Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (217-дарс) Аллоҳга содиқлик

19:00 / 11.02.2023 1443 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган «садоқат», «содиқлик», «ростгўйлик» каби сўзлардан кўзланган маъно араб тилида «сидқ» шаклида бўлиб, сўзда бўлсин, бошқа нарсаларда бўлсин, «қувват» маъносини англатади. Бу сўз «кизб»нинг – ёлғоннинг зиддидир. Ёлғон ботил бўлгани учун кучсиз, сидқ ҳақ бўлгани учун қувватли бўлган.

Уламоларимиз сидқ ҳақида бир-бирини тўлдириб келадиган бир неча таърифларни айтганлар.

Роғиб раҳматуллоҳи алайҳи «Муфрадот»да:

«Сидқ гапнинг виждонга ва хабари берилаётган нарсага баробар тўғри келишидир. Бу шартлардан бирортаси йўқолса, сидқ тугал бўлмайди», деган (277-бет).

Журжоний «Таърифот»да:

«Сидқ ҳукмнинг воқега тўғри келишидир. У ёлғоннинг зиддидир», деган (132-бет).

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳидан сидқ ва ихлос ҳақида: «Икковлари бирми ёки ораларида фарқ борми?» деб сўралганда:

«Ораларида фарқ бор. Сидқ аслдир. Ихлос фаръдир. Сидқ барча нарсанинг аслидир. Ихлос фақат амалларни бошлагандан кейингина бўлади. Амаллар икковисиз мақбул бўлмайди», деган («Далилул Фолиҳийн», 202-бет).

Имом Абдулкарим Қушайрий:

«Сидқ аҳволингда аралашган нарса, эътиқодингда шубҳа ва амалингда айб бўлмаслигидир», деган.

Сидқнинг турлари

Уламоларимиз сидқнинг турларини учга бўлишган:

1. Гап-сўздаги содиқлик.

Бунда гап-сўз амалга тўғри келиши кўзда тутилган.

2. Амалдаги содиқлик.

Бунда қилинадиган ишнинг фармонга тўғри бўлиши кўзда тутилган.

3. Ҳолдаги содиқлик.

Бунда қалб ва аъзоларнинг амаллари ихлосга мувофиқ келиши кўзда тутилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам содиқларнинг имоми бўлганлар. Ул зотнинг энг машҳур сифатларидан бири «Содиқ» бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда сидқ сифати барча тарафдан мукаммал тарзда намоён бўлган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ قَالَ: حَدَّثَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ الصَّادِقُ الْمَصْدُوقُ: إِنَّ أَحَدَكُمْ يُجْمَعُ خَلْقُهُ فِي بَطْنِ أُمِّهِ أَرْبَعِينَ يَوْمًا نُطْفَةً، ثُمَّ يَكُونُ عَلَقَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يَكُونُ مُضْغَةً مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ يُنْفَخُ فِيهِ الرُّوحُ، وَيُؤْمَرُ بِأَرْبَعِ كَلِمَاتٍ: بِكَتْبِ رِزْقِهِ، وَأَجَلِهِ، وَعَمَلِهِ، وَشَقِيٌّ أَوْ سَعِيدٌ، فَوَاللهِ الَّذِي لَا إِلَهَ غَيْرُهُ، إِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ حَتَّى مَا يَكُونُ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلَّا ذِرَاعٌ، فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ، فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ فَيَدْخُلُهَا، وَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ النَّارِ حَتَّى مَا يَكُونُ بَيْنَهُ وَبَيْنَهَا إِلَّا ذِرَاعٌ، فَيَسْبِقُ عَلَيْهِ الْكِتَابُ فَيَعْمَلُ بِعَمَلِ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَيَدْخُلُهَا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У киши айтадилар: 

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. Ул зот содиқу масдуқдирлар:

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа
(зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки бахтлилигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳу маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу cевимли Набийи­миз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг «Ул зот содиқу масдуқдирлар», деган гаплари шу маънони ифода этади. 

Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири экани яхши маълум. 

Масдуқликлари, яъни ростгўйликлари тасдиқланган зот эканликлари ҳам худди шундай маълум ва машҳурдир. 
Ровийнинг аввал бу сўзларни айтиб олиб, кейин ўзи эшитган ҳадисни ривоят қилиши бу ҳадисда келадиган маъноларга мутлақо шак-шубҳа бўлмаслиги керак, деганидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бирлари Сиддиқ лақабини олганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исро ва меърож қилганларида мушриклар бу гапларга мутлақо ишонмасдан, масхара қилиб кулдилар.

Иймон келтирганлардан баъзилари муртад бўлиб, диндан қайтди. 

Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: 

«Ул зот шу гапларни айтдиларми?» деб сўради. 

«Ҳа», дейишди. 

«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», деди.

«Бир кечада Шомга бориб, яна тонг отмай туриб Маккага қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди.

«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди. 

Шундан сўнг Абу Бакр Сиддиқ, яъни ўта тасдиқловчи деб атала бошладилар.

«Сиддиқ» – «сидқи кўп одам» дегани. Баъзилар: «Ундан асло ёлғон содир бўлмаган одам сиддиқдир», деганлар. 

Баъзи уламолар: «Сиддиқлар набийлардан бир оз фазли кам одамлардир», деганлар.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

 

ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿﮀ ﮁ ﮂ ﮃﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ

 

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўловчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир», деган (Бақара сураси, 177-оят).

Оятнинг аввалида мусулмон одамга лозим бўлган гўзал сифатлар зикр қилиниб, охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганлар

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир», дея таърифланмоқда. 
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан: «Иймон нима?» деб сўраганларида Расулуллоҳ алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини жамлаб, бир-биридан ажрамайдиган тарзда бирлаштириб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлав­ҳа қўйибди. 

Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир», деб таърифламоқда.

Ҳа, ўшалар иймонида, Исломида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар ақийдасида, амалида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мукаллаф шахсдан шариат қиладиган талаблар уч қисмга бўлинади.Биринчи қисм ndash фақат таъаббуд ибодат маъноси мавжуд бўлган талаблар. Бунга ҳаждаги тош отиш мисол давоми...

3282 13:40 / 29.02.2020
126. Илгари мен ва соғлик молдунёни қидирган эдик. Бугун эса, мен ва молдунё соғликни қидиряпмиз.127. Ҳар сафар бемор кишини кўрсанг, Аллоҳдан унга шифо тилаб дуо қил давоми...

4176 15:10 / 09.04.2017
Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларкиndash Жаннатга фақат марҳаматли бўлган одам киради. Саҳоба дедиndash Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳаммамиз давоми...

2393 18:02 / 05.11.2018
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик ndash Аллоҳга, давоми...

1127 19:00 / 18.02.2023