349)

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « لَمَّا خَلَقَ اللهُ الْعَقْلَ قَالَ لَهُ: قُمْ، فَقَامَ، ثُمَّ قَالَ: لَهُ أَدْبِرْ، فَأَدْبَرَ، ثُمَّ قَالَ لَهُ: أَقْبِلْ، فَأَقْبَلَ، ثُمَّ قَالَ لَهُ: أُقْعُدْ، فَقَعَدَ، ثُمَّ قَالَ لَهُ: مَا خَلَقْتُ خَلْقًا هُوَ خَيْرٌ مِنْكَ، وَلَا أَفْضَلُ مِنْكَ، وَلَا أَحْسَنُ مِنْكَ، بِكَ آخُذُ، وَبِكَ أُعْطِي، وَبِكَ أُعْرَفُ، وَبِكَ أُعَاقِبُ، وبِكَ الثَّوَابُ، وَعَلَيْكَ الْعِقَابُ

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ ақлни яратганида унга: «Тур!» деди, у турди. Сўнг: «Ўгирил!» деди, у ўгирилди. Сўнг: «Юзлан!» деди, у юзланди. Сўнг: «Ўтир!» деди, у ўтирди. Сўнг унга: «Сендан кўра яхшироқ, афзалроқ ва чиройлироқ бўлган биронта махлуқот яратмадим. Сен сабабли ушлайман, сен сабабли ато бераман, сен сабабли таниламан, сен сабабли уқубатга соламан, сен сабабли савоб бераман. Уқубат ҳам сенгадир», деди.

 

شعب الإيمان - (6 / 351)

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « إِنَّ الرَّجُلَ لِيَكُونُ مِنْ أَهْلِ الصَّلَاةِ وَالصَّوْمِ وَالزَّكَاةِ وَالْحَجِّ وَالْعُمْرَةِ حَتَّى ذَكَرَ سِهَامَ الْخَيْرِ كُلَّهَا، وَمَا يُجْزَى يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِلَّا بِقَدْرِ عَقْلِهِ».

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоя қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта, киши намоз, рўза, закот, ҳаж ва умра аҳлидан бўлади – ҳатто, яхшилик улушларининг барчасини зикр қилдилар – аммо қиёмат куни эса ақлининг миқдорига кўра мукофот олади».

 

شعب الإيمان - (6 / 352)

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ قُرَّةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « النَّاسُ يَعْمَلُونَ بِالْخَيْرِ، وَإِنَّمَا يُعْطَوْنَ أُجُورَهُمْ عَلَى قَدْرِ عُقُولِهِمْ

 

Муовия ибн Қурра розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар яхшилик қилаверадилар. Ажрларини эса ақллари миқдорига кўра оладилар», дедилар.

Юқоридаги ушбу ривоятлардан бироз бўлса-да, ақлнинг диндаги аҳамияти ҳақида маълумот олдик. Аммо унинг зарурати, нима учун кераклиги ҳақида қуйидаги ривоятларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

 

شرح السنة (احاديث فقط) - (1 / 981)

عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : الْكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ، وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ الْمَوْتِ ، وَالْعَاجِزُ مَنِ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَوَاهَا ، وَتَمَنَّى عَلَى اللَّهِ.

هَذَا حَدِيثٌ حَسَنٌ.

 

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ўз нафсини динга юргизган ва ўлимдан кейини учун амал қилган киши ҳақиқий донодир. Нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳга орзулар қилган киши эса ҳақиқий ожиздир».

 

شعب الإيمان - (6 / 369(

قَالَ سُفْيَانُ بْنُ عُيَيْنَةَ: «لَيْسَ الْعَاقِلُ الَّذِي يَعْرِفُ الْخَيْرَ وَالشَّرَّ، إِنَّمَا الْعَاقِلُ إِذَا رَأَى الْخَيْرَ اتَّبَعَهُ، وَإِذَا رَأَى الشَّرَّ اجْتَنَبَهُ

 

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Яхшилик ва ёмонликнинг ўзинигина биладиган киши оқил эмас. Яхшиликни кўрса, унга эргашадиган ва ёмонликни кўрса, ундан четланадиган кишигина оқилдир».

 

شعب الإيمان - (6 / 370)

وَسَمِعْتُ ذَا النُّونِ، يَقُولُ: « اعْلَمُوا أَنَّ الْعَاقِلَ يَعْتَرِفُ بِذَنْبِهِ، وَيُحِسُّ ذَنْبَ غَيْرِهِ، وَيَجُودُ بِمَا لَدَيْهِ، وَيَزْهَدُ فِيمَا عِنْدَ غَيْرِهِ، وَيَكُفُّ أَذَاهُ وَيَحْتَمِلُ الْأَذَى عَنْ غَيْرِهِ

 

Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Билингларки, ҳақиқий оқил – ўз гуноҳини эътироф этган, бошқанинг гуноҳини ҳис қилган, ҳузуридаги борини бериб, сахийлик қиладиган, бошқанинг ҳузуридагидан зуҳд қиладиган, азият беришдан тийиладиган ва бошқаларнинг азиятини кўтарадиган кишидир».

Шунингдек, бу борада хотимаси мушк бўладиган салафларимизнинг қуйидаги сўзларини ҳам эътиборингизга ҳавола қиламиз:

 

كما نقل ذلك المطهر بن طاهر المقدسي في كتابه البدء والتاريخ، حيث قال: ورُوينا عن كعب أنّه قال: ركب الله في الملائكة العقل بلا شهوة، وفي البهائم الشهوة بلا عقل، وفي ابن آدم كليهما، فمن غلب عقله شهوتَه فهو خير من الملائكة، ومن غلب شهوتُه عقلَه، فهو شرٌّ من البهائم.

 

Имом Тоҳир Мақдисий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-бадъу ват-тарийх» асарида шундай дейди:

«Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ фаришталарни шаҳватсиз, ақл билан яратди. Ҳайвонларни ақлсиз, шаҳват билан яратди. Одамзотни эса шу иккиси билан яратди. Бас, кимнинг ақли шаҳватидан ғолиб келса, у малоикалардан яхшидир. Кимнинг шаҳвати ақлидан ғолиб келса, у ҳайвондан ҳам ёмондир».

Демак, диний масалаларда ақлнинг зарурати шаҳватларга берилиб, Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқиб қолишнинг ва бу билан Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлишнинг олдини олиш экан. Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзларини доимо эслаб юришимиз лозим:

 

وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنِ اتَّبَعَ هَوَاهُ بِغَيْرِ هُدًى مِنَ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ

«Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам адашганроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».

(Қасос сураси, 50-оят).

 

Зуфаржон Шосалимов

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
848. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унга шундай айтиб берган .Биз ғорда турганимизда бошимиз тепасидаги давоми...

1580 19:00 / 17.02.2023
758. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки давоми...

1675 19:00 / 19.08.2022
Аллоҳнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтирмайдиган кишиларга илмий ва моддийМУРОЖААТ Шунинг учун биз қулоғи оғир бўлган барча давоми...

3454 19:01 / 28.04.2017
439. Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлади. Шу давоми...

2413 13:00 / 27.11.2020
Аудиолар

118787 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар