
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Табайюн» сўзи луғатда «очиқ-ойдин билмоқ», «равшанлаштирмоқ» ва «аниқламоқ» маъноларини ифода этади.
Унинг «хабарнинг собит эканини текшириб кўриш», «қайта тасдиқлаб олиш» каби маънолари ҳам бор.
Уламолар бу сифатнинг таърифида: «Табайюн илм етишининг даражаларидан бири бўлиб, унда ноаниқликдан кейин равшан илм ҳосил бўлади», деганлар.
Бу сифат таанний сифатига яқиндир. Ораларида бир оз ўхшашлик ҳам бор. Аммо илмий равишда ўрганилса, орадаги фарқ ҳам равшан бўлади.
Бир нарсани очиқ-ойдин билмай туриб тасарруф қилиш, у хоҳ сўз бўлсин, хоҳ амал бўлсин, жуда ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобаи киромлар ҳаётида содир бўлган баъзи ҳодисаларни муолажа қилувчи, бу сифатнинг ҳар бир мўмин-мусулмонга лозим эканини англатувчи ояти карималар нозил бўлган.
Бу масалага оид оятлар сони ўн бештага етган. Шулардан баъзиларини ўрганамиз.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида кезиб юрсангиз, аниқлаб олинглар ва дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳини истаб, сизга салом берган кишига: «Мўмин эмассан», деманглар. Зеро, кўплаб ўлжалар Аллоҳнинг ҳузуридадир. Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга марҳамат кўрсатди. Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан ўта хабардордир» (Нисо сураси, 94-оят).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди.
Саҳобалар «Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса бермас эди», дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида кезиб юрсангиз, аниқлаб олинглар...» оятини нозил қилди».
Демак, ояти каримада Аллоҳ таоло бировнинг мўмин ёки мўмин эмаслиги ҳақида шошма-шошарлик билан ҳукм чиқариб, иш кўришни қораламоқда.
Мусулмонлар ҳеч қачон бу дунё матоҳини ҳисобга олиб иш кўрмасликлари лозим.
Шу билан бирга, яхши аниқламай туриб ҳам иш қилмасликлари керак. Қўй ҳайдаб ўтган одам уларга салом бердими, демак, бу билан у, мен ҳам мусулмонман, деди. Уни, сен мусулмон эмассан, деб ўлдириб, қўйини олиб қўйиш мусулмоннинг иши эмас.
Уларнинг бу ишлари бу дунёнинг ўткинчи ўлжаси учун одам ўлдиришдир.
«...ва дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳини истаб, сизга салом берган кишига: «Мўмин эмассан», деманглар. Зеро, кўплаб ўлжалар Аллоҳнинг ҳузуридадир».
Ҳолбуки, жиҳодга чиққан одам Аллоҳ учун чиқади. Аллоҳнинг ҳузурида эса ўлжалар жуда кўп. Аллоҳ таоло бу номаъқул ишни қилган мусулмонларга ўзларининг яқин ўтмишини эслатиб:
«Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга марҳамат кўрсатди», демоқда.
Яъни «Аллоҳ сизга иймон ва Ислом неъматини бермасидан аввалги ҳолингизни эсланг. Қандай эдингиз?! Шошқалоқ, аниқламай иш қиладиган ва бу дунёнинг ўткинчи матоҳи учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган одам эдингиз. Энди бу иш сизга тўғри келмайди.
Бу жумлани иккинчи бир маънода ҳам тушуниш мумкин, яъни: «Аллоҳ сизга тинчлик-омонлик неъматини бермасидан олдин сиз ҳам ўша ўлдирилган одамга ўхшаб, иймонингизни яшириб юрар эдингиз. Ана шу ҳолатингизни унутманг».
«Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан ўта хабардордир».
Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:
ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ
«Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Келинг, ояти каримани чуқурроқ тушуниш учун аввал унинг нозил бўлиш сабабини ўрганайлик.
