Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қайси кун муқаддасроқ? | Сийрат дарслари (312-дарс)

19:00 / 27.12.2024 2145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

555. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Киши ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмайди ва ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмайди. Бир аёл аммасининг устига ва холасининг устига никоҳланмайди. Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб, ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, унга ҳам тақдир қилингани бўлур».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

556. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалолловчини ва ҳалоллатувчини лаънатладилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривоят қилишган.

557. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларининг қуръаси чиқса, ўшани ўзлари билан бирга олиб чиқар эдилар. Улардан ҳар бири учун хос кунини ва кечасини тақсим қилар эдилар. Фақат Савда бинт Замъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг розиликларини истаб, ўз кунини Оиша розияллоҳу анҳога ҳадя қилган эди».

Бухорий ривоят қилган.

558. Амр ибн Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида ҳозир бўлган. Шунда у зот Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, эслатдилар ва ваъз қилдилар. Сўнгра: «Қайси кун муқаддасроқ? Қайси кун муқаддасроқ? Қайси кун муқаддасроқ?» дедилар. «Ҳажжи акбар куни, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди одамлар. Шунда у зот айтдилар: «Албатта, қонларингиз, молларингиз, шаън-обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу юртингиз, шу ойингиз ҳурмати каби муқаддасдир. Огоҳ бўлинг! Жиноятчининг жинояти ўзига: ота боласига, бола отасига жиноят қилмайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Мусулмон киши учун биродарининг у кўнгилдан чиқариб берганидан ташқари бирор нарсаси ҳалол бўлмайди. Огоҳ бўлинг! Жоҳилият рибосининг ҳаммаси бекордир, сизларга сармояларингиз (қолади), холос, (шунда) зулм ҳам қилмайсизлар, сизларга ҳам зулм қилинмайди. Лекин Аббос ибн Абдулмуттолибнинг  рибосининг бари бекордир. Огоҳ бўлинг! Жоҳилиятдаги қонлар қиймати ҳам бекордир. Қонларимиздан биринчи бўлиб бекор қилинадигани Ҳорис ибн Абдулмуттолибнинг қонидир. (У) Бану Лайсга эмизиш учун берилган эди, уни Ҳузайл (қабиласи) ўлдирди. Огоҳ бўлинг! Аёлларга яхши муомала қилинглар, чунки улар қўл остингиздаги асиралардир. Сизлар улардан бундан бошқасига эгалик қила олмайсизлар. Фақат очиқ-ойдин итоатсизлик қилишса, уларни ётоқларда тарк этинг. Ва уларни жони ачимайдиган тарзда уринглар. Агар сизга итоат қилишса, уларга бошқа йўл ахтарманг. Огоҳ бўлинг! Аёлларингиз зиммасида сизларнинг ҳақларингиз, сизларнинг зиммангизда аёлларингизнинг ҳақлари бор. Аёлларингиз зиммасидаги сизларнинг ҳақларингизга келсак, булар – сиз ёмон кўрган кишига тўшакларингизни бостирмасликликлари ва бундай (киши)нинг уйингизга киришига изн бермасликларидир.  Огоҳ бўлинг! Сизнинг зиммангиздаги уларнинг ҳақлари эса таомлари ва кийимлари хусусида уларга яхшилик қилишингиздир».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
603. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Фитрат бештадир хатна ҳаром тукларни тозалаш қўлтиқ остидаги давоми...

1952 19:00 / 07 март
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймМуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башарият ичидан Ўзига ҳабиб этиб давоми...

6698 20:07 / 28.04.2017
370. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Имом кафил, муаззин омонатдордир. Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга йўлла давоми...

4931 13:00 / 05.06.2020
792. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб .Ассалому алайкум,, деди. У зот алик олдилар. давоми...

3561 00:00 / 26.11.2022
Аудиолар

213106 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар