Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 жумадул аввал | 2024 йил 10 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (86-дарс). Аллоҳ таоло зикр қилувчиларни мақтаган

13:03 / 23.05.2020 3424 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.

Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили учун энг афзал ибодат Аллоҳ таолонинг зикридир. Зикр ила банда Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади ва ҳожатларини сўрайди.

«Зикр» сўзи луғатда эслаш, хотирлаш, сўзлаш, тилга олиш, баён этиш, шарҳлаш, тавсифлаш каби маъноларни англатади.

Аммо умумий маънода зикр икки хил бўлади: тил билан ва дил билан зикр қилиш.

Буларнинг ҳар бири ҳам икки турли бўлади: унутганини эслаш ва унутмаса ҳам ёдидаги нарсани хотирлаш.

Уламолар истилоҳида: «Зикр – банданинг Роббини тили ва дили билан эслашидир. Бу У Зотнинг Ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки Китобини тиловат қилиш ёхуд У Зотга дуо қилиш, У Зотдан бирор нарсани сўраш, У Зотга ҳамду сано айтиш, У Зотни улуғлаш ва У Зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.

Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир.

Фақат шариат истисно қилган, қазои ҳожат ва хутба эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардагина зикр қилинмайди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримдаги кўплаб оятларда биз бандаларга зикр қилишни амр этган. Зикрни кўп қилиш ва бунда бардавом бўлиш нажот учун шарт қилинган. Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилувчиларни мақтаган, уларни Ўз оятларидан баҳраманд бўладиганлар, деб атаган ва зокирларнинг ақл эгалари эканини таъкидлаган. Баъзи уламоларимиз мазкур оятларнинг сони бир юз етмиш тўртта эканини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унутиб, бошқа нарсани эслайдиганларнинг ҳасрат-надоматда қолишини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор ҳаёт бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз» (124-оят).

Демак, инсон Аллоҳ таолони унутса, Уни зикр қилмаса, Унинг ҳидоятига эргашмаса, ўзига ўзи душманлик қилган бўлади. Аввало, ундай одам бу дунёда ночор ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги туфайли ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас бўлиб қолади. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, унга оз кўринади. Улардан ажраб қолишидан қўрқаверади. Иймонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.

«...ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз»

Бу ҳам дунё ҳаётида қилган қилмишига муносиб жазодир. Лекин унинг ўзи нима учун кўр ҳолда тирилтирилганини тушуна олмайди.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (41-42-оятлар).

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда «У мени кузатиб турибди» деган доимий сергакликда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, холис амал қилишдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (152-оят).

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ берган бандаларига: «Мени зикр қилинг», демоқда.

Хўш, Аллоҳ таоло бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, У беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб эслашлари ила Аллоҳ таоло уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қаерда-ю, оламларнинг Робби бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қаерда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло дейдики: «Эй одам боласи! Агар Мени ёлғиз эсласанг, Мен ҳам сени ёлғиз эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман».

Аҳмад ривоят қилган.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир» (35-оят).

Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага келиши ва бардавом бўлишига олиб келади. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардан саналади.

Абу Саъид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки эр киши кечаси хотинини уйғотса ва икковлари икки ракъатдан намоз ўқисалар, Аллоҳни кўп зикр қилган эркаклар ва аёллар қаторида ёзиладилар», дедилар».

Ҳоким ривоят қилган.

Ҳа, зокирлик даражаси олий мартабадир. Зокирлик мақоми олий мақомдир. Ҳар бир мусулмон эркак зокирлик сифатини эгаллаши лозим. Ҳар бир муслима зокира сифатига эга бўлиши керак.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАЪРИФАТ БОБИМаърифат Аллоҳ таоло бандаларига буюрган биринчи фарздир. Бунга ушбу ояти карима далилдир Жин ва инс оламини фақат Ўзимгагина ибодат қилиши учун давоми...

3778 05:00 / 01.03.2017
Ибн Қудома Мақдисий самоъ ҳақида қуйидагиларни ёзади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки у зотнинг саҳобаларидан бирортасининг ҳам бу номаъқул йўлга давоми...

4301 13:30 / 28.09.2019
Куфр тўрт хил бўлади 1. Инкор куфри. Бу хилдаги куфр эгаси ҳам қалби, ҳам тили билан куфр келтирган бўлади ва тавҳиддан ҳеч нарсани билмайди. Бундай кишилар ҳақида давоми...

5055 17:00 / 12.06.2021
Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг тиловати ҳам нафс поклиги ва ахлоқ сайқалига катта тасири бор омилдир. Қуръони Карим тиловати деганда уни давоми...

12503 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

133973 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54302 14:35 / 11.08.2021