1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Намоз ўқиш банда учун улуғ шарафдир

14:40 / 15.09.2019 2473 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бетаҳоратлик етказувчи нарсани қилган кимсанинг намози таҳорат қилмагунича қабул бўлмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Бухорий:

«Ҳазрамавтлик бир одам:

«Эй Абу Ҳурайра, бетаҳоратлик етказувчи нарса нима?» деди. У:

«Овозсиз чиққан ел ёки овоз билан чиққан ел», деди»ни зиёда қилган.

Бошқа бир ривоятда:

«Покликсиз намоз қабул бўлмас, гуноҳ (йўл билан топилган) садақа қабул бўлмас», дейилган.

Шарҳ: Умумий қоида бўйича бетаҳоратлик етказувчи нарсаларга таҳоратни кетказувчи ва ғуслни вожиб қилувчи барча нарсалар киради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бетаҳоратлик етказувчи нарсани қилган кимсанинг намози таҳорат қилмагунича қабул бўлмайди» деган гаплари ҳаммасини ўз ичига олади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1.Таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмаслиги.

Бу ерда намоз дейилганда ҳамма намозлар, жумладан, жаноза ва ийд намозлари ҳам назарда тутилган. Уларни ҳам таҳоратсиз ўқиб бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифа «Ким била туриб, қасддан таҳоратсиз намоз ўқиса, шариатни ўйин қилганлиги учун кофир бўлади», деганлар.

2. Намоз ўқилаётган вақтда ибодатни ман қилувчи нарса содир этилса, намоз ботил бўлади. У нарса ихтиёрий ёки мажбурий равишда бўлишининг фарқи йўқ. Чунки ҳадисда умумий ҳолат зикр қилинган.

3. Намознинг ўқилиши бошқа, қабул бўлиши бошқа эканлиги. Намозни ўқиш бандадан, уни қабул қилиш Аллоҳдандир. Аллоҳ таоло шартлари тўғри келмаган намозни қабул қилмайди.

«Бухорий:

«Ҳазрамавтлик бир одам:

«Эй Абу Ҳурайра, ибодатни ман қилувчи нарса нима?» деди. У:

«Овозсиз чиққан ел ёки овоз билан чиққан ел», деди»ни зиёда қилган.

Ушбу ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бетаҳоратлик етказувчи нарсанинг биттаси – ел чиқиши ҳақида сўз юритаётганлари кўриниб турибди. Абу Ҳурайра бу гапни савол берувчи жоҳил бўлганлиги учун ёки энг кичиги айтиб қўйилса, қолгани маълум-ку, деган фикрда айтган бўлишлари мумкин.

«Бошқа бир ривоятда:

«Покликсиз намоз қабул бўлмас, хиёнатли садақа қабул бўлмас», дейилган.

Бу ердаги покликдан мурод, таҳорат, ғусл ва таяммумлардир. Яъни, таҳоратни кетказадиган нарса содир бўлса, таҳорат қилинмагунча, намоз қабул бўлмайди. Ғусл вожиб бўлганда, ғусл қилинмагунча, намоз қабул бўлмайди.

Шунингдек, ўғрилик, тортиб олиш каби хиёнат ишлар аралашган садақа ҳам қабул бўлмайди.

Намоз ўқиш банда учун улуғ шарафдир. Бу шарафга ҳар ким ҳам мушарраф бўлавермайди.

Намоз ўқиш бахтига сазовор бўлиш учун бир нечта шартлар қўйилган. Чунки намозга, банданинг Аллоҳ таоло билан бевосита мулоқот учрашувига ҳар ким ҳам лойиқ бўлавермайди. Аллоҳ таоло билан бевосита муножот қилишга ҳам дуч келган одам таклиф қилинавермайди. Бундай улуғ бахт­га етишишни хоҳлаган инсон ўзида бир нечта шарт­ларни мужассам қилган бўлиши керак. Ана ўша шартлардан бири – намоз ўқимоқчи бўлган кишининг каттаю кичик нопокликлардан холи бўлиб, ният билан тозаланишидир.

Жунуб бўлган одам Аллоҳга қурбат нияти билан ғусл қилиши керак. Шунингдек, нифос ва ҳайздан тоза бўлган аёллар ҳам ғусл қилмоқлари лозим. Таҳоратни кетказадиган нопокликлар содир бўлганда эса таҳорат қилиниши зарур.

Тўла покланмай туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурига рўбарў келиш, У зот ила мулоқотда ва муножотда бўлишга уриниш мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи мазкур мулоқот ва муножот учун покликни шарт қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам била туриб, қасддан, таҳоратсиз намоз ўқиган одам қасд ила нопок ҳолда Аллоҳ таолога рўбару келишга урингани, беҳурмат қилганлиги учун кофирдир, деб айтилган.

Ислом дийнининг бу ҳукмини на ғуслга, на таҳоратга буюрмайдиган дийнлар билан таққослаб кўринг-а, дийнимизнинг фазлини яққол англаб етасиз. Ўша дийнлардаги одамлар жунуб ҳолда ибодат қилаверадилар, ибодат давомида ел ҳам чиқариб юбораверадилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. давоми...

2271 13:02 / 25.10.2020
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун коинотни, ундаги бор мавжудоту махлуқотларни бир яратишда .Бўл, деган амри ила яратди. Тоғу тошларни ndash жамодот оламини, давоми...

4174 19:11 / 28.04.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиққан эдилар, ортларидан бордим. Одатда у зот ортларига қарамас давоми...

4388 15:00 / 09.08.2019
407. Умму Холид бинт Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабр азобидан паноҳ сўраётганларини эшитдим,. Бухорий давоми...

302 19:00 / 19 апрель