Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (68-дарс). Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир

13:30 / 18.01.2020 5048 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илмнинг фойдалари сон-саноқсиз эканини ҳамма яхши билади. Бу ўринда биз диний илмларнинг баъзи фойдаларини қисқача эслаб ўтамиз:

1.Илм орқали Аллоҳ танилади, Унга ибодат қилинади ва тавҳиди асосида яшаш йўлга қўйилади.

2. Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир.

3. Илм талаб қилиш ибодатдир.

4. Илм жаннатга етиш йўлидир.

5. Илм ўз эгасига Аллоҳдан қўрқишни касб қилдиради.

6.Илм ўз эгасига халойиққа нисбатан тавозеъда бўлишни ўргатади.

7. Илмдан аввало эгаси, кейин бошқалар ҳам фойда олади.

8.Илмнинг ажри унинг эгасининг ажалидан кейин ҳам боқий қолади.

9. Илм ўз эгасини пайғамбарлардан кейинги энг юқори мартабага эриштиради.

10. Илм пастни баланд, хорни азиз ва синганни бутун қилади.

11. Илм кишини жаҳолат зулматидан маърифат нурига чиқаради.

12.Илм туфайли силаи раҳм қилинади ва ҳақ-ҳуқуқлар адо этилади.

Илмларнинг энг зарурийси банданинг Робби билан муомаласини йўлга қўювчи илмдир. Мазкур муомала учга тақсимланади: 

1. Эътиқод;

2. Амал;

3.Тарк қилиш.

Ёш бола балоғатга етганида унинг зиммасига фарз бўладиган биринчи нарса шаҳодат калималарини ўрганиб, маъноларини тушунишдир. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим кўрмаган араблардан тасдиқни эшитиш билан кифояланганлар. Улардан далил талаб қилмаганлар. 

Юқоридаги ҳукм маълум бир вақтнинг фарзи бўлади. Кейин назар солиш ва далилни ўрганиш фарз бўлади.

Эътиқодга оид бошқа нарсаларни ўрганиш ҳам вазиятга қараб фарз бўлиб бораверади. Мисол учун, шаҳодат калималари маъноси ҳақида шак пайдо бўлса, бандага ўша шакни кетказадиган илмни ўрганиш фарз бўлади. Қайта тирилиш, жаннат, дўзах каби ақийда масалаларини ўрганиш вожиб бўлади.

Шунингдек, маълум бир амални бажариш вақти келганда унга оид ҳукмларни ўрганиш фарз бўлади. Намоз ўқиш ёшига етган киши учун таҳорат ва намозга оид ҳукмларни ўрганиш, Рамазонга соғ-саломат етиб келган балоғат ёшидаги киши учун рўза ибодатига оид шаръий ҳукмларни ўрганиш фарз бўлади. 

Нисобга етган ва шу молига бир йил тўлган кишига закотнинг ҳукмларини ўрганиш фарз бўлади. Ҳаж вақти келганда, уни адо этишга шароити бўлган мусулмонга ҳажнинг ҳукмларини ўрганиши фарз бўлади. 

Тарк қилиниши лозим бўлган нарсалар ҳолатга қараб ўзгариб туради. Мисол учун, кўзи ожиз киши учун назар солиш ҳаром бўлган нарсаларни ўрганиш фарз бўлмайди. Шунингдек, соқов киши учун гапириш ҳаром бўлган каломни ўрганиш фарз бўлмайди. 

Хамр ичиш ва ипак кийиш тарқалган диёрда яшайдиган банда учун мазкур нарсаларнинг ҳаромлигини ўрганиш фарз бўлади. 

Баъзи илмларни ўрганиш мубоҳ саналади. Маъноли шеър ва хабарларнинг тарихини ўрганиш шу жумладандир.

Баъзи илмлар мазаммат қилинади. Мисол учун, сеҳр ва тилсим илмини ўрганиш.

Шаръий илмларнинг барчаси мақталгандир. Улар усул – асл шаръий илмлар, фуруъ – шохобча шаръий илмлар, муқаддима илмлар ва тўлдирувчи илмларга тақсимланади.

1.Асл шаръий илмлар Қуръони Карим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, умматнинг ижмоъси ва саҳобаларнинг асарларидан иборатдир. 

2. Шохобча шаръий илмлар мазкур асл илмлардан фаҳмланган ва улардан ақл орқали тушуниб олинган илмлардир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фақиҳларнинг қиёс ва бошқа қоидаларни ишга солиб чиқарган ҳукмларига оид илм. 

3. Муқаддима илмлар Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билишга хизмат қиладиган наҳв ва луғат илмларига ўхшаш илмлардир.

4.Тўлдирувчи илмларга қироатлар илми, тажвид илми, ҳадис ривоятчиларининг исмлари, одиллиги ва таржимаи ҳолларига оид илм ва бошқалар киради.

«Руҳий тарбия» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ният, луғатда бир нарсани қасд қилишни англатса, шариатда бир нарсани амалга боғлаб, қасд қилишга айтилади. Исломда ҳар бир нарсага ният шарт. Шунинг учун ҳам давоми...

13293 05:00 / 28.02.2017
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг давоми...

4565 15:32 / 11.04.2020
Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган 1. Вожиб. Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир. 2. Мандуб. Бу турдаги вараъ шубҳалардан давоми...

1577 19:00 / 06.01.2024
Cаломатлик бебаҳо бойликБир куни донишманднинг тоби қочиб, ётиб қолибди. Ҳолидан хабар олиш учун келган ҳаким унданndash Нима истайсан ndash деб сўрабди.ndash Соғлик, ndash давоми...

4200 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130285 14:35 / 11.08.2021