Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (15-дарс). Тариқат силсиласи (давоми)

15:10 / 11.01.2019 6265 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳу

Бу зот ҳижрий 407 сана, милодий 1016 санада Фармадда туғилиб, ҳижрий 477 сана, милодий 1084 санада Тусда вафот этганлар.

Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳу ўрта бўйли, қорамтир рангли, пешонаси кенг, кўзлари ва киприклари қоп-қора зот эдилар. У киши муридларига отадан ҳам меҳрибон, барчага муҳаббатли эдилар.

Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳу зоҳир илмларни аввало Найсобурда шайх Абу Саъид Абул Хайр ҳазратларидан, сўнгра Абул Қосим Қушайрий ҳазратларидан олдилар. Ботиний илмларни эса аввало шайх Абул Қосим Гургоний Тусий ҳазратларидан, кей-инроқ Абул Ҳасан Ҳараконий ҳазратларидан олдилар. У киши бу икки улуғ зотга астойдил хизмат ҳам қилганлар.

Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳу хизмат аҳли бўлиб танилган кишилардан эдилар. У киши устозларининг изни ила бошқа устозларга ҳам ихлос билан хизмат қилар эдилар. Баъзи вақтларда керакли хизматларни буйруқ бўлмасдан олдин бажарар ва улуғ таважжуҳларга сазовор бўлар эдилар.

Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳу ўз асрларида салаф мазҳаби бўйича сўз соҳиби эдилар. Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи у кишининг талабаларидан бўлиб, айнан шу устознинг қўлларида ижтиҳод даражасига етганлар.

Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳу, шунингдек, Фостий ва Юсуф Ҳамадоний каби улуғ зотларни ҳам тарбиялаб етиштирганлар.

Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳу силсила омонатини Абул Ҳасан Ҳараконий ҳазратларидан олганлар.

Юсуф Ҳамадоний қуддиса сирруҳу

Бу зот ҳижрий 440 сана, милодий 1048 санада Ҳамадон шаҳрида туғилиб, ҳижрий 535 сана, милодий 1141 санада Ҳирот ёки Марвда вафот топганлар.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи заиф баданли, калта бўйли, буғдойранг юзли зот эдилар. У кишининг соқолларида фақат бита оқ тук бор эди. Зоҳидликлари ва тақволари худди Имоми Аъзамники каби эди. У кишининг тўлиқ исмлари Абу Яъқуб Юсуф ибн Айюб Ҳамадонийдир.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи ўн саккиз ёшларида Ҳамадондан Бағдодга келадилар ва Мавлоно Абу Исҳоқ ҳазратларидан фиқҳ, ҳадис, тафсир каби илмлардан дарс оладилар. Ўша ерда Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳининг суҳбатларини топадилар ва ўзлари ҳам ваъзу иршод ишларини бошлайдилар. Кейин Бағдоддан Исфаҳонга келиб, иршод ишларини кўпайтирадилар. Яна Абу Али Фармадий раҳматуллоҳи алайҳининг хизматларига етишадилар.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз суҳбатларида машойихларнинг ҳикматли сўзларини ҳам кўп ишлатар эдилар. У кишининг ҳимматлари олий эди. Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи Ҳирот билан Марвнинг орасида бориб-келиб турар ва ваъзу насиҳатда давом этар эдилар.

У кишидан истифода этганлардан беш одам буюк шайх ва тариқат намояндалари бўлиб етишдилар. Уларнинг номларини эслаб ўтайлик:

Хожа Убайдуллоҳ Баркий, хожа Ҳасан Антокий, хожа Аҳмад Яссавий, хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва хожа Ҳаким Саноъий.

Ҳазрати хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг бош халифалари Муҳаммад Порсо ҳазратлари ўзларининг «Фаслул хитоб» номли китобларида Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳар бири бир китобга тенг келадиган ҳикматли сўзларидан бир қисмини тўплаганлар.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Абу Али Фармадий раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу

Бу зот ҳижрий 515 сана, милодий 1121 санада Бухорои шарифнинг Ғиждувонида туғилганлар ва ҳижрий 595 сана, милодий 1199 санада ўша ерда вафот этганлар.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу узун бўйли, катта бошли, оқ рангли, гўзал юзли зот эдилар. У кишининг қошлари қалин, кўкрак ва елкалари кенг эди. У кишининг ота-оналари Бухорога Малатиядан ҳижрат қилиб келган эдилар. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг оталарининг исми Абдулжалил бўлган.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг оталари Абдулжалил солиҳ ва ориф бир киши эдилар. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу оналарининг қорнида бўлган кезларда оталари Абдулжалил ўз яқинлари билан Малатиядан Бухорога ҳижрат қиладилар.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу беш ёшликларидан Бухоронинг буюк олимларидан бири бўлган шайх Садруддин ҳазратларидан Қуръони Каримни ўргана бошладилар. У киши ёшлик чоғларидаёқ Каломуллоҳнинг дақиқ маъноларини ҳам англаб етадиган даражага эришдилар. Тез орада хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ояти карималар ҳақида айтган фикрлари устозларни ҳам ҳайратга соладиган бўлди. Бир куни у киши ўз устозларига Аъроф сурасидаги «Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас» ояти ҳақида: «Махфийликнинг ҳақиқати ва хафий зикр қандоқ бўлур? Агар инсон зикр ва дуони ошкора қилса, риёкорлик хавфи бор. Орага риё киргач, ҳақиқий зикр ва дуо бўлиши мумкин эмас», дедилар.

Шу ва шунга ўхшаш фикрлар самараси ўлароқ, Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши Нақшбандия тариқатида зикри хафий ва вуқуфи ададийнинг жорий бўлишига сабаб бўлдилар.

Шунингдек, «нафий ва исбот» йўли ила бўладиган зикр ҳам айнан хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг номлари билан боғлиқдир. Бу зикр бош эгилган ҳолда нафасни тутиб туриб, еттидан йигирма бир мартагача «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни қалбан айтиш ила бошланади. Бу ҳам зикри хафий, ҳам нафий исбот ва ҳам ҳаққоний муроқабадир.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу йигирма ёшларида шайх Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари билан кўришдилар ва у зотдан дарс ола бошладилар. Кейинроқ кўзга кўринган машойихларнинг бирига айландилар.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу Нақшбандия тариқатида ўн бир асосга эга бўлган дастур ишлаб чиқдилар. Сайри сулукка кирган ҳар бир кишига бу дастурни билиш жуда ҳам зарур:

1. Ҳуш дар дам.

«Ҳуш» сўзи «ақл-ҳуш», «ҳушёрлик» маъноларини, «дам» сўзи «нафас» маъносини билдиради. Бу шиорда ҳар бир олинган ва чиқарилган нафасда ҳушёр бўлиш, Аллоҳ таолони эсдан чиқармаслик маъноси ўз аксини топган. Яъни сўфий ҳар нафасида Аллоҳ таолони ёд этиб туриши лозим.

2. Назар бар қадам.

Қадамга назар солиш. Бу шиорга биноан, сўфийга юрганида доимо оёғининг учига назар солиб юриш тавсия қилинади. Яъни турли ҳаром нарсаларга назари тушишининг олдини олиш лозим.

3. Сафар дар ватан.

Ватанга сафар қилиш. Бу шиорда ҳар одимда аслига ва Ҳаққа сафар қилиш маъноси бўлиши кераклиги олдинга сурилган.

4. Хилват дар анжуман.

Анжуманда хилват қилмоқ. Бу шиорда сўфий ўзи халқ ичида турган бўлса ҳам, Ҳақ билан холи бўлиш малакасига эга бўлиши кўзда тутилган.

5. Ёд кард.

Ёд эт. Бу шиорда нафасни тутиб туриб, тил ва дил билан бирданига тавҳид зикрини қилиш кўзда тутилган.

6. Бозгашт.

Сўнгра ўт. Бу шиорда мақсад ва матлаб фақатгина Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши кўзда тутилган. Бунда солик зикр қилиб бўлгач, «Илоҳи анта мақсуди ва ризока матлуби», дейди ва бунинг маъносини ўйлайди. Бунинг маъноси эса «Илоҳим, Сен мақсу-димсан ва розилигинг матлубимдир», деганидир.

Аслида бу шиор ҳар бир мўмин-мусулмоннинг эзгу орзусидир. Яъни ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таолога ғойибона иймон келтириш билан бирга жаннатда, иншааллоҳ, Аллоҳ таолони кўришига қатъий ишонади. Унинг иймон келтириб, солиҳ амал қилишдан мақсади ҳам шу: Аллоҳ таолони бир марта бўлса ҳам кўриш ва кўнгли бутунлай таскин топган ҳолда жаннатда абадий яшаш. Бу дунёда банданинг истаги, орзуси, матлаби, ўзини Яратган Зотнинг розилигини топишдир. Чунки бу синов дунёсининг оғир имтиҳонларидан ўтиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эриша олган банда ҳар икки оламда ҳам абадулабад бахтли бўлади, иншааллоҳ.

7. Нигоҳ дошт.

Нигоҳ сол. Бу шиорда қалбни хавотирдан сақлаш кўзда тутилган. Бу орқали қалбга Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарса кирмаслиги таъминланади.

Бу ва бундан кейинги мақомлар, хусусан, «Ёд дошт», «Вуқуфи замоний» ва «Вуқуфи қалбий» ҳар бир мўмин-мусулмонга буюрилган тафаккур мақомидир. «Бир соатлик тафаккур бир кунлик ибодатдан афзалдир» ҳадисининг маъноси ҳам шу. Зеро, инсон ўзига берилган ақлу фаросат билан борлиққа, замонга ва энг аввало ўзига теран нигоҳ солиб, яратилмиш нарсаларнинг моҳияти ва Яратувчининг қудрати, адолати, шафқати, муҳаббати, инъоми ҳақида тафаккур қилса, ҳаёт, борлиқ фақат Аллоҳ таоло билангина мазмун касб этишини англайди. Шу ишонч иймондир, иймоннинг мадоридир. Бинобарин, тафаккур иймонга етакловчи, иймонга қувват бўлувчи омилдир. Шунинг учун ҳам холис тафаккур холис ибодатнинг олий даражасидир.

8. Ёд дошт.

Ёдга ол. Бу шиорда ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони ёдда тутиш кўзда тутилган.

9. Вуқуфи замоний.

Замондан воқиф бўлмоқ. Бу шиорда солик ўзи яшаётган замонни билмоғи ва ундан унумли фойдаланмоғи кўзда тутилган.

10. Вуқуфи ададий.

Ададдан воқиф бўлмоқ. Бу шиорда сўфийнинг зикр қилишда талаффуз қилинадиган лафзларнинг ададига алоҳида эътибор бериши кўзда тутилган.

11. Вуқуфи қалбий.

Қалбдан воқиф бўлмоқ. Бу шиорда қалбни Аллоҳнинг зикри, фикри ва амри ила машғул қилмоқ ҳақида сўз боради.

Хожа Муҳаммад Порсо ҳазратлари ўзларининг «Фаслул хитоб» номли китобларида хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу ҳақларида қуйидагиларни ёзганлар:

«Хожаи жаҳон, мутлақи шайхи комил, муҳаққиқ қутби замон, матлаъул анвор, манбаи асрор, ҳақоиқ ва маъонийнинг мукошифи ҳазрати хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳунинг усули бу тариқатга ҳужжат ва бошқа тариқатларга мактабдир. У киши ҳар он сидқи сафо йўлида бўлмишлар ва ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан айрилмаганлар».

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат аҳли эдилар.

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу силсила омонатини ҳазрати Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биринчи офат аҳамиятсиз нарсалар ҳақида гаплашишдир. Билгил, энг яхши ҳолат барча офатлар ғийбат, чақимчилик, ёлғон, тортишув, мужодала ва бошқалардан тилингни давоми...

4782 05:00 / 01.03.2017
Исломда молдунёнинг айни ўзи ёмонланмайди. Балки одамнинг молу дунёга бўлган муносабатидаги маъно ёмонланади. Одам боласидаги мазкур маъно молга ҳирс қўйиш, уни давоми...

2656 19:00 / 22.05.2022
Ибодатнинг энг оз даражаси, ўртачаси ва олий ҳолатдагиси бор. Шулар фарқлаб олинса, ҳеч қандай зиддиятларга, тафовутларга ўрин қолмайди, иншааллоҳ.Аллоҳ таолога давоми...

5944 15:02 / 30.11.2018
Ибн Қудома ал Мақдисий quotТаввобинquot номли китобларида Абдулвоҳид ибн Зайддан қуйидагича ривоят қиладиларБизлар кемада эдик, бирдан оролчада шамол кўтарилди. Ўша давоми...

3507 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

134239 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54582 14:35 / 11.08.2021