1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Иффат ва Ҳаё

05:00 / 06.03.2017 4400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иффат.

«Иффат» сўзи луғатда «қабиҳ нарсадан тийилиш» деган маънони англатади.

Уламолардан Роғиб «Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосил бўлиши бўлиб, у ила шаҳватнинг ғалабасидан четланилади. Иффат нафсни ҳайвоний лаззатлардан тийиб туришдир. У ҳаддан ошган нафси бузуқлик билан нуқсон ҳисобланган шаҳватсизлик орасидаги ўртача ҳолатдир», – деганлар.

– Иффатнинг турлари.

Иффат икки турли бўлади:

Биринчиси – ўзини ҳаром нарсалардан иффатда тутиш.

Иккинчиси – гуноҳлардан иффатда бўлиш.

– Иффатнинг баркамоллиги.

Токи қўли, тили, қулоғи ва кўзи иффатли бўлмагунича, инсоннинг ўзи ҳам иффатли бўла олмайди.

– Иффатнинг фойдалари:

1. Иффат диннинг самараларидандир.

2. Иффат иймон мевасидир.

3. Иффат бу дунёда обрўни муҳофаза қилади.

4. Иффат охиратда ўз эгасини жаннати наъийм лаззатига эриштиради.

5. Иффат аъзоларни ҳаромдан сақлайди.

6. Иффат мурувватнинг рукнларидан биридир.

7. Иффат жамиятни фисқу фасод ва гуноҳдан тозалайди.

8. Иффат нафс баркамоллигининг далилидир.

9. Иффат иззати нафс далилидир.

10. Иффат ақл тўлалигининг далилидир.

11. Иффат нафснинг тозалиги далилидир.

12. Иффат ўз эгасини хотиржам қилади.

Ҳаё.

«Ҳаё» сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда, «Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».

Уламолар ҳаёни турлича таъриф қилганлар:

Журжоний «Ҳаё нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан эҳтиёт бўлиб, уни тарк этишидир», – деган.

– Ҳаёнинг турлари.

Ҳаё икки хил – туғма ва касб қилинган бўлади. Касб қилинган ҳаё шариатда иймоннинг шўъбаларидан ҳисобланган. Шариатда шундай ҳаё талаб қилинган, туғма ҳаё эмас. Чунки туғма ҳаё ўз-ўзидан бор нарса. Касб қилинган ҳаё ҳам, инсон ўзига яхши сингдирса, туғма ҳаё даражасига етиши мумкин.

– Маъсиятлар ҳаёни кетказади.

Маъсиятларнинг касофатларидан бири қалб ҳаётининг моддаси бўлган ҳаёни кетказишидир. Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир.

– Ҳаё нимадан пайдо бўлади?

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Ҳаё неъматларни ва нуқсонларни кўришдир. Иккисининг орасида ҳаё туғилади», – деган.

АбулФидо Исмоил Ҳаравий: «Ҳаё муҳаббат ила ўралган улуғлашдан туғилади», – деган.

– Ҳаёнинг фойдалари:

1. Ҳаё иймон хислатидандир.

2. Ҳаё Ислом гўзаллигидандир.

3. Ҳаё Аллоҳ таолодан хижолат бўлиб, маъсиятни тарк этишга ундайди.

4. Ҳаё Аллоҳ таолога муҳаббат қилиб, тоатга чорлайди.

5. Ҳаё бу дунё ва охират шармандалигидан узоқлаштиради.

6. Ҳаё иймон шўъбаларининг аслидир.

7. Ҳаё ўз эгасини виқорли қилади.

8. Ҳаё анбиёлар, саҳобалар, тобеъинлар ва авлиёларнинг сифатларидир.

9. Ҳаё Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатига сазовор қилади.

Шундай экан, ҳар бир банда ҳаёли бўлиш ҳаракатида бўлсин.

 

 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Мукаммал саодат йўли китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ учун зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат давоми...

4374 19:00 / 31.12.2022
Руҳий тарбия соҳасида бу икки сифат деярли доимо бирга зикр қилиб келинган. Баъзи ҳолатларда иккисини бир нарса деб тушунилгани ҳам мулоҳаза қилинади. Биз ўзимиз давоми...

3099 19:00 / 06.08.2023
Аллоҳ таоло .Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана давоми...

4683 05:00 / 28.02.2017
Қодир бўлган ҳар бир инсон, берадиган закоти ва садақасига муносиб одамни танласин. Бунга муносиб шахсларнинг бир неча сифатлари бўлади.Биринчи сифат Тақво.Закот давоми...

6060 13:00 / 28.03.2020