Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

«Муъаввизатайни»ни ўқишнинг фазилати | Сийрат дарслари (329-дарс)

19:00 / 23 май 1530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

683. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қиёмат кунига ўз кўзи билан очиқ-ойдин назар солмоқчи бўлса, «Изаш-шамсу куввирот», «Изас-самааун фаторот» ва «Изас-самааун шаққот»ларни қироат қилсин», дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

684. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга бу кеча уларга ўхшаши менга сира нозил бўлмаган оятларни айтиб берайми? «Қул аъуузу бироббил фалақи» ва «Қул аъуузу бироббин-нааси», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай келган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сафарда етаклаб борардим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъуузу бироббил фалақи» ва «Қул аъуузу бироббин-нааси»ни ўргатдилар». Шунда у зот бу иккиси билан унча масрур бўлмаганимни кўрдилар. Бомдод намозига тушганларида одамларга иккисини қироат қилиб, бомдодни ўқиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлганларида менга қайрилиб қарадилар ва: «Эй Уқба! Нима дейсан?» дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳузайма, Ҳоким ривоят қилишган.

Бошқа ривоятда шундай дейилган: «Бир ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловларини етаклаб борардим. У зот менга: «Ҳой Уқба, айт», дедилар. Англамай, яна қулоқ солдим. «Ҳой Уқба, айт», дедилар. Англамай, яна қулоқ солдим. У зот учинчи марта айтдилар. Шунда мен: «Нимани айтай?» дедим. «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни», дедилар. Сўнг сурани қироат қилиб тугатдилар. Кейин «Қул аъуузу бироббил фалақи»ни қироат қилдилар. Мен ҳам у зот билан бирга қироат қилдим. У зот тугатдилар. Сўнгра «Қул аъуузу бироббин-нааси»ни қироат қилдилар. Мен ҳам у зот билан қироат қилдим. У зот тугатдилар. Кейин: «Ҳеч ким иккисичалик нарса билан паноҳ тиламаган», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

685. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар намознинг кетидан «муъаввизатайни»ни ўқишимга амр қилдилар».

Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

«Муъаввизатайни» – «Фалақ» ва «Нас» суралари.

686. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам бошқа бир кишининг кечаси «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қайтариб чиққанини эшитди. У тонг оттирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўшани зикр қилди ва уни писанд қилмагандек бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенгдир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
873. Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Ислом миллатидан бошқа нарса билан ёлғон қасам ичса, у ўзи давоми...

4147 19:00 / 31.03.2023
Йигирма тўртинчи суннат Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу давоми...

4514 20:00 / 22.07.2019
Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Расулуллоҳга саловот саломлар бўлсин, У зотнинг саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин.Биз мусулмонлар қанча фахрлансак арзийдики, Аллоҳ таоло давоми...

5939 19:11 / 28.04.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймМуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башарият ичидан Ўзига ҳабиб этиб давоми...

6697 20:07 / 28.04.2017
Аудиолар

213033 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар