
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тааммулнинг фойдаларидан:
1. Тааммул бандага бу дунё ва охиратда манфаат беради.
2. Тааммул ила банда яхшилик ва ёмонликларни ажратади.
3. Тааммул тақводор бўлишга ёрдам беради.
4. Тааммул ўз эгасига замон ўзгаришларидан омонлик беради.
5. Тааммул бандани қаноат асосидаги иймонга олиб боради.
6. Тааммул қалб кўзи ила кўриш далилидир.
7. Тааммул ақл баркамоллиги далилидир.
Таанний – шошмаслик
«Таанний» луғатда шошмасдан, секин, мулойимлик билан иш кўришни англатади.
Уламолар тааннийни «Бирор нарсани талаб қилишда шошмаслик, уни ҳосил қилишда муҳлат бериш ва унга мулойимлик кўрсатиш», деб таърифлаганлар.
Қуръони Каримда шошмасликка даъват қилувчи бир қанча оятлар бор. Улардан баъзиларини ўрганиб чиқамиз.
Мусо алайҳиссалом мийқотдан қайтганларидан кейин у зот билан акалари Ҳорун алайҳиссалом ораларида ўтган гап-сўзларни Аллоҳ таоло мана бундай баён қилади:
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜﭝ ﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ
«Қачонки Мусо ўз қавмига ғазабланган ва афсус қилган ҳолида қайтганида: «Менинг кетимдан қандай ҳам ёмон халифа бўлдингиз! Роббингизнинг «амри»га шошилдингизми?!» деди ва лавҳларни ташлаб, акасининг бошидан тутиб, ўзига торта бошлади. У (Ҳорун): «Эй онамнинг ўғли, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди. Энди душманларни устимдан кулдирмагин ва мени ҳам золим қавмлардан деб билмагин», деди» (Аъроф сураси, 150-оят).
Робби билан мийқот тугагандан сўнг Мусо алайҳиссалом қавм орасида бўлиб ўтган нохуш ҳодисалар ва нобакорликлардан огоҳ бўлган эдилар.
Шунинг учун ҳам қавмнинг ҳузурига ғазабланган ва афсусланган ҳолда қайтдилар. У кишининг надоматлари юз-кўзларидан, сўзларидан, ўзларини тутишларидан яққол сезилиб турарди.
Келишлари баробарида қавмларига хитобан:
«Менинг кетимдан қандай ҳам ёмон халифа бўлдингиз», дедилар.
«Сизни ҳидоятда қолдириб кетган эдим, ортимдан залолатга кетибсиз.
Сизни тавҳидда қолдириб кетган эдим, ортимдан бутпараст бўлибсиз.
Сизни Аллоҳга ибодат қилувчи ҳолингизда тарк этган эдим, энди эса бир бузоқ ҳайкалига ибодат қиляпсиз», деб фиғон чекдилар.
«Роббингизнинг «амри»га шошилдингизми?!» дедилар.
Аллоҳ таолонинг амрини кутиб турсангиз бўлмасмиди?! Мен мийқотга кетганимни билар эдингиз. У ердан сизга Аллоҳнинг амрини олиб келишимни ҳам билар эдингиз, сабр қилиб, кутиб турсангиз бўлмасмиди?!
«...ва лавҳларни ташлаб, акасининг бошидан тутиб, ўзига торта бошлади».
Бу ҳол Мусо алайҳиссаломнинг ўз қавми қилган бемаъниликдан нечоғлик дарғазаб бўлганларининг исботи. У зот Роббининг калималари битилган лавҳларни ташлаб, акалари Ҳоруннинг сочидан тортдилар.
Чунки мийқотга кетаётиб, ўринларига акаларини тайинлаб, қиладиган ишларини таъкидлаб кетган эдилар. Айни чоғда, ғазабга миниб, қандай қилиб бу қавм Аллоҳни қўйиб, бузоқнинг ибодатига ўтиб олганининг сабабини билмоқчилар.
Дарғазаб бўлган укадан бу тасарруфни кўрган Ҳорун алайҳиссалом уни бир оз ҳовуридан тушириш учун ораларидаги ака-укалик ҳурматини эслатиб:
«Эй онамнинг ўғли, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди», дедилар.
«Мен ҳам қараб турганим йўқ. Айтдим, тушунтирдим, аммо кўнишмади. Ҳатто мени ўлдириб қўйишларига оз қолди».
Дарҳақиқат, Ҳорун алайҳиссалом Бану Исроилни бузоқ ҳайкалига ибодат қилишдан қайтаришга қаттиқ ҳаракат қилган эдилар. Бу ҳол бошқа сураларда зикр этилади.
Энди эса қилган ҳатти-ҳаракатларини батафсил баён қилишга фурсат йўқ. ғазабланган ука (Мусо алайҳиссалом) душманларнинг кўз ўнгида унинг сочидан тортиб турибди. Тезроқ бу хижолатли ҳолатдан чиқиш, дарғазаб укага зудлик билан аҳволни тушунтириш учун:
«Энди душманларни устимдан кулдирмагин ва мени ҳам золим қавмлардан деб билмагин», деди».
Кўриниб турибдики, Бану Исроилнинг шошқалоқлиги уларнинг диндан чиқишларига олиб борган. Шошмасдан, Мусо алайҳиссаломни кутиб турганларида яхши бўлар эди.
Аллоҳ таоло яна шундай марҳамат қилади:
ﮎ ﮏ ﮐﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ
«Уларга қарши шошилма! Биз уларнинг саноғини санамоқдамиз» (Марям сураси, 84-оят).
Кофир ва мушрикларга азоб келишига шошилма!
«Биз уларнинг саноғини санамоқдамиз».
Биз уларнинг кунларини соату дақиқаларигача санамоқдамиз. Биз уларнинг гуноҳларини, исёнларини санамоқдамиз.
Демак, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шошилмасликка чақирмоқда.
«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.