Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадул аввал | 2025 йил 15 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Вараънинг фазилати | Тазкия дарслари (267-дарс)

19:00 / 03.02.2024 2533 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалбни кир қиладиган, ташвишга ва хижолатга соладиган нарсаларни тарк қилиш.

عَنْ النَّوَّاسِ بْنِ سِمْعَانَ الْأَنْصَارِيِّ قَالَ: سَأَلْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْبِرِّ وَالْإِثْمِ، فَقَالَ: «الْبِرُّ حُسْنُ الْخُلُقِ، وَالْإِثْمُ مَا حَاكَ فِي صَدْرِكَ، وَكَرِهْتَ أَنْ يَطَّلِعَ عَلَيْهِ النَّاسُ». رَوَاهُ الْمُسْلِمُ وَالتِّرْمِذِيُّ.

 

Наввос ибн Самъон Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот:

«Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Суфён Саврий айтади: «Вараъдан осон нарсани кўрмадим. Кўксингда тўқилган нарсани тарк эт».

Хосларнинг хосининг вараъ сифати:

Аллоҳ таолодан бошқага боғланишдан бош тортиш. Аллоҳдан бошқадан тамаъ қилиш эшигини ёпиш. Барча ҳимматни Аллоҳ таолога қаратиш.

Бу орифларнинг вараъ сифатидир. Улар Аллоҳ таолодан машғул қиладиган ҳар бир нарсани нолойиқ деб биладилар.

Вараънинг фазли

Ўтган гаплардан вараъ камолот сифатларини ўзида жамловчи мақом экани кўриниб турибди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи Маккага бориб, Масжидул Ҳаромга кирибди. Қараса, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бири Каъбага елкасини суяб олиб, одамларга ваъз қилаётган экан. Ҳасан унинг олдида тўхтаб:

«Диннинг асоси нима?» деди.

«Вараъ», деди.

«Диннинг офати нима?»  деди.

«Тама», деди.

Ҳасан қойил қолди. Бас, у:

«Бир зарра мисқолича вараъ минг мисқол намоз ва рўзадан афзалдир», деди».

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий айтади: «Банданинг фаҳмига унинг илмининг кўплиги ва вирдида бардавомлиги далолат қилмайди. Аммо унинг нурига ва фаҳмига Робби ила беҳожат бўлиши, қалби ила У Зотга берилиши, тамага қулликдан озодлиги ва вараъ зийнати ила зийнатлангани далолат қилади».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَبَا هُرَيْرَةَ، كُنْ وَرِعًا تَكُنْ أَعْبَدَ النَّاسِ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, вараъли бўл, одамларнинг энг ибодатлиси бўласан», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «ثَلَاثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ اسْتَوْجَبَ الثَّوَابُ، وَاسْتَكْمَلَ الْإِيمَانُ: خُلُقٌ يَعِيشُ بِهِ فِي النَّاسِ، وَوَرَعٌ يَحْجِزُهُ عَنْ مَحَارِمِ اللهِ، وَحِلْمٌ يَرُدُّ بِهِ جَهْلَ الْجَاهِلِ». رَوَاهُ الْبَزَّارُ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса кимда бўлса, савоби вожиб ва иймони комил бўлади: одамлар ичида яшайдиган хулқи, уни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсиб турадиган вараъ сифати, жоҳилнинг жаҳлини қайтарадиган ҳилми», дедилар».

Баззор ривоят қилган.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: مَرَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِتَمْرَةٍ مَسْقُوطَةٍ فَقَالَ: «لَوْلَا أَنْ تَكُونَ مِنْ صَدَقَةٍ لَأَكَلْتُهَا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдан бир дона хурмо топиб олдилар ва: «Агар садақа бўлишидан қўрқмаганимда, албатта буни ер эдим», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Туялар сотиб олдим. Уларни қўриқхонага ҳайдаб бордим. Улар семирганидан кейин бозорга олиб келдим. Умар розияллоҳу анҳу бозорга кириб, семиз туяларни кўрди ва:

«Булар кимники?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Умарники», дейилди.

«Эй Абдуллоҳ! Бай-бай! Мўминларнинг амирининг ўғли! Булар қандай туялар?!» деди.

«Озғин туялар эди. Сотиб олиб, қўриқхонага юбордим. Мусулмонлар қилган ишни қилдим», дедим.

«Мўминларнинг амирининг ўғлининг туясини боқинглар! Мўминларнинг амирининг ўғлининг туясини суғоринглар! Ҳой Абдуллоҳ ибн Умар! Сармоянгни олгин-да, фойдани мусулмонларнинг байтулмолига топшир!» деди».

Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири фосиқликдир. Фосиқ сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқиш маъносини давоми...

6678 05:00 / 28.02.2017
. ,. . . ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Мени бир давоми...

4201 19:00 / 24.12.2022
Авомларнинг вараъ сифати Хилоф бўладиган нарсалар қўриқхонасига тушиб қолмаслик учун шубҳали нарсаларни тарк қилиш. . ,. давоми...

2493 19:00 / 14.01.2024
Ватанпарварлик ndash улуғ фазилатБисмиллаҳир роҳманир роҳиймСизу бизга бу жаннатмакон диёрни, буюк алломалар юртини Ватан қилиб берган Парвардигоримизга ҳамду давоми...

9473 05:00 / 01.03.2017