عَنِ الْحَارِثِ بْنِ ضِرَارِ الْخُزَاعِيِّ قَالَ: قَدِمْتُ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَدَعَانِي إِلَى الْإِسْلَامِ، فَدَخَلَتُ فِيهِ، وَأَقْرَرْتُ بِهِ، فَدَعَانِي إِلَى الزَّكَاةِ، فَأَقْرَرْتُ بِهَا، وَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرْجِعُ إِلَى قَوْمِي، فَأَدْعُوهُمْ إِلَى الْإِسْلَامِ وَأَدَاءِ الزَّكَاةِ، فَمَنِ اسْتَجَابَ لِي جَمَعْتُ زَكَاتَهُ، فَيُرْسِلُ إِلَيَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَسُولًا لِإِبَّانِ كَذَا وَكَذَا، لَيَأْتِيَكَ مَا جَمَعْتُ مِنَ الزَّكَاةِ، فَلَمَّا جَمَعَ الْحَارِثُ الزَّكَاةَ مِمَّنِ اسْتَجَابَ لَهُ، وَبَلَغَ الْإِبَّانَ الَّذِي أَرَادَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُبْعَثَ إِلَيْهِ، احْتَبَسَ عَلَيْهِ الرَّسُولُ فَلَمْ يَأْتِهِ، فَظَنَّ الْحَارِثُ أَنَّهُ قَدْ حَدَثَ فِيهِ سَخْطَةٌ مِنَ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ وَرَسُولِهِ، فَدَعَا بِسَرَوَاتِ قَوْمِهِ، فَقَالَ لَهُمْ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ وَقَّتَ لِي وَقْتًا، يُرْسِلُ إِلَيَّ رَسُولَهُ لِيَقْبِضَ مَا كَانَ عِنْدِي مِنَ الزَّكَاةِ، وَلَيْسَ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْخُلْفُ، وَلَا أَرَى حَبْسَ رَسُولِهِ إِلَّا مِنْ سَخْطَةٍ كَانَتْ، فَانْطَلِقُوا، فَنَأْتِي رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَبَعَثَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْوَلِيدَ بْنَ عُقْبَةَ إِلَى الْحَارِثِ لِيَقْبِضَ مَا كَانَ عِنْدَهُ، مِمَّا جَمَعَ مِنَ الزَّكَاةِ، فَلَمَّا أَنْ سَارَ الْوَلِيدُ حَتَّى بَلَغَ بَعْضَ الطَّرِيقِ، فَرِقَ، فَرَجَعَ، فَأَتَى رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ الْحَارِثَ مَنَعَنِي الزَّكَاةَ، وَأَرَادَ قَتْلِي، فَضَرَبَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْبَعْثَ إِلَى الْحَارِثِ، فَأَقْبَلَ الْحَارِثُ بِأَصْحَابِهِ إِذَا اسْتَقْبَلَ الْبَعْثَ وَفَصَلَ مِنَ الْمَدِينَةِ، لَقِيَهُمُ الْحَارِثُ، فَقَالُوا: هَذَا الْحَارِثُ، فَلَمَّا غَشِيَهُمْ، قَالَ لَهُمْ: إِلَى مَنْ بَعَثْتُمْ؟ قَالُوا: إِلَيْكَ، قَالَ: وَلِمَ؟ قَالُوا: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ بَعَثَ إِلَيْكَ الْوَلِيدَ بْنَ عُقْبَةَ، فَزَعَمَ أَنَّكَ مَنَعْتَهُ الزَّكَاةَ، وَأَرَدْتَ قَتْلَهُ، قَالَ: لَا، وَالَّذِي بَعَثَ مُحَمَّدًا بِالْحَقِّ مَا رَأَيْتُهُ بَتَّةً، وَلَا أَتَانِي، فَلَمَّا دَخَلَ الْحَارِثُ عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «مَنَعْتَ الزَّكَاةَ، وَأَرَدْتَ قَتْلَ رَسُولِي؟» قَالَ: لَا، وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ مَا رَأَيْتُهُ، وَلَا أَتَانِي، وَمَا أَقْبَلْتُ إِلَّا حِينَ احْتَبَسَ عَلَيَّ رَسُولُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، خَشِيْتُ أَنْ تَكُونَ كَانَتْ سَخْطَةً مِنَ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَرَسُولِهِ، قَالَ: فَنَزَلَتِ ﮋ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﮊ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Ҳорис ибн Зирор Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганимда, у киши мени Исломга даъват қилдилар, мен Исломга кирдим ва иқрор бўлдим. Сўнгра мени закотга чақирдилар, унга ҳам иқрор бўлдим. Сўнгра:
«Эй Аллоҳнинг Расули, рухсат берсангиз, бориб қавмимни Исломга ва закот беришга чақирсам, ким кўнса, закотларини жамлаб қўйсам, фалон вақтда бир вакил юборсангиз, мен жамлаган закотларни олиб келса», дедим».
Сўнгра Ҳорис ўзига эргашганларнинг закотини жамлаб қўйиб, кутди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вакил юборлариши лозим бўлган вақт келди, лекин вакил келмади.
Ҳорис, мендан Аллоҳ азза ва жалланинг ва Расулининг аччиғи чиқди шекилли, деб гумон қилди ва ўз қавмининг аъёнларини жамлаб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга вакил юбориш учун вақт белгилаган эдилар. Вакил келиб, мендаги закотни олиши керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъдага хилоф қилмайдилар, вакилларининг ушланиб қолишини аччиқлари чиққанидан деб биламан. Келинглар, ўзимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борайлик», деди.
