Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (106-дарс). Ахлоқни сайқаллаш йўли ва қалб хасталиги ва унинг тузалиш аломатлари

13:19 / 17.10.2020 2962 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўтган сатрлардан ахлоқда мўътадил бўлиш нафснинг соғломлиги, мўътадилликдан оғиш эса дард ва беморлик экани аён бўлади. Бинобарин, нафсни даволаш ҳам худди баданни даволаш каби бўлади.

Бадан мукаммал равишда яратилмагани, ғизо ва тарбия ила мукаммал бўлгани каби, нафс ҳам тўлдирилишга муҳтож ҳолда яратилган. Нафс поклаш, ахлоқни сайқаллаш ҳамда уни илм билан ғизолантириш ила мукаммал бўлади.

Агар бадан соғлом бўлса, табибнинг вазифаси унинг соғлиғини сақлаш бўлади. Агар у бемор бўлса, соғлиғини тузатишга ҳаракат қилиши керак бўлади.

Шунингдек, нафсда покизалик сайқалланган бўлса, уни сақлаб, янада бақувват қилиш пайидан бўлинади. Агар баркамол бўлмаса, унга баркамолликни жалб қилиш лозим бўлади.

Баданнинг хасталигига сабаб бўлган иллатни унинг зидди ила даволанади. Иссиқлик сабабидан хаста бўлган бўлса, унга совуқлик берилади. Тескариси бўлса, аксинча даволанади.

Шунингдек, ахлоқнинг бузуқ бўлишига сабаб бўлган қалб хасталиклари ҳам ўзининг зидди ила даволанади. Мисол учун, жоҳиллик дарди илм билан, бахиллик дарди сахийлик билан, кибр тавозе билан даволанади.

Баданларни тузатиш учун дорининг аччиғига чидаш ва иштаҳа тортиб турган нарсани тарк қилишда сабр керак бўлганидек, қалб хасталигини даволашда ҳам мужоҳаданинг аччиғига чидаш ва даволаш машаққатига сабр қилиш лозим бўлади. Унутмаслик лозимки, баданнинг хасталигидан ўлиб қутулиш мумкин, аммо қалб хасталигидан ўлиб ҳам қутулиб бўлмайди.

Муридлар нафсининг даволовчиси уларнинг ҳаммасига бир хил риёзатни белгилайвермаслиги керак. Аввало, уларнинг ахлоқларини ва хасталикларини текшириб кўрсин. Ҳамма дардни бир хил дори билан даволаб бўлмайди.

 Шариатни билмайдиган жоҳилни кўрса, илм билан даволайди. Мутакаббирни кўрса, унга тавозени ҳосил қиладиган давони буюради. Аччиғи тез одамни кўрса, унга ҳилмни ўргатади ва ҳоказо.

Қалб хасталиги ва унинг тузалиш аломатлари

Инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзига хос вазифани амалга ошириши учун яратилган. Ўша аъзо соғ бўлса, мазкур ишни яхшилаб адо этади. Агар аъзо хасталикка учраса, ўзига хос ишни бажаришга қийналади ёки бутунлай бажара олмай қолади. Қўл хасталанса, ушлаш қийинлашади, кўз хасталанса, кўриш қийинлашади ёки кўриб бўлмай қолади.

Шунингдек, қалб хасталанса, унинг ҳам ўзига хос ишига – илм, ҳикмат, маърифат, Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва ундан ҳосил бўладиган лаззатланишга халал етади ёки бутунлай маҳрум бўлади.

Юқорида зикр қилинган илм, ҳикмат, маърифат, Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва ундан ҳосил бўладиган лаззатланишлар одамни ҳайвондан ажратиб турадиган омиллардир. Демак, инсон ҳайвондан қалби ила ажрайди. Қалбнинг иши эса илм, ҳикмат ва маърифатдир.

Дунёдаги барча нарсаларни Аллоҳ таоло яратган. Инсон дунёдаги барча нарсалар ҳақида маърифатга эга бўлса-ю, Аллоҳ таолони танимаса, ҳеч нарсани билмагандек гап. Аллоҳ таолони таниса, ҳамма нарсани таниган бўлади.

Маърифатнинг аломати муҳаббатдир. Аллоҳ таоло ҳақида маърифати бор одам У Зотга муҳаббат қўяди. Аллоҳ таолога муҳаббати бор қалб соғлом, У Зотга муҳаббати йўқ қалб хастадир.

Қалб хасталиги яширин бўлиб, уни беморнинг ўзи ҳам сезмайди. Сезганда ҳам, даволаш қийинчиликларига сабр қила олмайди. Чунки уни даволаш учун ҳавойи нафсга хилоф иш тутиш лозим. Сабр қилса ҳам, ҳозиқ табиб топиш керак бўлади. Қалб беморликларининг табиблари уламолардир.

Қалб беморлигининг даволаниб, соғайиши қандай бўлади? Бунда қайси хасталикдан даволанишига қаралади. Мисол учун, бир қалбни бахиллик хасталигидан даволаш керак. Уни мол-мулкни сарфлашни ўргатиш ила даволанади. Аммо эҳтиёт бўлинмаса, сарфлаш ҳаддидан ошиб, исроф даражасига ўтиб кетиши мумкин. Исроф ҳам дард. Демак, меъёрни билмаса, бир дарддан бошқа дардга ўтиб кетиши мумкин.

Мақсадга эришиш учун энг тўғри йўл мўътадил бўлишдир. Ана ўшанда қалб бахиллик ва исрофчилик дардларидан фориғ бўлиб, соғайган бўлади.

Икки салбий тараф ўртасидаги мўътадиллик жуда ҳам нозик нарса. Уни аниқлаб олиш анча қийин. У соч толасидан ингичка ва қилич тиғидан ўткирдир. Ана ўша сиротул мустақиймда юрган одам бу дунёда ғам чекмаса ҳам бўлади. У охиратда албатта неъмат берилганлар билан бирга бўлади, иншааллоҳ. Мазкур истиқомат қийин бўлганидан бандага ҳар куни кўп марта «иҳдинас-сиротал мустақийм»ни такрорлаш амр қилинган.

Фақатгина яхши ахлоқлардан яхши амаллар содир бўлади. Ҳар бир шахс ўзининг сифатлари ва ахлоқларига диққат билан назар солсин. Нуқсонларини бирин-кетин тузатишга ўтсин ва бу ишнинг аччиғига азм ила сабр қилсин. Бора-бора бу иши ўзига ёқиб қолади. Бу худди кўкракдан ажратилган бола олдин ажрашга кўнмай, ажраганидан кейин кўкрак тутилса, афтини буриштириб қочганига ўхшайди.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молдунёнинг фойдалари дунёвий ва диний бўлади. Унинг дунёвий фойдаларини ҳамма яхши билади ва шунинг учун кўпчилик ўзини унга уради. Унинг диний фойдалари уч давоми...

2115 19:00 / 30.05.2022
Аллоҳ таоло тилни қалбнинг таржимони, яхшилик ва ёмонликнинг калити қилиб яратган. Шундай экан, қалбинг яхши бўлишини истасанг, тилингни тий. Тилни тийиш жоҳил давоми...

3778 14:05 / 14.09.2019
Замони саодатда ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ақоид, фиқҳ ва бошқа исломий илмлар қатори тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиққан эмасди. Ўша даврдаги давоми...

9808 10:57 / 17.08.2018
Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳуБу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда давоми...

5211 17:00 / 08.02.2019