Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Изн сўраш одоби | Сийрат дарслари (354-дарс)

19:00 / 21 ноябрь 422 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

790. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорларнинг мажлисларидан бирида ўтирган эдим. Ҳузуримизга Абу Мусо ташвишли ҳолда келиб, деди: «Умарнинг олдига бориб, уч марта изн сўрадим. Менга изн берилмади. Ортимга қайтдим. Шунда у менга: «Сени нима қайтарди?» деди. «Уч марта изн сўрадим. Менга изн берилмади. Шунинг учун қайтиб кетдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биортангиз уч марта изн сўрасаю унга изн берилмаса, ортига қайтсин», деган эдилар», дедим. «Шу гапингга ҳужжат келтир, бўлмаса кунингни кўрсатаман!» деди. Сизлардан ўшани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бирор киши борми?». Буни эшитиб Убай ибн Каъб: «Сен билан бирга фақат қавмнинг энг кичиги боради», деди. Қавмнинг кичиги мен эдим. Ўрнимдан туриб, у билан бордим ва Умарга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни айтганларининг хабарини бердим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

791. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Мусо Умарнинг олдига келди ва «Ассалому алайкум, бу Абдуллоҳ ибн Қайс», деди. Унга изн берилмади. «Ассалому алайкум, бу Абу Мусо», деди. Унга изн берилмади. «Ассалому алайкум, бу Ашъарий», деди. Унга изн берилмади. Сўнг орқасига қайтиб кетди. «Уни қайтаринглар! Уни қайтаринглар!» деди (Умар). Сўнг у келди. Шунда Умар: «Ҳой, Абу Мусо, нега қайтдинг? Биз машғул эдик», деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Изн сўраш уч мартадир. Сенга изн берилса – берилди, бўлмаса, қайт», деганларини эшитган эдим», деди. «Ана шунга ҳужжат келтирасан, бўлмаса, ундай қиламан, бундай қиламан», деди. «Агар ҳужжат топса, кечқурун уни минбар олдида топасизлар. Агар ҳужжат топа олмаса, топмайсизлар», деди Умар. Кечқурун келганда уни топишди ва: «Ҳой, Абу Мусо! Нима дейсан, топдингми?» дейишди. «Ҳа, Убай ибн Каъбни», деди. «У адолатли», деди. «Эй Абу Туфайл, бу нима деяпти?» деди (Ибн Каъбга). «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўшани айтганларини эшитганман. Эй Ибн Хаттоб! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини азобловчи бўлма!» деди. «Субҳаналлоҳ! Бир гапни эшитган эдим, шуни тасдиқлаб олмоқчи бўлдим, холос!» деди».

Муслим ривоят қилган.

792. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Ассалому алайкум», деди. У зот алик олдилар. Ҳалиги одам ўтирди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта», дедилар. Кейин бошқа бири келиб: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи», деди. У зот алик олдилар. Ҳалиги одам ўтирди. Сўнгра у зот: «Йигирмата», дедилар. Кейин бошқа бири келиб: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу», деди. У зот алик олдилар. Ҳалиги одам ўтирди. Сўнгра у зот: «Ўттизта»,  дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

(Ушбу ҳадисда салом қанчалик тўлиқ ва мукаммал берилса, унга бериладиган савоб ҳам шунча кўп бўлишига ишора қилиняпти. – Тарж.)

793. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз бир мажлисга етиб борганида салом берсин. Ўтиргиси келса, ўтирсин. Ўрнидан турмоқчи бўлганида ҳам салом берсин. Биринчиси кейингисидан афзал эмас», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
547. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирингиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлса, агар унинг давоми...

6429 17:00 / 06.08.2021
Пайғамбарликнинг ўнинчи йили. Маҳзунлик йили. Шаввол ойи. Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлолари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг давоми...

11293 16:33 / 30.12.2017
584. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У шундай деди .Таомнинг энг ёмони келган одам қайтарилиб, бош тортган одам даъват қилинадиган зиёфатнинг давоми...

1761 19:00 / 21 февраль
498. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансориялардан бўлган Умму Синан исмли бир аёлга .Биз билан ҳаж давоми...

4205 15:29 / 02.04.2021
Аудиолар

211010 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар