1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Энг жоҳил жамият

13:00 / 18.08.2019 1990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва эътибор билан ўрганиб, авлоддан авлодга нақл қилиб келди. Муҳаддис уламоларимиз бу ривоятларни аниқ илмий йўл билан тад­қиқ қилиб, китобларга битдилар. Улар ҳақида китобимизнинг аввалида, тарих илмининг ёзилиши ҳақидаги мавзуда сўз юритдик.

Юқорида ўтган маълумотлардан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал бандаси ва пайғамбари эканларини ўргандик. Бу улкан ҳақиқатда заррача ҳам шубҳа йўқ. Шундай бўлганидан кейин ана ўша энг афзал зотнинг дунёга келишларига Аллоҳ таоло энг муносиб жамият, энг афзал макон ва замонни танлашида ҳам заррача шубҳа бўлмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун араб жамиятини энг муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жамият эди, чунки бу жамият асрлар давомида ўқиш-ёзиш, фан-маданият, илм-маърифат, дину диёнат, қонун-қоида, тартиб-интизом деган нарсаларни билган эмас.

Агар мазкур омилларни ўзида мужассам қилган халқ ичидан охирги замон пайғамбарини танлаб олинганида, одамлар «Бу халқ эскитдан ҳамма нарсани билиб келган, бу динни ҳам ўзлари ўйлаб, жорий қилишган», дейишлари мумкин эди. Бу нарсалардан холи бўлган араблардан ўзларига ўхшаган уммий шахснинг пайғамбар бўлиши ва у зотнинг раҳбарликларида қисқа муддатда бутун дунёнинг жаҳолат ботқоғидан Ислом нурига олиб чиқилиши эса илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Арабларнинг сиртдан нуқсон бўлиб кўринган мазкур сифатлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом хизмати йўлида фазилатга айланди, чунки мазкур омиллар туфайли уларнинг фикрига бирор мафкура чуқур ўрнашмаган эди. Бу эса арабларнинг бутун вужудига Ислом таълимотларининг таг-туби ила ўрнашиб кетишига ёрдам берарди. Уларнинг ҳеч кимга бўйсунмаганлари Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслик ишида ёрдамчи бўлар, қолаверса, ана шундай жоҳил халқнинг қисқа муддат ичида инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолишининг ўзи илоҳий мўъжизага айланарди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунё­нинг энг муносиб ўлкаси – Арабистон яриморолини танлади. Бу ўлка қадимий пайғамбарлардан кўпларига ватан бўлган ўлка эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Исмоил алайҳиссаломлар мана шу ўлкада яшаб ўтган, Иброҳим алайҳиссалом мана шу ўлкага Байтуллоҳни қурган эдилар. Мусо алайҳиссаломга мана шу ўлканинг Мадян ном­ли жойида пайғамбарлик берилган эди. Фиръавн ва унинг қавмининг тазйиқига учраган яҳудийлар мана шу ўлкадан паноҳ топишганди. Шунингдек, румликларнинг душманлигига дучор бўлган насронийлар ҳам мана шу ўлканинг Нажрон номли жойидан (Яман билан Ҳижоз оралиғи) паноҳ топишди. Аллоҳ таоло бу ўлканинг табиий, жуғрофий ва сиёсий ҳолатларини ана шундай ишлар учун жуда ҳам қулай қилиб қўйган эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси – Маккаи мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ер шаридаги қуруқликнинг қоқ киндигида жойлашган эди. Дунёдаги энг охирги, энг мукаммал, ҳамма замон ва маконлар, ҳамма халқлар учун кўзланган шариатнинг маркази айнан ана шундай жойда бўлиши матлуб эди.

Энг муҳими, бу шаҳарнинг бағридан пайғамбарларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи муаззама жой олган эди. Ўз нав­батида, Байтуллоҳни ҳамма араблар муқаддас ҳисоблашар эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён одамлар у ерга ҳаж қилишарди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динини жорий қилиш учун бундан кўра афзалроқ макон бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Замонга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила Ислом пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун энг муносиб пайтни ихтиёр қилди.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай давоми...

1791 06:00 / 28.05.2023
Омонатдорлик Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадиларРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. Олия аҳлидан бир киши келиб савол бердиndash Эй давоми...

4103 05:00 / 07.03.2017
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга тақдим қилган улкан хизматларининг инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигининг эълонидир. Бу инсоннинг шарафи ва давоми...

946 15:25 / 08.06.2023
ҳижратдан аввалги 34 йил зулқаъда ойи милодий 590 йилЎша пайтларда Зубайд қабиласидан бир киши сотиш учун Маккага нарса олиб келди. Унинг нарсасини Қурайшнинг давоми...

2240 12:45 / 02.10.2019
Аудиолар

120890 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42459 14:35 / 11.08.2021