Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (164-дарс) Исломда либосга эътибор

17:00 / 17.12.2021 4559 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

600. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб Шом томон (йўлга) чиқди. У Сарғга етганда, унга Ажноднинг аҳлидан Абу Убайда Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрашди ва Шомда вабо тарқаганининг хабарини беришди. Шунда Умар Ибн Аббосга: «Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», деди. Мен уларни чақириб келдим. У уларга маслаҳат солди. Улар эса ихтилоф қилишди. Баъзилари: «Сен (маълум) бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», дейишди. Бошқалари эса: «Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бор. Уларни манави вабога олиб боришингни маслаҳат бермаймиз», дейишди. Умар: «Олдимдан кетинглар!» деди-да, сўнгра: «Менга ансорийларни чақириб юбор», деди. Мен уларни чақириб келдим. Шунда уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутишди. Уларга ҳам: «Олдимдан кетинглар!» деди-да, сўнгра: «Менга ҳов анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», деди. Уларни чақириб келдим. Улардан иккитаси ҳам ихтилоф қилмади. Улар: «Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо (чиққан) томонга олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», дейишди. Умар одамлар орасида жар чақиртириб: «Мен тонг чоғи йўлга отланаман», деди. Шунда Абу Убайда: «Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди. Умар унга: «Шуни сендан бошқаси айтса бўлмасмиди? (Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.) Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлсаю, улар иккига бўлинган бир водийга тушсалар, бўлакларнинг бири серҳосил бўлсаю, бошқаси қуп-қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари билан боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари билан боқасан. Шундай эмасми?!» деди. Шу пайт Абдурроҳман ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари билан кетган эди. У: «Бу ҳақда менда илм бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Унинг (вабонинг) бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томонга борманг. Сизлар турган ерда у тарқаса, ундан қочиб чиқманг», деганларини эшитганман», деди. Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайтди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 

601. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилла узук (тақиш)дан қайтардилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

602. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Ҳузуримизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Сочлари тўзиб кетган, пала-партиш бир одамни кўриб қолиб: «Манави сочини тартибга соладиган нарса топса бўлмасмиди?» дедилар. Бошқа бир кишининг кийимлари кир эканини кўриб қолиб: «Манави кийимини ювадиган нарса топса бўлмасмиди?» дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
417. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гапсўз ва ҳаракатлардан давоми...

3936 13:03 / 09.10.2020
473. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Қадр кечаси ҳақида хабар бериш учун чиқдилар. Шунда давоми...

3844 14:00 / 05.02.2021
707. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳнинг мавлолари Зайд ибн Ҳорисани Қуръоннинг .Уларни ўз оталари номи билан давоми...

5989 19:00 / 29.04.2022
852. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида турган эдим. Шунда у зот айтдилар .Эй давоми...

3576 19:00 / 25.02.2023
Аудиолар

212984 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар