Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 16 шаъбон | 2025 йил 15 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 170-дарс. Аллоҳ ҳасадгўйликдан сақласин!

17:00 / 29.01.2022 3217 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир.

2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади.

3. Ҳасад ўз эгасининг мартабасини пасайтиради.

4. Ҳасадчини одамлар ёмон кўради.

5. Ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади.

6. Ҳасад катта ёмонликларнинг манбаидир.

7. Ҳасад жамиятни бузувчи чўқмордир.

8. Ҳасад ахлоқсизлик аломатидир.

Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Ул зот:

«Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатдан бир одам чиқади», дедилар. Ансорийлардан соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида кавуш тутган киши чиқиб келди.

Эртасига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шу гапни айтган эдилар, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди.

Учинчи куни ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шу гапни айтган эдилар, яна ўша одам ўша ҳолида чиқиб келди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамга эргашиб борди-да: «Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг», деди. У одам «Хўп», деб жавоб берди».

Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейди:

«Абдуллоҳ ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан».

Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан: «Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг, унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч марта «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади», деган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?» деб сўрадим.

У эса: «Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ», деди.

Қайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб: «Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Фақат мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат сақламайман. Ҳеч кимга нисбатан унга Аллоҳдан етган яхшиликка ҳасад қилмайман», деди».

«Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан. Ана шунга биз тоқат қила олмаймиз», деди Абдуллоҳ».

Аҳмад ва Насоий ривоят қилишган.

Ҳақиқатан ҳам, инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Зеро, бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ таоло барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин! Омин!

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

3450 13:00 / 13.06.2020
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир, Бақара сураси, давоми...

1452 19:00 / 07.04.2024
Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида шундай марҳамат қилади .Ва уларнинг гапларига сабр қил ва улардан чиройли четланишла, четланиб тур, Муззаммил сураси, давоми...

1217 19:00 / 23.06.2024
Бу воқеани муҳандис биродарим Муҳиддин Мағзумов ҳикоя қилиб берган эди .Қўшним Ҳакимжон ишдан қайтаётиб, қаршисидан келаётган нуроний мўйсафидга .Ассалому давоми...

5418 18:21 / 15.05.2018