Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қуръонга доимий мурожаат қилиб туриш | Сийрат дарслари (325-дарс)

19:00 / 24.04.2025 2238 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

664. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

665. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга мурожаат қилиб туринглар. Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, у (зеҳндан) тушовдаги туядан ҳам тезроқ қочиб кетади», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

666. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга қироат қилиб бер»,  дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингизга нозил бўлган нарсани сизга қироат қилиб бераманми?» дедим. «Мен уни ўзимдан бошқадан эшитишни хоҳлайман», дедилар. Шунда мен Нисо(сураси)ни қироат қилдим. «Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этган чоғимизда ҳол қандай бўлур?!»га етганимда: «Тўхта», дедилар. Қарасам, у зотнинг икки кўзларидан ёш тўкилаётган экан».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

667. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз аҳли-оиласига қайтганда уларнинг (молларининг) ичида учта катта, семиз, ҳомиладор туяни топишни ёқтирадими?» дедилар. «Ҳа», дедик. «Бирортангиз намозида қироат қиладиган уч оят унинг учун учта катта, семиз, ҳомиладор туядан яхшидир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

668. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Биз суффада ўтирган эдик. Шунда у зот: «Сизлардан қай бирингиз Бутҳон ёки Ақиққа бориб, Аллоҳга гуноҳ қилмасдан ва қариндошлик алоқасини узмасдан иккита катта ўркачли туя олиб кела олади?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳар биримиз буни жуда ҳам хоҳлаймиз», дедик. «Албатта, бирингизнинг ҳар куни масжидга келиб, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан икки оят ўрганиши иккита туядан яхшироқдир. Учтаси учтадан яхшироқдир. Тўрттаси тўрттадан яхшироқдир. Қанча оят бўлса, шунча туя», дедилар у зот».

Муслим ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
471. Алий ибн Ҳусайндан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари София розияллоҳу анҳо айтди .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2080 19:00 / 02.08.2024
. . .Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У кишига Абу Саъийд алХудрий розияллоҳу анҳу.Мен давоми...

4714 13:30 / 23.08.2020
826. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Киши дўстининг динида бўлади. Демак, ҳар бирингиз кимни дўст тутишига давоми...

3564 19:00 / 13.01.2023
Ана шундай нозик бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш қилишга изн бўлганидан фойдаланиб, душманларга мусулмонларнинг кучини кўрсатиш мақсадида давоми...

5304 16:56 / 16.01.2018