Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Имом Таҳовий | Ақийда дарслари (259-дарс)

19:00 / 09 январь 950 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз ўқувчилар Аллоҳ таолонинг фазли ила ақийда дарслари туркумида «Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланган мақолалар ўз ниҳоясига етди. Мазкур рукннинг кейинги дарслари ҳам фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китоби асосида бериб борилади. Аллоҳ таоло ушбу дарсларни барчамизга ўрганиб боришимизда тавфиқ берсин.

Имом Таҳовий

1. Исми ва кунялари [1].

У кишининг тўлиқ исмлари Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама Аздий Таҳовийдир. У зот катта имом, аллома, ҳофиз ва ажойиб таснифотлар соҳибидирлар.

2. Туғилган жойлари.

У киши Нил дарёсининг ғарбий соҳилида Мисрнинг Таҳо номли шаҳарчасида туғилганлар.

3. Туғилган йиллари.

У киши ҳижрий 239 санада ўз илми, фазли, тақвоси ва поклиги билан машҳур бир оилада туғилдилар.

4. У кишининг ёдлаш қобилиятлари ва заковатларининг кучи.

У киши ўз тенгдошлари ичида ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва фаҳмининг тезлиги билан, Қуръони Каримни пухта ёдлаши ила ажралиб турар эдилар. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, чунки отаси Муҳаммад ибн Салома Мисрда умргузаронлик қилган улуғ олимлардан бири бўлиб, фиқҳ ва усул илмларида пешқадам зот эдилар.

5. Биринчи устозлари.

Таҳовийга Қуръони Каримдан бошланғич илм берган ва ёзишни ўргатган шахс имом Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Амр эдилар. Сўнгра у отасининг илм ҳалқасида иштирок этди ва фиқҳдан бир қанча дарс олди. Шунингдек, тоғаси (Имом Шофеъийнинг дўсти) Исмоил ибн Яҳё ибн Исмоил Музанийнинг уйида илм ҳалқасида иштирок этиб, у кишидан ҳадис эшитди.

6. Тоғасининг мазҳаби(шофеъий мазҳаби)дан ҳанафий мазҳабига ўтиши.

Айтишларича, Таҳовий тоғасидан дарс олиб юрган кунларнинг бирида у: «Сендан бир нарса чиқмайди!» дебди. Шунда жияннинг аччиғи чиқиб, тоғасини тарк этган ва Абу Жаъфар ибн Абу Имрон Ҳанафийдан (ҳижрий 331 санада вафот этган) дарс ола бошлаган экан.

Доктор Абдурраҳмон Умайра ўзининг «Шарҳи ақийдатут Таҳовия»га ёзган таълиқи муқаддимасида қуйидагича ёзади:

«Бизнинг фикримизча, у кишининг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабига ўтишларининг асосий омили, бу мазҳаб тўғрисида Таҳовийда «ўша вақтда одамлар зеҳнида ушбу мазҳаб аҳли ҳақида жуда яхши тасаввур бор» деган фикрнинг пайдо бўла бошлагани  эди. Чунки улар кенг фикрли, ҳужжатлари кучли бўлиши билан бирга, фуруъни янги пайдо бўлган масалалар ва уларнинг ечимлари билан бойитишлари ила ажралиб туришар эди» («Шарҳи ақийдатут Таҳовия», 1-жилд, 43-бет).

Абу Яъло Ҳанбалий ўзининг «Ал-Иршод» номли китобида шундай ёзади: «Шурутий: «Мен Таҳовийга: «Нима учун тоғангга хилоф қилиб, Абу Ҳанифанинг мазҳабини ихтиёр қилдинг?» десам, «Тоғамнинг Абу Ҳанифанинг китобларини кўп мутолаа қилаётганларини кўрар эдим. Шунинг учун шу мазҳабга ўтдим», деди», деган экан (Ибн Халликон, «Вафийятул аъйаан», 1-жилд, 54-бет).

7. У кишининг муаллафотлари ва асарлари.

Имом Таҳовий инсофли киши инкор қила олмайдиган ажойиб китоблар мажмуасини қолдирган. У китоблар ила исломий ва арабий кутубхоналар фахрланса арзийди. Улар жумласидан:

1. «Ақийдатут Таҳовий».

Ушбу китобда имом Таҳовий саҳобаларнинг ва улардан кейин ўтган имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ, имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳимаҳуллоҳлар кабиларнинг ақийдасини жамлаган. Бу китобга кўплаб уламолар шарҳ ва таълиқлар ёзганлар. У ўн марталаб чоп этилган. Араб давлатларидаги олий ўқув юртларида ўқув қўлланма сифатида қабул қилинган.

2. «Аҳкомул Қуръон», йигирма жуздан кўп.

3. «Шарҳи Маъонил Осор» (Ҳадис бўйича). Иккки жуздан иборат.

Кўпгина мусаннифлар бу китобнинг ҳадис илмида ёзилган энг яхши китоблардан бири эканини эътироф қилганлар. Бу эса ўз навбатида имом Таҳовийнинг энг улуғ муҳаддислардан эканига далилдир. Ушбу китобда у киши ажойиб бир услубни ишлатганлар. Баҳслар ва мазҳабларни далиллари билан бирга келтирадилар. У киши ўз баҳси давомида ихтилофли масалаларни келтирадилар, муноқаша қиладилар ва ўз тадқиқотининг хулосасини келтириб, сўнгра ўзларига тўғри кўринган нарсани айтадилар.

4. «Баёни мушкилул Осор», етти жуз.

Тўрт жузи чоп қилинган. Бу у кишининг ҳадис бўйича ёзган  охирги китобидир. Биринчиси «Шарҳи Маъонил Осор» бўлган.

5. «Мухтасари Таҳовий» номи билан машҳур фиқҳ бўйича мухтасар китоби. Унинг бир неча шарҳлари бор.

6. «Шарҳи Жомиъус Сағир».

7. «Шарҳи Жомиъул Кабийр».

8. «Шурутул Кабийр», «Шурутул Мутасовит», «Шурутул Сағийр».

9. Ҳадис бўйича «Ал-Муҳозир», «Ас-Сижиллот», «Ал-Васоё» ва «Ал-Фароиз», тўрт жуз.

10. Имом Абу Ҳанифанинг сифатлари ҳақидаги китоб.

11. «Китобут-Тарихул Кабир».

12. «Китобун-Наводирул фиқҳийя», ўн жуз.

У кишининг ҳадис, тафсир, ақийда, фиқҳ, сийрат ва тарих бўйича ёзилган, чоп қилинган ва қўлёзма ҳолидаги китобларининг сони йигирмадан ортади. Биз юқорида айтиб ўтилганлар билан кифояланамиз.

8. У кишининг вафотлари.

Шубҳасиз, ҳар бир бошланишнинг тугаши ҳам бор. Ҳар бир амалнинг белгиланган муддати бор. Ҳар бир жон ўлим шаробини тотади. Имом Таҳовий умрларини яшаб, дунёни ўз илмлари, дарслари, тақволари, вараълари билан тўлдиргач, 321 ҳижрий санада Роббининг живорига сафар қилдилар. Аллоҳ таоло у кишини Ўзининг кенг раҳматига олсин, у кишидан рози бўлсин ва рози қилсин.

«Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан

[1] Арабларда ҳурмат юзасидан кишига ўз номи билан эмас, фарзандларидан бирининг номи олдига эркакларда Абу, аёлларда Умму сўзларини қўшиб Абу Фулон, Умму Фулон, деб мурожаат қилиш бор. Бу куня дейилиб, Фалончининг отаси, Фалончининг онаси маъносини билдиради.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга Инжилни нозил қилган. .Инжил, юнонча лафз бўлиб, .башорат, маъносини билдиради. Ийсо алайҳиссалом ўттиз ёшга етганларида, у зотни давоми...

2810 19:00 / 11.07.2022
Иймон ndash тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир. Бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан тасдиқлашдир. Чунки тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. У давоми...

1334 19:00 / 30.10.2023
Улар қадарни инкор қиладилар ва .Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади,, дейдилар. Уларнинг фикрича, инсоннинг ўз қудрати бўлиб, у ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ давоми...

3256 17:00 / 02.08.2021
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Туғилган болаларни унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдакни ҳузурига келтирилди. давоми...

4394 17:04 / 08.01.2017