Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (206-дарс) Жиннинг имкониятлари инсонникига нисбатан кўпроқми? (бешинчи мақола)

00:00 / 07.12.2022 1922 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

11. Жинлар турли шаклларга, мисол учун, илон шаклига кириш имконига эгадирлар. Бу ҳақиқат ҳадиси шарифларда собит бўлган.

وَفِي رِوَايَةٍ: «إِنَّ بِالْمَدِينَةِ نَفَرًا مِنَ الْجِنِّ قَدْ أَسْلَمُوا، فَمَنْ رَأَى شَيْئًا مِنْ هَذِهِ الْعَوَامِرِ فَلْيُؤْذِنْهُ ثَلاَثًا، فَإِنْ بَدَا لَهُ بَعْدُ فَلْيَقْتُلْهُ، فَإِنَّهُ شَيْطَانٌ». 
وَفِي رِوَايَةٍ: «إِنَّ لِهَذِهِ الْبُيُوتِ عَوَامِرَ، فَإِذَا رَأَيْتُمْ شَيْئًا مِنْهَا فَحَرِّجُوا عَلَيْهَا ثَلاَثًا، فَإِنْ ذَهَبَ وَإِلاَّ فَاقْتُلُوهُ، فَإِنَّهُ كَافِرٌ». رَوَاهُمَا اْلأَرْبَعَةُ.

Бир ривоятда:
«Албатта, Мадинада жинлардан бир гуруҳи Исломга келган эдилар. Ким ушбу уйларда яшовчи(илон)ларни кўрса, уч марта изн берсин. Агар ундан кейин ҳам кўринса, ўлдирсин! Чунки у албатта, шайтондир», дейилган.
 
Бошқа бир ривоятда:

«Албатта, бу уйларнинг обод қилувчилари бордир. Улардан бирортасини кўрсангиз, уни уч марта огоҳлантиринг. Кетса, кетди. Бўлмаса, ўлдиринг! Чунки у кофирдир», дейилган.

Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар.

Қадимда кишилар яшайдиган уйлар табиий ҳолатга жуда яқин бўлган. Оддий ва содда бўлиши билан бирга, ҳамма ёғи беркитиб ташланмаган ҳам. Шунинг учун ҳам турли жониворларнинг кириб-чиқиши, баъзиларининг деворлар орасида, шифтда ёки бошқа жойларда яшаб қолиши ҳам оддий ва табиий бир ҳолат бўлган. Яқин-яқинларгача бу ҳолат бор ва кўп эди. Ҳозир ҳам баъзи чет жойларда бўлиши мумкин. Ушбу ҳадисда ана ўша ҳолдаги илонларга бўладиган муносабат ҳақида сўз кетмоқда.

Нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларда бўладиган илонларни аввал уч марта огоҳлантиришга амр қилдилар?

Бу саволга ривоятда келган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари жавоб бўлади:

«Албатта, Мадинада жинлардан бир гуруҳи Исломга келган эдилар. Ким ушбу уйларда яшовчи(илон)ларни кўрса, уч марта изн берсин. Агар ундан кейин ҳам кўринса, ўлдирсин! Чунки у албатта, шайтондир».

Демак, Мадинада Исломга келган ўша жинлар илон шаклида баъзи бир уйларда пайдо бўлиши мумкин экан. Илонни уйда кўрган одам уни дарҳол ўлдирса, ўша мусулмон жинлардан бирини ўлдириб қўйиш эҳтимоли бор экан.

Агар инсон илонни уйда кўрганидан кейин огоҳлантирса, ўша илон мусулмон жин бўлса, у ердан кетар, қайтиб кўринмас экан. Аммо уч марта огоҳлантиргандан кейин ҳам келаверса, мусулмон жин эмас, ҳақиқий илон бўлар ва уни ўлдирса, жоиз экан.

Уйда бўладиган илонлардан икки хилини: думи кесик ва ортида икки қора чизиғи борини огоҳлантирмай ўлдираверишнинг нима ҳикмати бор?

Афтидан, мусулмон жинлар ўша васфга эга илон шаклига кирмасалар керак. Қолаверса, илонларнинг мазкур икки тури кўзни кўр қилар, ҳомилани туширар экан.

Улар ўта заҳарли, тезкор ва одамга ҳамла қиладиган бўлиб, инсоннинг кўзига қараб сапчир эканлар. Эҳтиёт бўлмаган одамнинг кўзи зарар топиши мумкин экан. Шунингдек, у илонларнинг даҳшатидан қўрққан ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласи тушиб кетиш эҳтимоли ҳам кучли экан.

عَنْ أَبِي لَيْلَى رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ عَنْ حَيَّاتِ الْبُيُوتِ فَقَالَ: «إِذَا رَأَيْتُمْ مِنْهُنَّ شَيْئًا فِي مَسَاكِنِكُمْ فَقُولُوا: أَنْشُدُكُنَّ الْعَهْدَ الَّذِي أَخَذَ عَلَيْكُنَّ نُوحٌ، أَنْشُدُكُنَّ الْعَهْدَ الَّذِي أَخَذَ عَلَيْكُنَّ سُلَيْمَانُ أَنْ لَا تُؤْذُونَا، فَإِنْ عُدْنَ فَاقْتُلُوهُنَّ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Абу Лайло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйлардаги илонлар ҳақида сўралдилар. Бас, у зот:
«Агар улардан бирортасини масканларингизда кўрсангиз, «Нуҳ сиздан олган аҳднома ҳурмати, Сулаймон сизлардан олган аҳднома ҳурмати, бизга озор бермаслигингизни сўрайман», десин. Яна қайтиб келсалар, уларни қатл қилинглар», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда ҳам уйлардаги илонлар мусулмон жинлар бўлиши эҳтимоли риоя қилингани кўриниб турибди.
Демак, улар уйда кўрилганда, боболари Нуҳ ва Сулаймон алайҳиссаломларга берган аҳдномани эсларига солмоқ керак экан. Бундан Нуҳ алайҳиссалом жинларни нажот кемасига чиқаришдан олдин улардан одам боласига ёмонлик қилмаслик ҳақида аҳднома олганликлари маълум бўлади.

Шунингдек, Сулаймон алайҳиссалом ҳам ўзларига жинлар хизматкор қилиб берилганда, одам болаларига ёмонлик қилмаслик ҳақида улардан аҳднома олганликлари билинади.

Демак, уйда илон кўрган одам ўша аҳдномаларни эслатганда ўша кўринган нарса мусулмон жин бўлса, озор етказмайди ва қайта кўринмайди. Агар ўша кўринган нарса мусулмон жин эмас, оддий илон бўлса, яна кўринади ва уни ўлдираверса бўлади.


«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАлҳамдулиллаҳи роббил аъламийн, ассолату вассаламу ала хойри холқиҳи Муҳаммад ва ала алиҳи асмаъиҳи ажмаъийнhellipМаълумки, истиво давоми...

8260 23:14 / 02.12.2016
7. Фаришталарга руҳларни қабз қилиш вазифаси юкланган. Аллоҳ таоло Анъом сурасида .Ниҳоят, бирортангизга ўлим келганда, элчиларимиз камчиликка йўл давоми...

2115 00:00 / 25.10.2022
Қуръондан далиллар.Унинг юзидан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир, Қосос сураси, 88оят.Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир, Оли Имрон сураси, 185оят.Агар икковлари давоми...

4593 13:36 / 18.05.2020
Бундан аввалги илоҳиёт қисмида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифати билан яқиндан танишиб чиқдик. У зотнинг Биру Борлиги, Ҳозиру Нозирлиги, Қодиру Ҳакимлиги, Алийму давоми...

5758 23:08 / 02.12.2016
Аудиолар

118744 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40704 14:35 / 11.08.2021