
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Расули Муҳаммад алайҳиссаломни ҳеч бир ишда, ҳаттоки Қуръон тиловатида ҳам шошмасликка буюради:
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ
«Ҳақ Подшоҳ – Аллоҳ олий бўлди. Сенга ваҳийси битмасидан, Қуръонга ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ҳақиқий Подшоҳ – Аллоҳ таоло бутун борлиқдан олий – устун бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унутиб қўйишдан хавфсираб, ваҳий нозил бўлган пайтда Қуръони Карим оятларини Жаброил алайҳиссаломга қўшилиб ўқиб турар эдилар. Бу эса қийинчилик туғдирарди.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Расулини хотиржам этиб:
«Сенга ваҳийси битмасидан, Қуръонга ошиқма», демоқда.
Яъни «Эй Муҳаммад, сенга Жаброил ваҳийни охиригача ўқиб бермагунича, Қуръонни тиловат қилиб, оятларни ўқишга шошилма. Олдин Жаброил тўлиқ ўқиб берсин, кейин сен ўқийсан.
«Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин.
Шу дуонинг ўзи кифоя қилади.
ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ
«Унга шошилиб, тилингни у ила қимирлатма. Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур. Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда» (Қиёмат сураси, 16-19-оятлар).
«Биз Қуръонни сенга етказаётганимизда унутиб қўймайин деб, қўшилиб ўқиб турма.
Сўнгра сенга тушуниш мушкул бўлган жойини, ҳукмларини, маъноларини баён қилиб бериш Бизнинг зиммамизда».
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу оятлар маъносида қуйидагиларни айтганлар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил бўлаётган оятларда оғирлик сезар эдилар. Бирор нарсани ўтказиб юбормасдан, ёдлаб олиш мақсадида у билан тиллари ва икки лабларини қимирлатиб турардилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятларни нозил қилди.
Ана шундан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келсалар, бошларини қуйи солиб, жим тинглайдиган бўлдилар. Бас, қачон Жаброил кетсалар, Аллоҳ қандай ваъда қилган бўлса, ўшандоқ ўқир эдилар».
Аллома Исмоил ибн Касир худди шу оятлар тафсирида қуйидагиларни ёзадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни қабул қилиб олишга шошилар эдилар. Фариштанинг қироатидан олдинга ўтиб кетиб қолардилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла у зотни тинчланишга амр этди. Уни қалбларида жамлаб беришнинг, баён қилиб беришнинг, ойдинлаштириб беришнинг кафолатини олди. Биринчи ҳолат – уни қалбларида жамлаш. Иккинчи ҳолат – тиловати. Учинчи ҳолат – тафсири ва маъносини изоҳ қилиш».
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, суннатлари ва ҳадисларида ҳам таанний – шошмаслик мадҳ қилинган.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْأَنَاةُ مِنَ اللهِ، وَالْعَجَلَةُ مِنَ الشَّيْطَانِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шошилмаслик Аллоҳдандир. Шошқалоқлик шайтондандир», дедилар».
Термизий ва Байҳақий ривоят қилишган.
عَنْ زَارِعٍ الْقَيْسِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِلْمُنْذِرِ الْأَشَجِّ: «إِنَّ فِيكَ خَلَّتَيْنِ يُحِبُّهُمَا اللهُ: الْحِلْمُ وَالْأَنَاةُ»، قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَنَا أَتَخَلَّقُ بِهِمَا أَمِ اللهُ جَبَلَنِي عَلَيْهِمَا؟ قَالَ: «بَلِ اللهُ جَبَلَكَ عَلَيْهِمَا»، قَالَ: الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي جَبَلَنِي عَلَى خَلَّتَيْنِ يُحِبُّهُمَا اللهُ وَرَسُولُهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Зореъ ал-Қайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мунзир ал-Ашажжига:
«Сенда Аллоҳ хуш кўрадиган икки хислат: ҳилм ва шошмаслик бор», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, уларни мен ўзим хулқ қилиб олганманми ёки Аллоҳ мени шундай қилганми?» деди.
«Аллоҳ сени шундай қилган», дедилар.
«Мени Аллоҳ ва Унинг Расули хуш кўрадиган икки хислатли қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا وُضِعَ الْعَشَاءُ وَأُقِيمَتِ الصَّلَاةُ فَابْدَءُوا بِالْعَشَاءِ». وَفِي رِوَايَةٍ: «إِذَا قُدِّمَ الْعَشَاءُ فَابْدَءُوا بِهِ قَبْلَ صَلَاةِ الْمَغْرِبِ، وَلَا تَعْجَلُوا عَنْ عَشَائِكُمْ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон кечки таом қўйилса ва намозга иқома айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Қачон кечки таом тақдим қилинса, шом намозидан олдин ундан (таомдан) бошланглар. Кечки овқатингиз деб (намозда) шошилманглар», дейилган.
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِبِلَالٍ: «يَا بِلَالُ إِذَا أَذَّنْتَ فَتَرَسَّلْ فِي أَذَانِكَ، وَإِذَا أَقَمْتَ فَاحْدُرْ، وَاجْعَلْ بَيْنَ أَذَانِكَ وَإِقَامَتِكَ قَدْرَ مَا يَفْرُغُ الْآكِلُ مِنْ أَكْلِهِ، وَالشَّارِبُ مِنْ شُرْبِهِ، وَالْمُعْتَصِرُ إِذَا دَخَلَ لِقَضَاءِ حَاجَتِهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга:
«Эй Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, чўзиб айт. Қачон иқома айтсанг, тезлаб айт. Азонинг билан иқоманг орасида таом еювчи таомидан, шароб ичувчи шаробидан, қистаниб қолган кириб, қазои ҳожатдан фориғ бўлгунча вақт қўй», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.