Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ризонинг фойдалари ва ҳақиқати | Тазкия дарслари (293-дарс)

19:00 / 03.08.2024 2081 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Ризо ўз эгасини Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилигига мушарраф қилади.

2. Ризо Аллоҳ таолонинг норозилигидан сақлайди.

3. Ризо иймоннинг баркамоллиги ва Исломнинг гўзаллигидан далолатдир.

4. Ризо жаннатга олиб борувчидир.

5. Ризо дўзахдан четланишдир.

6. Ризо банданинг тақвосидан бир кўринишдир.

7. Ризо банданинг Робби ҳақида яхши гумонда эканининг далилидир.

8. Ризо Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш йўлидир.

9. Ризо бандага руҳий ва маънавий роҳат бағишлайди.

10. Ризо бандани руҳий ва маънавий изтироблардан озод қилади.

 

Ризонинг ҳақиқати

Ризо сабрдан юқори турадиган сифатдир. Сабр ҳавойи нафсга хилоф бўлган нарсаларга ва бало-офатларга ўз ҳаракати ила чора кўришдир.

Ризо эса Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган кимсанинг ўзига етган аламларни сезмаслиги ёки уларга парво қилмаслигидир.

Аламларни сезмасликка Мажнуннинг ҳолини мисол келтириш мумкин. Лайли ишқида девона бўлаёзган Мажнун эл-юртнинг маломатини ҳам, вужудига етган заҳматларни ҳам ҳеч сезмас эди. Зеро, маъшуқасини бутун вужуди ила севувчи ошиқ шундай ҳолга тушиши табиийдир.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати эса қалбни энг кўп ва қаттиқ машғул қилувчи омилдир. Бу муҳаббатга ғарқ бўлган одам ўзига етаётган ҳар турли аламни сезмаслиги ва розилик ила қабул қилиши турган гап.

Аламларга парво қилмаслик – аламни сезса ҳам, ундан рози бўлишдан иборат. Бу ҳолат худди талаби ризқ учун сафарга чиққан одамнинг ҳолатига ўхшайди. У сафари давомида турли машаққатларга учрайди. Аммо сафаридан келадиган фойдаларни ўйлаб мазкур машаққатларга парво қилмайди.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила қалби тўлган ҳамда У Зотнинг ажру савобидан, берадиган даражаларидан ва яхши ваъдаларидан умидвор бўлган банда ҳам мазкур нарсаларга эришиш йўлидаги аламларга парво қилмайди. Аксинча, уларга ўз ихтиёри билан боради.

Аслини олганда, иймоннинг асоси ҳам Аллоҳнинг қазосига, яъни ҳар қандай ҳукмига рози бўлишдан иборатдир. Яна ҳам аниқроғи, сабр иймондан бир бўлак бўлса, ризо айнан иймоннинг олий даражасидир.

Қуйида ўрганадиган ривоятларимиз бу ҳақиқатни тўлиқроқ англаб олишимизга ёрдам берар, деган умиддамиз

– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактубида:

«Аммо баъду: Албатта, яхшиликнинг барчаси ризодадир. Агар қурбинг етса, ризода бўлишга ҳаракат қил. Акс ҳолда сабр қил», деганлар.

– Маймун ибн Меҳрон: «Ким қазога рози бўлмаса, унинг аҳмоқлигига даво топилмас», деган.

– Робийъ ибн Анас: «Аллоҳга муҳаббатнинг аломати Уни кўп зикр қилишдир. Бир нарсага муҳаббат қилсанг, албатта, унинг зикрини кўп қилурсан.

Диннинг аломати Аллоҳга махфий ва ошкора ихлос қилишдир. Шукрнинг аломати Аллоҳнинг қадарига рози бўлиш ва қазосига таслим бўлишдир», деган.

– Абдулазиз ибн Абу Равод: «Гап арпа нонни сирка билан ейишда ёки жуну жанда кийишда эмас. Гап Аллоҳ азза ва жалладан рози бўлишда», деган.

– Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Бўлган нарсани «Бўлмасайди», деганимдан ёки бўлмаган нарсани «Бўлсайди», деганимдан кўра чўғни ютиб юборганим ва унинг нимани куйдирса куйдириб, нимани қолдирса қолдиргани афзал», деганлар.

– Бир одам Муҳаммад ибн Восеъга чиққан ярага назар солиб туриб: «Манави ярани кўриб, сенга раҳмим келмоқда», деди.

«У чиққанидан бери кўзимга чиқмагани учун шукр қиляпман», деди.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи сўфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтирилади. Туш ҳақида ўта давоми...

6544 17:30 / 11.07.2019
Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб давоми...

4899 14:00 / 27.02.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромларининг буюк ҳаётларига диққат билан назар соладиган бўлсак, тазкиятуннафс, ихлос ва ахлоқнинг давоми...

5964 11:05 / 14.11.2018
Молик ибн Динор ҳикоя қиладиҲаётимнинг аввалини ичкиликка берилиб, Аллоҳга осийлик ила бошладим. Одамларга зулм қилардим, уларни ҳаққини ердим, судхўрлик давоми...

6738 05:00 / 01.03.2017