Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сийрат дарслари (23-дарс)

13:45 / 08.03.2019 6014 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

* * *

155. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гуруҳ ашъарийлар билан келдим. Биз у зотдан улов беришларини сўрадик. Шунда у зот: «Аллоҳга қасамки, сизларга улов беролмайман. Менда сизга берадиган улов йўқ», дедилар.

Кейин Аллоҳ хоҳлаганича кутдик. Сўнгра у зотга туялар келтирилди. Бизга ўркачли учта оқ туя беришга амр қилдилар. Жўнаб кетаётиб бир-биримизга: «Аллоҳ бизга барака бермасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига улов беришларини сўраб келдик. У зот бизга улов бермасликка қасам ичдилар. Сўнгра бизга улов бердилар», дедик. Шунда у зотнинг ҳузурларига бориб, хабар беришди. Сўнг у зот: «Сизларга мен улов берганим йўқ, Аллоҳ сизларга улов берди. Мен, Аллоҳга қасамки, иншоаллоҳ, бир нарсага қасам ичмайман. Мабодо ичсам ҳам ундан яхшисини кўриб қолсам, қасамимнинг каффоротини бераман ва ўша яхши ишни қиламан», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 

* * *

156. Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорийлардан Абу Шуъайб исмли одам бор эди. Унинг гўшт сотадиган ғуломи бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрди ва юзларидан очликларини билди. У ғуломига: «Шўринг қурғур, бизга беш кишилик таом тайёрла, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни беш киши билан чақирмоқчиман», деди. Сўнг у (таом) тайёрлади. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, беш кишини чақирди. Уларга бир киши эргашиб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етганларида: «Мана бу бизга эргашиб келди. Истасанг, изн бер. Истамасанг, қайтиб кетади», дедилар». «Аммо мен изн бераман, эй Аллоҳнинг Расули», деди.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

 

* * *

157. Абдурроҳман ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади:

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бизга айтиб беришди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юришганда бир киши ухлаб қолибди. Баъзилари унинг арқонини олиб қўйибди. У чўчиб кетибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмонни чўчитиши ҳалол эмас», дебдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

 

* * *

 

158. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уникига тушдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам паст қаватга жойлашдилар. Абу Айюб тепада эди. Бир кеча Абу Айюб эслаб қолди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари устида юрибмиз», деди. Улар бир тарафга ўтиб, четда тунашди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Паст осонроқ», дедилар. «Сиз остида бўлган шифтнинг устига чиқмайман», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорига кўчдилар. Абу Айюб пастга тушди.

У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таом тайёрлар эди. Унинг олдига ўша таом келтирилса, у зотнинг бармоқлари ўрнини сўрар ва у зотнинг бармоқлари изини излар эди. Бир куни саримсоқли таом тайёрлади. Унинг ҳузурига (таом) қайтариб келинганида у зотнинг бармоқлари ўрнини сўради. Унга: «емадилар», дейишди. У чўчиб кетди ва у зотнинг ҳузурларига кўтарилиб: «У ҳаромми?» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ. Лекин мен уни ёқтирмайман», дедилар. «Албатта, мен ҳам сиз ёқтирмаган нарсани ёқтирмайман» ёки «ёқтирмадим», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келиб турарди».

Муслим ривоят қилган.

 

* * *

 

159. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У зотнинг устларида ҳошияси йўғон нажроний бурда бор эди. Бир аъробий у зотнинг йўлларини тўсиб, ридоларидан ушлаб қаттиқ силтади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйинларининг орт томонида кийимнинг изи чиқиб қолди. Сўнгра у: «Эй Муҳаммад! Менга ҳам ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан берилишига амр қил!» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бурилиб, унга қараб кулдилар ва унга ато беришга амр қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга муомалалари 133. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

6634 14:10 / 08.02.2019
780. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир саломга алик олиш, беморни давоми...

1897 00:00 / 05.11.2022
Ўн саккизинчи суннат Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бирлари бир катта тоғорадан ғусл давоми...

4294 20:40 / 29.05.2019
Келаси йили ҳаж мавсумида ваъдалашилган жойга ясрибликлардан ўн икки киши келишди. Яна Ақабада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишди. Шунда давоми...

8830 16:04 / 02.01.2018
Аудиолар

211064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар