Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганлар | Сийрат дарслари (305-дарс)

19:00 / 01.11.2024 2256 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

525. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасамлари «Лаа ва Муқаллибал қулуби» эди».

Бухорий ривоят қилган.

«Лаа ва Муқаллибал қулуби» – «Йўқ, қалбларни айлантириб турувчи Зот ила қасам» дегани.

526. Жуҳайналик аёл Қутайла розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир яҳудий келиб: «Сизлар тенгдош қиласизлар, сизлар ширк келтирасизлар, «Машааллоҳу ва шеъта» дейсизлар, «Вал Каъбати» дейсизлар», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга (саҳобаларга) қачон онт ичмоқчи бўлишса: «Ва Роббил Каъбати!» дейишни ва «Машааллоҳу, сумма шеъта» дейишни амр қилдилар».

Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган.

«Машааллоҳу ва шеъта» – Аллоҳ ва сен истасанг.
«Вал Каъбати» – Каъба билан қасам.
«Ва Роббил Каъбати!» – Каъбанинг Робби ила қасам.
«Машааллоҳу, сумма шеъта» – Аллоҳ ва сўнгра сен истасанг.

527. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарнинг бир гуруҳ отлиқлар ичида отаси ила қасам ичаётганини билиб қолдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Огоҳ бўлинглар! Аллоҳ сизларни оталарингиз ила қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ ила қасам ичсин, бўлмаса, жим турсин», деб нидо қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

528. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мусулмон кишининг молини ноҳақ равишда олиш учун қасам ичса, Аллоҳга рўбарў бўлганда У зот ундан ғазабланган ҳолда бўлади», дедилар.

Абдуллоҳ айтади: «Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўшанинг тасдиғини Аллоҳнинг Китобидан қироат қилдилар: «Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга, охиратда асло насиба йўқдир».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай келган: «Сўнгра Ашъас ибн Қайс олдимизга чиқди ва: «Абу Абдурроҳман сизларга нимани айтиб беряпти?» деди. Биз унга айтдик. Шунда у: «Рост айтибди. Аллоҳга қасамки, бу мен ҳақимда нозил бўлган. Мен билан бир киши орамизда қудуқ бўйича хусумат бор эди. Талашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик. Шунда Расулуллоҳ: «Сенинг икки гувоҳинг ёки унинг қасами», дедилар. «Агар бундай бўлса, у қасам ичаверади, парво қилмайди», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир молга эришиш учун ёлғон қасам ичса, Аллоҳга рўбарў бўлганда У зот ундан ғазабланган ҳолда бўлади», дедилар. Сўнг Аллоҳ бунинг тасдиғини нозил қилди. Сўнгра ушбу оятни қироат қилди: «Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга...»

Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг адолати исботи Ислом ақидасининг дуруст бўлиши учун лозимотлардан биридир.Моликий усул имомларининг улуғларидан бири давоми...

6171 20:03 / 26.03.2018
285. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аёлларидан бири бир идишдан ғусл қилишар эди,. Бухорий ривоят давоми...

4185 19:00 / 30.09.2023
84. Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга хачир ҳам, ажамий от ҳам минмай келдилар,.Бухорий ривоят қилган. 85. Анас давоми...

7392 15:00 / 22.12.2018
240. Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади .Мен бу кишини Алийни ирода қилиб, йўлга чиқдим. Абу Бакра учраб қолди ва .Эй Аҳнаф, қаёққа, деди. .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3099 19:00 / 08.07.2023