Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (27-дарс). Шайх масаласи (давоми)

17:30 / 06.04.2019 3916 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Худди шу фикрларни ҳақиқий сўфийларнинг ўзлари ҳам таъкидлаганлар. Фикримизнинг далили сифатида Ибн Банно Сарақситий раҳматуллоҳи алайҳининг сўфийлар ҳузурида катта мақомга эга бўлган «Ал-мабоҳисул аслийя» номли қасидасидан қуйидаги байтларни келтиришга ижозат бергайсиз:

Ор бўлсин илмларни рози қилмаганга,

Мавжуду ғайри мавжудни билмаганга.

Ор бўлсин аввал фақиҳ бўлмаганга,

Бошқа аҳкомларни идрок этмаганга.

Ор бўлсин ҳадду усулу тилни билмаганга,

Зикр ҳамда ҳадису бурҳонни билмаганга.

Ор бўлсин илми ҳолни маҳкам билмаганга,

Ва ҳам «эрлар» мақсадини идрок қилмаганга.

Ор бўлсин маъбуднинг сифатларин покламаганга,

Ва ҳам вужуднинг мартабаларин идрок қилмаганга.

Ор бўлсин нафсни ҳам ақлни ва руҳни билмаганга,

Ва шарҳ қилинган кўксини идрок қила олмаганга.

Ор бўлсин носих ва мансух илмин сирини билмаганга,

Ор бўлсин буларни билмай, шайхликни даъво қилганга.

Энди мазкур байтлардаги маъноларни теранроқ англаб етиш учун уларни қисқача шарҳ қилишга ўтайлик:

Ор бўлсин илмларни рози қилмаганга,

Мавжуду ғайри мавжудни билмаганга.

Яъни барча керакли илмларни ўрганмай туриб, шайхликни даъво қилувчига ор бўлсин. Мавжудлиги вожиб, мавжудлиги оризни ҳамда адамлиги вожиб ва адамлиги оризни ажрата олмай туриб, шайхликни даъво қилувчига ор бўлсин.

Ор бўлсин аввал фақиҳ бўлмаганга,

Бошқа аҳкомларни идрок этмаганга.

Яъни шайхликни даъво қилувчи шахс ҳамма нарсадан олдин фақиҳ бўлмоғи, шариат аҳкомларини дақиқ жойларигача тушунган бўлмоғи лозим. Агар шуларни билмай туриб, шайхликни даъво қилса, унга ору номус бўлсин! Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг ҳукмини билмай туриб, ўша ишлардан бирортасини қилиш мумкин эмас. Агар ўша шахс шайх бўлиб, омманинг тарбияси ила машғул бўладиган бўлса, унинг фақиҳ бўлмоғи яна ҳам зарур бўлади. Шунингдек, бундай одам ўзига тўқнаш келадиган ҳар бир аҳкомни билиш қобилиятига соҳиб бўлмоғи лозим.

Ор бўлсин ҳадду усулу тилни билмаганга,

Зикр ҳамда ҳадису бурҳонни билмаганга.

Яъни шайхликни даъво қилувчи шахс юқоридаги байтда айтилган илмларни билмаса, унга ор бўлади:

«Ҳадд» – мантиқ илми;

«Усул» – Усулул фиқҳ илми;

«Тил» – араб тилига оид сарф, наҳв, балоғат, фасоҳат ва маъоний каби илмлар;

«Зикр» – Қуръони Карим;

«Ҳадис» – Суннати Набавия;

«Бурҳон» – Илми ақоид.

Ор бўлсин илми ҳолни маҳкам билмаганга,

Ва ҳам «эрлар» мақсадини идрок қилмаганга.

Яъни «илми ҳол» – тасаввуфни яхши билмай туриб, тасаввуфнинг «эрлар»и бўлган катта уламоларнинг гаплари, ишоралари, рамзлари ва қасдларини яхши билмай туриб, шайхликни даъво қилган одамга ор бўлсин.

Ор бўлсин маъбуднинг сифатларин покламаганга,

Ва ҳам вужуднинг мартабаларин идрок қилмаганга.

Яъни Аллоҳ таолонинг сифатларини У Зотга лойиқ бўлмаган сифатлардан покламай туриб, шайхлик даъвосини қилганларга ор бўлсин. Вужуднинг ориз, вожиб, мушоҳид ва муғайяб каби мартабаларини билмай туриб, шайхлик даъвосини қилганларга ор бўлсин.

Ор бўлсин нафсни ҳам ақлни ва руҳни билмаганга,

Ва шарҳ қилинган кўксини идрок қила олмаганга.

Яъни шайхлик даъвосини қилган шахс нафс нима, ақл нима ва руҳ нималигини билмаса, уларнинг орасидаги фарқни англай олмаса, унга ор бўлсин. Шайхликни даъво қилган киши Ислом ила ёритилган қалбнинг нималигини, унинг аломати қандайлигини ва унга тегишли бошқа маълумотларни билмаса, унга ор бўлсин.

Ор бўлсин, носих ва мансух илмин сирини билмаганга,

Ор бўлсин буларни билмай, шайхликни даъво қилганга.

Яъни носих ва мансух илмини билмай туриб, тасаввуфда шайхлик қилишга уринган кишига ор бўлсин. Чунки Қуръон ва Суннатда нима носиху нима мансухлигини билмай туриб, кишиларнинг руҳий тарбияси ила машғул бўлиш ўзи залолатга кетиб, ўзгаларни ҳам залолатга кетказишдан бошқа нарса эмас.

Юқоридаги байтларда тариқат шайхи учун камчилик ҳисобланган баъзи нарсалар зикр қилинган бўлса, келгуси байтларда шайхнинг сулук бобидаги ўрни ва вазифаси ҳақида сўз юритилади.

«Албатта, бу қавм мусофирларимиздир,

Ҳақ ҳузурига қайта юрувчиларимиздир,

Сафарда далилга ҳам муҳтожларимиздир,

Ул юриш ҳам туришда басират эгамиздир,

Йўлни босиб ўтиб, қайтиб келганимиздир,

Ўзи фойда топган нарсани айтганимиздир,

Ундаги паст-баландлардан ўтганимиздир,

Қуму тупроқларини синаб кўрганимиздир,

Унда бориб-келиб, жавлон урганимиздир, 

Ҳар бир қиру водийда кўп юрганимиздир,

Хавфу хатар, амну омонни билганимиздир,

Анҳору булоқларни яхши билганимиздир,

Чўлу саҳроларни тинмай кезганимиздир,

Ғов ва тўсиқларни қўрқмай енгганимиздир,

Сув манзилларин ишонч-ла топганимиздир,

Ҳар бир ичиш жойин топиб, ичганимиздир,

Ул ушбу муҳим ишлар-ла тик турганимиздир,

Унга: «Сен отлиқлар шайхисан», деганимиздир,

«Мазкур сафар бўлур қалб билан», деганимиздир,

«Шайх эса бу ишда табиб каби», деганимиздир,

Ул уларнинг озғинин, семизин билганимиздир,

Ҳам қаттиғин, ҳам юмшоғин билганимиздир».

(давоми бор)

 “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Минг афсуслар бўлсинким, ҳижрий еттинчи асрдан кейин барча исломий билимлар бошига тушган таназзул тасаввуфни ҳам четлаб ўтмади. Замон ўтиши билан тасаввуфнинг давоми...

3286 05:00 / 07.03.2017
Ушбу китобимизнинг асосий мақсадига назар соладиган бўлсак, ваҳдатул вужуддан сўз очмасак ҳам бўлар эди. Чунки бу китобда биз сунний тасаввуфдан сўз давоми...

3538 17:00 / 20.07.2019
161. Олтин олов билан синалади. Аёл олтин билан синалади. Эркак аёл билан синалади.162. Агар чиройли аёл бамисоли қимматбаҳо тош бўлса, фозила гўзал хулқли, илмли аёл давоми...

4382 19:58 / 27.04.2017
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. давоми...

303 19:00 / 14 апрель
Аудиолар

120136 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41800 14:35 / 11.08.2021