
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
845. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни, албатта, ҳақларни ўз эгасига адо қиласизлар. Ҳатто шохли қўйлардан шохсиз қўйлар учун ўч олинади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
846. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни одамлар орасида биринчи ажрим қилинадиган нарса қонлардадир», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
847. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлганларни сўкманглар, чунки улар қилган амаллари(нинг оқибати)га етиб бўлишган», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Бошқа ривоятда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида марҳум одамни ёмонлик билан зикр қилишди. Шунда у зот: «Марҳумларингизни яхшилик билангина зикр қилинглар», дедилар».
Насоий ривоят қилган.
848. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унга шундай айтиб берган: «Биз ғорда турганимизда бошимиз тепасидаги мушрикларнинг оёқларига назар сола туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар улардан бири оёғига назар солса, оёғи остида бизни кўради-я», дедим. «Ҳой Абу Бакр! Аллоҳ учинчилари бўлмиш икки киши ҳақида нима гумон қиляпсан?» дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
849. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туёққа таклиф қилинсам ҳам, бораман. Менга туёқ ҳадя қилинса ҳам, албатта қабул қиламан», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан
<\/span><\/span>Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.