Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (46-дарс). Умарнинг устида ўн икки ямоқли изорни кўрдим

15:10 / 18.08.2019 6398 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арабчада «хирқа», ўзбекчада «жанда» деб аталган ўзига хос кийим кийиш бир вақтлар сўфийлар орасида кенг тарқалган эди. Сўфийларнинг турли рангдаги ямоқлар солинган кийим кийиб, бошқалардан ажраб туришга уринишлари ҳаммага маълум бўлган.

Тасаввуфга оид адабиётларда «Фалончи пистончига сўфийлик хирқаси – жандасини кийгизди» деган иборалар ҳам тез-тез учраб туради.

Сўфийларнинг ўзлари бу ишнинг суннат эканлигини даъво қилишган ва гапларининг тўғрилигига далил сифатида бир неча ривоятларни ҳам келтирганлар:

– Имом Молик келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Умар ибн Хаттобнинг Мадинанинг амири бўла туриб, икки елкаси орасида устма-уст ямоқ солиб олганини кўрдим».

– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавуш ва кийимларини ямашлари ҳақидаги ривоят.

– Оиша розияллоҳу анҳо оқ-қора ямоқлар солиб ўтирганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалам у кишига: «То ямоқ солмагунингча, кийимни алмаштирма», деганлари.

– Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни нақл қиладилар: «Ушбу кўйлагимни яматавериб, ямоқчидан ҳам уялиб кетдим. У менга: «Буни ташлаб юбор! Эшаги бор киши буни ўз эшагига ҳам раво кўрмайди», деди».

– Суфён Саврий розияллоҳу анҳу: «Умарнинг устида ўн икки ямоқли изорни кўрдим», деганлар.

– Баъзи бир аҳли тариқатлар жанда кийиш шахсдан шахсга бирма-бир ўтиб келаётган силсилага эга эканлигини айтадилар. Мисол тариқасида шайх Санусийнинг хирқанинг санади ҳақидаги қуйидаги гапларини келтирамиз:

«У киши хирқани Ҳасан Басрийнинг қўлларидан кийганлар. У киши эса амирул мўминин Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг қўлларидан кийганлар. У киши эса барча аввалгию охиргиларнинг саййиди Муҳаммад ан-Набий ал-Карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан кийганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хирқани Руҳул аминнинг воситаси ила Роббул оламиндан кийганлар».

Аммо бу хилдаги гапларга, хусусан, салафи солиҳнинг қасддан хирқа кийганларига ҳеч кимнинг тўғри санади йўқ. Аксинча, бошқа, бунга тескари маънодаги ишончли гаплар бор.

Имом Шаъроний шайх Нажмуддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар:

«Аҳли салафлар муриднинг кийимига ўша кийимнинг рангидан бошқа рангда шаръий ҳожатсиз ямоқ солишни макруҳ деганлар. Агар кийим йиртилиб кетса-ю, унинг рангидаги мато топилмаса, бошқа рангдаги ямоқ солса, майли. Салафи солиҳлар кийимларига фақатгина зарурат юзасидангина ямоқ солганлар. Улар ўзлари учун нодир ҳолатлардагина ҳалолдан тўлиқ кийим топа олар эдилар. Шунинг учун улар ўз кийимларини турли рангдаги ҳалол мато билан ямар эдилар. Уларнинг ямоқ кийим кийишларининг сабаби шу».

Жамиятшунослик илмининг асосчиси, машҳур олим Абдурраҳмон Ибн Халдун:

«Али саҳобаларнинг ичида ўзига хос кийим ва ҳолат билан ажраб турмаган», деган.

Демак, хирқа кийиш ҳам, худди шатаҳотга ўхшаб, аҳли тасаввуф ичида маълум вақт ва шароитда тарқалиб, аста-секин йўқолиб кетган бир нарсадир.

Шунинг учун ҳам бугунги сўфийлар орасида хирқа кийганлари кўринмайди.

«Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Изоҳ Бу фаслда нафсни ҳисобкитоб қилишнинг муроқаба ва мушоҳада мақомлари ҳақида гап боради. Инсон бир амални бажаришида ҳар хил мақом даражаларга эга бўлади. давоми...

4704 05:00 / 01.03.2017
Руҳий тарбия илмида .риёзат, деб нафсни чиниқтириш мақсадида нафсни Аллоҳнинг тоатида чиниқтиришга айтилади.Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг сифатидир. Ёмон давоми...

5715 13:11 / 17.10.2020
Аллоҳ таоло бандасини ер юзида Ўзи яратиб қўйган турли ўсимликлар ҳақида тааммул қилишга буюради .Ва ер юзида қўшни бўлаклар бор. Шунингдек, узумли давоми...

1234 19:00 / 05.07.2025
Ҳирс ва тамагирликнинг давоси сабр, илм ва амалдан иборатдир. Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади 1. Маишатда тежамкор бўлиш ва сарфхаражатда мулойим давоми...

5017 19:00 / 18.06.2022