Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 6 жумадул аввал | 2024 йил 08 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (11-дарс). Тариқат ва шариат

10:08 / 14.12.2018 5965 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тариқат ва шариат орасидаги фарқни Ислом ва эҳсон орасидаги фарқни ўрганиш орқали англаб етдик. Аммо кишилар орасидаги саволларга эътибор берадиган бўлсак, кўпчилик инсонлар шариат билан тариқат орасидаги боғланишни – улардан қай бири аввал келади-ю, қай бири кейин келади – билишмайди.

Баъзи бир ўзини аҳли тасаввуфдан санайдиганлар: «Тариқат – ҳақиқатдир, шариат илми зоҳир, шунинг учун ҳамма эътиборни тариқатга қаратмоқ керак», дейдилар.

Баъзилари эса шариат илми билан машғул кишиларни «адашиб юрганлар» деб атайдилар ва уларга паст назар билан қараб, ҳатто сўрашишга ҳам жирканадилар.

Бинобарин, шариат илми олимлари, яъни фақиҳлар билан тариқат илмининг баъзи бир кишилари орасида ихтилофлар чиқиб, бир-бирларини ҳақорат қилиш даражасига бориб етадилар. Албатта, бошлиқлар орасидаги бу ихтилоф шогирдларга ҳам ўтиши турган гап.

Хўш, кимнинг гапи тўғри? Бу саволга жавоб бериш мақсадида тасаввуфнинг илм тарзида шаклланиши бошида турган улкан сўфийлар ҳолига назар соламиз.

Биринчи табақага мансуб катта сўфийлар ва зоҳидлар шариатнинг барча амрлари ва наҳийларига тўлиқ амал қилар эдилар. Бу ҳақиқатни тасаввуфнинг энг катта душмани бўлган Ибн Таймия ҳам ўзининг «Фатволар китоби»да эътироф этиб, қуйидагиларни ёзган:

«Жумҳури салафдан Фузайл ибн Иёз, Иброҳим ибн Адҳам, Абу Сулаймон Дороний, Маъруф Кархий, Сиррий Сақатий, Жунайд ибн Муҳаммад ва бошқа мутақаддимлар, шунингдек, шайх Абдул Қодир, шайх Ҳаммод, шайх Абул Баён каби мутааххирлар агар солик ҳавода учиш, сув устида юриш даражасига етганида ҳам шаръий амр ва наҳийлардан чиқиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Балки у ҳамма амрларни бажо келтирмоғи, ман қилинган нарсаларни тарк қилмоғи лозимлигини уқтирганлар. Китоб ва Суннат ҳамда салафи солиҳларнинг ижмоълари айнан шунга далолат қилади».

Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи «Мийзонул амал» китобида қуйидагиларни ёзади:

«Билки, Аллоҳ таолонинг йўлидаги соликлар жуда оздир, аммо уни даъво қилувчилар жуда кўп. Биз сенга доимий равишда кўз ўнгингда сақлашинг учун иккита аломатни билдирамиз:

Биринчи аломат – унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозиси ила тортилган бўлмоғидир. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида турмоғи шартдир. Чунки шариатнинг барча макоримларини эгалламасдан туриб, бу йўлга юриш мумкин эмас. Ахлоқни тўғриламай туриб, бу йўлга юриш мумкин эмас. Бу эса ўз навбатида бир тўп мубоҳларни тарк қилишни ва ман қилинган нарсалардан четда бўлишни ҳамда нафлларни кўп бажаришни тақозо қилади.

Баъзи шайхлардан бу ишларни енгил санаш нақл қилинган бўлса, бу айни ғурурдир. Муҳаққиқлар: «Агар сув устида юриб кетаётган кишининг шариатга хилоф иш қилганини кўрсанг, билки, у шайтондир», демишлар.

Иккинчи аломат – соликнинг қалби такаллуфсиз равишда Аллоҳ таоло билан доимий равишда ҳозир бўлмоғидир. Бу ҳозирлик унинг наздида очилган Аллоҳнинг жалоли туфайли лаззатни юксалтирадиган синиқлик, ёлвориш ва хузуъ ила бўлмоғи керакдир».

Бу табақадаги шайхларнинг ўзлари ҳам шариатнинг аҳамиятини қайта-қайта такрорлашдан эринмаганлар.

«Доиратул маъориф» китобида бу ҳақда шайх Саҳл Тистирийдан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Бизнинг аслларимиз олтитадир: Аллоҳнинг Китобини маҳкам тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш, ҳалол емоқ, озор беришдан ўзини тиймоқ, гуноҳлардан йироқ бўлмоқ ва ҳуқуқларни адо қилмоқ».

Яна юқорида зикр этилган китобда Абу Язид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳидан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Агар кароматлар берилиб, ҳаттоки осмонга кўтарилаётган кишини кўрсангиз, то унинг амр ва наҳийни тутганини, чегарада турганини ва шариатни адо этаётганини кўрмагунингизча, унинг билан алданиб қолманг».

Яна юқорида зикр этилган китобда Жунайд раҳматуллоҳи алайҳидан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан юрмаган киши учун барча йўллар беркдир».

«Ким Қуръонни ёд олмаса, ҳадисни ёзмаса, унга бу ишда эргашилмас. Чунки бизнинг бу ишимиз Китоб ва суннат билан боғлиқдир».

Ҳақиқий сўфийлар доимий равишда илм-маърифатга, хусусан, шаръий илмларни пухта эгаллашга даъватда бўлганлар.

«Ал-бурҳон ал-муайяд» китобида зикр қилинишича, тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтган:

«Сизлар: «Ҳорис айтди, Абу Язид деди, Ҳаллож гапирди», дейсизлар. Бу қандай гаплар ўзи? Сизлар: «Шофеъий айтди, Молик айтди, Аҳмад деди, Нўъмон деди», деб айтинглар. Олдин равшан муомалаларни тўғриланг, сўнгра ортиқча гаплар ила ҳузурланинг. Аввал шариат пойдеворларини илм ва амал билан мустаҳкамланг. Ундан сўнг ноаниқ илм аҳкомлари ва амал ҳикматлари ҳақида ҳиммат кўрсатинг.

Бир соатлик илм мажлиси етмиш йиллик ибодатдан афзалдир, яъни фарзлар устига зиёда қилинган ва киши илмсиз равишда қила-диган ибодатлардан. Аллоҳ зинҳор жоҳилни валий қилиб олмайди. Агар кимни валий қилиб оладиган бўлса, унга таълим беради. Валий ҳеч қачон ўз дини фиқҳида жоҳил бўлмайди. У қандай намоз ўқишни, рўза тутишни, закот беришни ва ҳаж қилишни яхши билади».

Бундан, аввал шариат аҳкомларини яхши ўрганиб олиб, сўнгра тариқат йўлига кирмоқ зарурлиги яққол кўриниб турибди. Шаръий аҳкомлар ҳақида сўз борганда тариқат шайхларининг гаплари эмас, фақиҳларнинг гаплари ўтиши ҳам бунинг оддий ҳақиқат эканини билдиради.

Дарҳақиқат, аввал шаръий илмни ўрганиб олмаган киши ибодатни ўринлатиб адо эта олиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам катта шайхлар ўзларига қўл бериб, ибодатга ўзларини бағишламоқчи бўлган кишиларни олдин шаръий илмларни эгаллаб олишга ундаганлар.

Бу ҳақда мисол тариқасида Шайх Муҳаммад Ҳошим Кашмий ўзининг «Зубдатул мақомот» номли китобларида Шайх Абдул Аҳад Махдумнинг таржимаи ҳолларида келтирган маълумотларни тақдим этамиз:

«Шайх Абдул Аҳадни ёшлик чоғида, дарс олиб турган кезида «илмул яқийн»ни ҳосил қилиш ва Роббул оламиннинг висолига эришиш истаги қамраб олди. Ҳаттоки у дарсларини тамомлашга ҳам сабр қила олмай қолди. Шунда у улкан шайх Абдул Қуддус Канкуҳий томон сафар қилди. У киши ўша пайтда Чиштия-Собирия тариқатининг раиси эдилар ва шуҳратлари етти иқлимга ёйилган эди. Бас, Абдул Аҳад Махдум у кишидан зикр ва вирдларни, яъни вазифаларни ўрганди. Руҳий тарбия ва сулук илмидан дарс олди. Сўнгра шайхдан шу ерда қолиб, Аллоҳга мулоқот бўлгунча (яъни етишгунча) ибодатда бўлишга рухсат сўради. Шунда кўп нарсадан хабардор ва кўп нарсани кўра биладиган шайх уни ниятидан қайтардилар ва қаттиқ таъкид ила диний ва шаръий дарсларини тугатишга ундадилар. У киши бу борада: «Илм ила рафиқ бўлмаган тариқатда нур ҳам, ҳаловат ҳам йўқдир», дедилар.

Абдул Аҳад Махдум шайхнинг ёши ўтиб қолганини ва заифлигини эътиборга олиб: «Мен бу мақсадни амалга оширишни диний илмларни ўрганиб бўлишимдан кейинга сурадиган бўлсам, сизни топа олмайманми деб қўрқаман», деди.

Шунда шайх: «Агар мени топмасанг, бу меросни ўғлим Рукнуддиннинг ҳузурида топасан», дедилар.

Абдул Аҳад Махдум у кишининг амрларига бўйсуниб, илм ва дарсни қайта бошлади».

Минг афсуслар бўлсинким, шайхликни даъво қилувчи кўпгина кимсалар ва муридликни даъво қилувчиларнинг аксарияти шаръий илмлардан бехабар ёки оз хабардор бўлганлари учун тасаввуфга ҳам доғ туширганлар ва туширмоқдалар.

Шариат билан тариқат иккиси бир-бирини тўлдиради. Улар орасида ихтилоф бўлиши мутлақо мумкин эмас. Агар баъзи бир гаплар чиққан бўлса, икки тарафнинг ўзи ҳам танқид қиладиган, Қуръон ва Суннатдан ташқаридан олинган нарсалар ҳақида бўлиши мумкин.

«Ал-Бурҳон ал-муайяд» китобида зикр қилинишича, тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий қуйидагиларни айтган:

«Агар ориф фақиҳ комил сўфийга: «Сен шогирдларингга: «Намоз ўқиманглар, рўза тутманглар, Аллоҳнинг чегарасида турманглар», деганмисан?» деса, нима дейди? «Аллоҳга қасамки, Худо сақласин», дейишдан бошқа нарсани айта олармиди?!

Агар комил сўфий ориф фақиҳга: «Сен шогирдларингга: «Аллоҳнинг зикрини кўп қилманглар, нафсга қарши мужоҳада ила уруш очманглар ва Аллоҳга ихлос билан амал қилманглар», деганмисан?» деса, нима дейди? «Аллоҳга қасамки, Худо сақласин», дейишдан бошқа нарсани айта олармиди?!

Шундай экан, модда ҳам, маъно ҳам, натижа ҳам бир. Фақатгина лафзлар бошқа-бошқа, холос.

Лафз ҳижоби сўфийлардан қай бирини модда, маъно ва натижа самарасини олишдан тўсса, у жоҳилдир.

Лафз ҳижоби фақиҳлардан қай бирини мазкур нарсаларнинг самарасини олишдан тўсса, у маҳрумдир».

Аҳмад Муҳаммад ибн Ажийба Ҳасанийнинг «Ийқозул ҳимам фий шарҳил ҳикам» номли китобида эса бу ҳақда қуйидаги ибораларни ўқиймиз:

«Фиқҳсиз тасаввуф бўлмас. Чунки Аллоҳ таолонинг зоҳирий аҳкомлари фақатгина фиқҳ орқали билинади. Шунингдек, тасаввуфсиз фиқҳ ҳам бўлмас. Чунки содиқ таважжуҳсиз амал бўлмас. Иймонсиз иккиси ҳам бўлмас. Чунки усиз уларнинг иккиси ҳам тўғри бўлмас. Бас, иккисининг ҳукми бир-бирига лозим бўлгани учун, иккисини ҳам тутмоқ лозимдир.

Бу худди жасадларга руҳлар лозим бўлганидекдир. Чунки жасадлар бўлмаса, руҳларга жой бўлмас. Руҳлар бўлмаса, жасадларга камол бўлмас.

Бу ҳақда Молик раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир. Ким фақиҳ бўлса-ю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибдир. Ким иккисини жамласа, муҳаққиқ бўлибдир», деган».


“Тасаввуф ҳақида тасаввурлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ноқобил уламоларМинг афсуслар бўлсинким, аҳли илмнинг ичида ҳам ноқобиллари учраб туради. Одам боласи турлитуман бўлиши ҳақиқатдир. Табиати бузуқ инсонлар ичида давоми...

3604 05:00 / 06.03.2017
126. Илгари мен ва соғлик молдунёни қидирган эдик. Бугун эса, мен ва молдунё соғликни қидиряпмиз.127. Ҳар сафар бемор кишини кўрсанг, Аллоҳдан унга шифо тилаб дуо қил давоми...

4421 15:10 / 09.04.2017
Баъзи ҳикмат аҳллари дейдики Вужуднинг соғлиги ва омонлиги оз ейишда, руҳнинг соғлиги ва омонлиги гуноҳсиз бўлишда. Диннинг омонлиги эса, Аллоҳ яратган давоми...

4622 10:31 / 19.10.2018
Юқорида айтиб ўтилган вирдларни яна ҳам яхши тушуниш, уларнинг ҳужжат ва далилларини билиб олиш ҳар бир мурид учун фойдадан холи бўлмайди. Чунки бу зикрлар ва давоми...

2457 13:02 / 29.11.2018
Аудиолар

133808 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54142 14:35 / 11.08.2021