Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 жумадул аввал | 2025 йил 11 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (89-дарс). Зокирнинг одоблари

13:00 / 13.06.2020 4175 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.

1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам сўраш.

2. Зокир таҳоратли бўлиши керак.

3. Фазилатли маконларни ихтиёр қилиш. Масжид, Ҳарамайни шарифайни ва шунга ўхшаш жойлар.

4. Фазилатли замонларни ихтиёр қилиш.

Имом Нававийнинг айтишича, зикр учун энг афзал вақт бомдод намозидан кейинги вақтдир. Ўша вақтда фаришталар ҳозир бўладилар.

Имом Молик шунинг учун ҳам «Бомдод намозидан то қуёш чиққунича гапириш ва ухлаш макруҳдир», деганлар.

Зикрнинг энг афзал мавсумларидан бири зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир.

Қолган барча вақтларда зикр мустаҳабдир.

5. Солиҳ амаллардан кейин зикр қилмоқ.

Аллоҳ таоло Жума сурасида марҳамат қилади:

«Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (10-оят).

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Намозни тугатганингиздан сўнг Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда зикр қилинг…» деган (103-оят).

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Ибодатларингизни тугатганигизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг…» (200-оят). 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамлар фарз намоздан қайтганларида овозни кўтариб зикр қилиш бор эди».

Бухорий ривоят қилган.

6. Ноқулай ҳолатларда зикрни тўхтатиш лозим.

Бунга халога киргандаги, жинсий яқинлик қилгандаги, жума хутбаси пайтидаги каби ҳолатлар киради.

7. Қиблага қараб зикр қилиш керак.

8. Рағбат, хушуъ ва хузуъ ҳамда тадаббур билан зикр қилиш лозим. Яъни фикрни жамлаб, айтилаётган зикрнинг маъносини тушуниб зикр қилиш лозим.

9. Зикрни холи қолиб қилишга ҳаракат қилиш.

Одамлардан панада бўлиб, хилватда зикр қилиш кўпчиликнинг ичидаги зикрдан афзалдир.

Ибн Ҳажар юқорида эслатилган ҳадисда келган «Агар бандам Мени ёлғиз зикр қилса, Мен ҳам уни ёлғиз зикр қиламан», деган иборадан «Махфий зикр ошкора зикрдан афзалдир» деган ҳукмни чиқарган.

Махфий зикрнинг афзаллиги бундан бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланган. Зотан, у риёдан йироқдир.

Аммо шариатда таъкидланган, овоз чиқариб айтиш лозим бўлган лаббайка, азон ва иқомага ўхшаш ҳолатларда овоз чиқариш шарт.

Қалби очиқ зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳидан бошқа жойда нажот йўқлигини англаб етганлар. Аллоҳ таолонинг даргоҳига эса У Зотга бўлган ҳақиқий муҳаббат ила вафот этмагунча эришиб бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат эса маҳбубни давомли зикр қилиш ва уни тарк этмаслик ила собит бўлади.

Давомли зикрга кераксиз ишларни, беҳуда ўйин-кулгини ташлаб, кечаси ва кундузи учун вазифа қилиб олинган зикрларни бажариш билан эришилади.

Охират саодатини ирода қилган банда ўзига истиғфор, таҳлил, такбир, салавот каби зикрларни вазифа қилиб олиб, доимий равишда адо этиб юради.

Албатта, уларнинг вақтини ва матнини ҳадиси шарифларда кўрсатилгандек йўлга қўйиш керак. Биладиган одамлардан таълим олинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Нафсни покловчи омилларга қанчалик амал қилинса, нафс шунчалик покланиб бораверади.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1даража Бу даража энг ёмони ҳисобланади. Унда риёкор савобни мутлақо ирода қилмайди. Мисол учун, одамлар кўришлари учун намоз ўқийди. Аммо ўзи ёлғиз бўлса, давоми...

3681 19:00 / 20.11.2021
Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳуБу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда давоми...

7079 17:00 / 08.02.2019
Эй биродарим, билиб қўйки, Аллоҳ, ўзининг Қуръонида ғийбатнинг ёмонлиги ҳақида кескин айтиб, ғийбат қилганни ўликнинг этини еганга ўхшатгандир. Аллоҳ Ўз каломида давоми...

3934 19:02 / 10.11.2018
Дарҳақиқат, ғийбатчи икки жиноят қилган бўлади биринчи ndash Аллоҳ таолонинг ҳаққига, У қайтарган ишни қилиб жиноят этади, бунинг каффорати қилган ишига тавба қилиб, давоми...

4439 05:00 / 28.02.2017