1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Нафсини поклаган киши нажот топур

05:00 / 01.03.2017 3064 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоний нафс махлуқотларнинг энг ажойибидир. У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мўъжизаларидан биридир. 

Агар у Мавлосига бўйин эгса, Холиқига ибодат қилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган пок шариат аҳкомларига қатъий риоя қилса, сокин, тақволи нафс ҳисобланади. 

Агар у Роббининг Тўғри Йўлидан оғса, узоқлашса, четга чиқса ва шайтоннинг йўлларига яқинлашса, фожир, бузғунчи, раҳматдан қувилувчи нафс ҳисобланади. 

Инсоний нафснинг туби улкан денгиз каби жуда чуқурдир. Чегарасиз бепоёндир. Махфийдир. Тарафлари кенг, бурчаклари бир-биридан узоқ, ўз моҳияти билан бутун оламни қамраб олувчи, аммо ҳар бир киши уни юраклари орасида кўтариб юрадиган ажиб хилқатдир. 

Ҳар бир нафснинг ўзига хос сифатлари, қизиқишлари, интилишлари ва орзулари бўлади. Ҳар бир нафснинг ўзига хос яширин сирлари бўлади. Ҳар бир нафсда макрга, алдовга ва турланишга қобилият бўлади. Атрофимиздаги барча инсонлар ўз нафсининг оламида яшайди. Ўша оламнинг қонунларига амал қилиб умргузаронлик қилади. Нафси чизиб берган йўлда юриб боради. 

Нафс соҳиби кўпчилик олдида солиҳ бўлиб кўринса-да, аммо унинг нафсида турли ёмонликлар қайнаётган бўлиши мумкин. 

Кўпчилик олдида камтар, тавозуъли кўринса-да, аммо нафси кибр касаллиги билан оғриган бўлиши мумкин. 

Кўпчилик олдида сахий, қўли очиқ бўлиб кўринса-да, аммо нафси бахиллик ва зиқналикка тўлиб кетган бўлиши мумкин. 

Кўпчиликнинг кўз ўнгида солиҳ амал қилса-да, аммо ўша амалнинг ортида хунук мақсад ётган бўлиши мумкин. 

Кўпчилик олдида чиройли сўз сўзлаши, аммо ўша чиройли сўздан ёмон мақсадни кўзлаётган бўлиши мумкин. 

Кўпчилик олдида камгап, сукути кўп бўлиб кўринса-да, аслида бундан ужб ва фахрни ирода қилаётган бўлиши мумкин. 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло банданинг зоҳирий амалига қараб ҳисоб-китоб қилмай, ўша амални қилувчининг нафси поклиги, қалби саломатлигига қараб муомала қилади. У Зот фақат пок, ибодатли, тақволи, ҳавосига ғолиб бўлган, шаҳватини синдирган нафс соҳибларнинг ибодатини қабул қилади. Қуръони каримда шундай дейилади: 

“Ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс, 8-9). 

Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ жасадларингизга ва суратларингизга назар солмайди. Лекин У Зот қалбларингизга назар солади”. Муслим ривояти. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: “Албатта, сизлардан бирингиз инсонларнинг кўзига жаннат аҳлининг амалини қилади. Ҳатто у билан жаннат орасида бир зироъ масофа қолади. Кейин ундан Китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, дўзахга киради. Албатта, сизлардан бирингиз инсонларнинг кўзига дўзах аҳлининг амалини қилади. Ҳатто у билан дўзах орасида бир зироъ масофа қолади. Кейин Китоб ундан ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, жаннатга киради”. Бухорий, Ибн Можа ривоятлари. 

Демак, қилинган амал одамларнинг кўзига гўзал амал сифатида ёзилади-ю, аммо у риё қилиб,  мунофиқлик қилиб бажарилгани учун ифлос амал деб ёзилади. Бир ҳадисда шундай дейилган: “Дўзахда биринчи бўлиб куйдириладиганлар: мужоҳид, садақа қилувчи, қори”. Термизий ривояти. Улар мазкур амалларни Аллоҳнинг розилигини кўзлаб эмас, балки риё учун, шуҳрат учун қилганлари сабабли дўзах оловида куйдириладилар. Дўзахда куядиганларнинг қаторида хиёнаткорлар, ёлғончилар, мунофиқлар ҳам бор. Улар зоҳирий амаллари билан одамларнинг кўзларини алдайдилар. Қалблари эса ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўштиданда бадбўйроқдир. Аллоҳ таоло қиёмат куни уларнинг яширган нарсаларини ошкор қилиб, шармандаларини чиқаради. Уларни барча халойиқлар олдида ўз ҳисобларига, қилган амалларига рўбарў қилади. 

Солиҳ инсонлар ушбу ҳақиқатларни бу дунёдаёқ англаб етиб, нафсларини тарбия қилишга, поклашга, жиловлашга, уни ўз чегарасида тутиб туришга ва уни Аллоҳнинг амрига бўйсунадиган қилишга уринадилар. Нафслари яширган ёмон касалликларни таниб, уларни йўқ қилиш пайидан бўладилар. Улар “Амалларнинг энг яхшиси - нафс унга мажбур қилинган амалдир”, “Албатта, нафс гўдакка ўхшайди. Агар уни эмишни яхши кўрадиган қилиб тарбия қилинса, шунга одатланади. Агар уни кўкракдан ажратишга ўргатилса, ажрайди”, “Албатта, нафсни ҳақ билан машғул қилмасанг, у сени ботил билан машғул қилиб қўяди”, “Албатта, нафснинг ҳавоси уни дўзахга етакловчидир. Нафснинг яхшиси эса уни жаннатга етакловчидир” дея бошқа кишиларни ҳам нафс тарбиясига ундайдилар. Уларга бу мавзуларда насиҳатлар қиладилар. 

Нафсни поклаш ва тарбия қилиш қуйидаги тўрт иш билан амалга ошади: 

Яккаю Ягона Аллоҳнинг кузатиб туришини доим ҳис қилиш; 

Аллоҳни турганда ҳам, ўтирганда ҳам кўп зикр қилиш; 

Охиратни доим ёдда тутиш; 

Нафснинг Аллоҳ ризосидан ўзга чақириқларига ижобат қилмаслик. 

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: 

“Бас, ўшанда кимки (дунёда) ҳаддан ошган ва дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда, фақат жаҳаннамгина (унга) макон бўлур. Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарганбўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” (Назиат, 37-41).  

Аллоҳ таолодан нафсларимизни тарбия қилишимизда ёрдам сўраймиз. У Зот нафсларимиз тақволи, қалбларимиз салим бўлишини барчамизга насиб этсин, омин!


Интернет материаллари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яхшиликлар иймоннинг мевалари, яхши амаллар ишончнинг маҳсули, ўйин кулгу эса, шубҳанинг самарасидир. Эшитиш ва кўриш тақводорларнинг икки сифати. Кўрлик ва давоми...

3766 05:00 / 01.03.2017
Осонлаштирувчи омиллар ишга солинмаса, .қиёмул лайл, жуда ҳам қийин ишдир. Мазкур омилларнинг зоҳирийси ва ботинийси бор.Зоҳирий омиллар қуйидагиларndash Кўп давоми...

3870 14:15 / 08.08.2020
1. Аллоҳ таолога нисбатан бўладиган одобнинг энг улуғ даражаси тавҳиддир, шунинг учун тавҳид бағрикенгликнинг энг улуғ сабабидир.2. Ким тавҳиднинг ҳақиқатини давоми...

1327 00:00 / 05.12.2022
4623. Абу Барза алАсламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси давоми...

7232 21:29 / 03.04.2017