Бу орада Расулуллоҳ алайҳиссалом закотни олиб келиш учун Валид ибн Уқба исмли кишини Ҳориснинг олдига вакил қилиб юборган эдилар. Аммо Валид бир жойга етиб келганда, негадир қўрқиб, орқага қайтди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳорис закотни бермасдан, мени ўлдирмоқчи бўлди», деди.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Ҳорисга гуруҳ юбордилар. Юборилган кишилар энди Мадинаи Мунавварадан чиққан эдилар, олдиларидан Ҳорис одамлари билан чиқиб қолди. Юборилганлар:
«Ана, Ҳориснинг ўзи келяпти», дейишди.
Ҳорис яқинлашиб келиб:
«Кимга юборилдингиз?» дея сўради. Улар:
«Сенга», дейишди.
«Нима учун», деди.
«Расулуллоҳ алайҳиссалом сенга Валид ибн Уқбани юборган эдилар. Унинг айтишича, сен унга закотни бермай, уни ўлдирмоқчи бўлибсан», дейишди.
Шунда Ҳорис:
«Йўқ, Муҳаммадни ҳақ дин билан юборган Зотга қасамки, мен уни кўрганим йўқ ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ», деди.
Ҳорис Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига кирган эди:
«Закотни бермай, вакилимни ўлдирмоқчи бўлдингми?» дедилар.
«Йўқ, сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, уни кўрмадим ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ. Менинг олдимга Расулуллоҳнинг вакили бормагани учун, Аллоҳ азза ва жалланинг ва Унинг Расулининг мендан аччиғи чиқдимикан, деб бу ерга ўзим келдим», деди.
Шу пайт: «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар…» ояти нозил бўлди».
Аҳмад ривоят қилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ривоятлари шу ерда тугайди. Мазкур ривоятда кишини ажаблантирадиган ҳолатлардан бири – Расулуллоҳнинг вакиллари Валид ибн Уқбанинг айтилган ерга бормасдан, қўрқиб, орқага қайтиб келиб, ёлғон сўзлашидир. Одатда саҳобийлардан бундай иш содир бўлиши амри маҳол. Бу ҳақда аввалги уламолар ҳам кўп фикр юритишган, турли мулоҳазаларни билдиришган. Лекин қиссани яхшилаб ўрганиб чиқсак, ажабланишимизга ўрин қолмайди, деб ўйлайман. Нега Расулуллоҳнинг вакиллари келмаяпти, деб ташвишланиб, қавми билан ўзи боришга аҳд қилган Ҳорис ибн Зирор Хузоъий розияллоҳу анҳу от-уловни ҳозирлаб, кийиниб, қуролланиб йўлга чиқмоқчи бўлиб турганларида, Валид розияллоҳу анҳу бу ҳолни узоқдан кўриб ёки бировдан эшитиб, булар диндан қайтишган экан, билмабмиз-да, мана, қуролланиб чиқишяпти-ку, деб қўрққан бўлиши турган гап.
У орқасига қайтган, Ҳорис розияллоҳу анҳу ҳам ўз йўлларида давом этганлар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган иккинчи гуруҳ Мадинаи Мунавварадан чиқар-чиқмас, улар етиб келишган.
Бу ояти карима мусулмонлар ҳаётидаги энг муҳим масалани муолажа қилади. У ҳам бўлса, хабарни қабул қилиш масаласи. Агар хабар Аллоҳдан ва Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар.
Энди, одамлардан хабар қабул қилишга келсак, бу бир неча турга бўлинади. Аввало хабарчи динда, сўзида ўта ишончли киши бўлса, унинг хабари қабул қилинади.
Хабарчи фосиқ бўлса, яъни умрида бирор марта ёлғон гапирган, шариат ҳукмларидан бирортасига бирор марта амал қилмаган бўлса ва ҳоказо, унинг хабари текширилмай туриб қабул қилинмайди.
Бошқа ишончли манбалардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина, қабул қилинади. Яъни хабар берувчининг ҳоли номаълум – ишончли ёки ишончсизлиги аниқ бўлмаса, мисол учун, хабарчи нотаниш ёки шу пайтгача хабари синаб кўрилмаган одам бўлса ва ҳоказо ҳолатларда
ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ
«Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар»
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб:
«Эй иймон келтирганлар!» демоқда.
Демак, улар учун жуда ҳам муҳим бўлган бир хабарни етказмоқчи.
«Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...»
Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб...» дея хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, бу иш ҳақиқатан афсус-надоматга сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:
«...билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.
Надомат афсусланишдир. Афсусланиш бўлганда ҳам, доимий, бардавом афсусланишдир. Мисол учун, сабаби нузулдаги ҳодисани олсак. Агар Валиднинг гапига ишониб, суриштирмасдан, кофир бўлибди, деб Ҳорисни ўлдирилганда, ҳақиқатни билгандан сўнг ҳамма надоматда қолган бўлар эди.
Бир нарсани очиқ-ойдин билмай туриб ҳукм қилиш яхши эмаслиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам ўз ифодасини топган.
«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.