1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғафлат қалбнинг ўлимидир

17:01 / 18.08.2019 2487 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.

– Маҳзунлик – ишга хилоф содир бўлганда ични қабзият босишидир.

– Надомат – бўлган нарсага ачиниш ва ўша нарсанинг бўлмаслигини исташдир.

Зикр қалбнинг ҳаётидир. Ғафлат қалбнинг ўлимидир. Ғафлатнинг охири яхшини ёмон санаш билан тугайди. Бу эса ўша ёмоннинг қабиҳлигини унутишдан бошланади. Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ўша нарсадан огоҳлантирмоқда.

Қалб ҳаётининг сабаби учтадир: дунёда зоҳид бўлиш, Аллоҳ таолони зикр қилиш ва Аллоҳ таолонинг авлиёлари суҳбатида бўлиш.

Қалб ўлимининг сабаби учтадир: дунёнинг муҳаббати, Аллоҳ таолонинг зикридан ғофил бўлиш ва аъзоларни маъсият содир қилишга қўйиб юбориш.

Қалб ўлимининг аломатлари учтадир: фавт бўлган ибодатларга маҳзун бўлмаслик, содир қилинган тойилишларга надомат чекмаслик ва маънавий ўлик бўлган ғофиллар билан суҳбатда бўлиш.

Зотан, тоатларнинг содир бўлиши саодат аломатидир, маъсиятларнинг содир бўлиши шақоват аломатидир. Агар қалб иймон ва маърифат ила тирик бўлса, ўзига шақоват келтирадиган нарса унга алам келтиради ва саодат келтирадиган нарса уни шодмон қилади.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ سَرَّتْهُ حَسَنَتُهُ، وَسَاءَتْهُ سَيِّئَتُهُ، فَهُوَ مُؤْمِنٌ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Кимни яхшилиги хурсанд қилса ва ёмонлиги хафа қилса, ўша мўминдир».

Табароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан мўмин одам шариатга мувофиқ иш қилса, хурсанд бўладиган ва шариатга хилоф иш қилса, хафа бўладиган одамлигини билиб оламиз. Ушбу ҳадисдан мўмин инсон ҳам шариатга номувофиқ иш қилиши мумкинлиги ҳақиқатини ҳам англаб оламиз. Зотан, фақат анбиёларгина маъсум – хатога йўл қўймайдиган, гуноҳ иш содир этмайдиган зотлардир. Уларни бу нарсалардан асрашни Аллоҳ таолонинг Ўзи зиммасига олган.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи эса ўзининг ушбу ҳикматида тоатни ўтказиб юборишдан хафа бўлмаслик ва содир бўлган хатога надомат чекмаслик қалбнинг ўлими аломати эканини таъкидлаган.

Нима учун мўминнинг хатоси эмас, хатога надомат қилмаслиги, тоат қилмаслиги эмас, қилинмаган тоатга маҳзун бўлмаслиги қалбнинг ўлими деб аталмоқда?

Бу саволнинг жавоби қуйидагича: Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бизнинг идрокимиз етадигани ҳайвонот олами, фаришталар олами ва инсоният оламидир.

Аллоҳ таоло ҳайвонларни жонли, шаҳватли, насл қолдирадиган қилиб яратган. Улар бу дунёда ейдилар, ичадилар, яшайдилар, насл қолдирадилар ва жонзотларга оид бошқа фаолиятларни ҳам олиб борадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан юкланган барча вазифаларни чуну чаросиз бажарадилар. Аммо Аллоҳ таоло уларга ақл ва қалб бермаган, шунинг учун уларни қилган ишларининг ҳисобини қилишга, охиратда жазога тортмаган ёки мукофот бермаган.

Фаришталар эса нурдан яратилганлар. Уларда шаҳватнинг бирорта туридан заррача ҳам йўқ. Улар фақат ақл ва идрок билан Аллоҳ таолонинг айтганидан заррача четга чиқмай амрни бажо келтирадилар. Бунинг мукофотига Аллоҳ таоло уларни Ўзининг муқарраб бандалари қилиб олган. Улар фақат мукофот оладилар. Жазога тортилмайдилар.

Инсонга эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг сифатларини аралаштириб берган. Унда ҳайвонлардаги шаҳватнинг барча турлари ҳам, фаришталардаги ақл ва қалб ҳам бор.

Агар инсон ақлини ва қалбини шаҳватидан устун келтириб, ҳавойи нафсини енгиб, Аллоҳ таолонинг шариатида юрса, фариштадан афзал бўлади. Чунки фаришталарнинг ибодати шаҳватларини енгиб эмас, ўзларидаги гуноҳ қилиш қобилияти йўқлиги асосида бўлади. Инсон эса жинс, қорин, мол-дунё зийнати, мансаб ва бошқа кўплаб шавҳатларини енгиб, уриниб, ҳаракат қилиб, Аллоҳ таолонинг ибодатида собитқадам бўлади.

Агар инсон шаҳватини ақли ва қалбидан устун қўйиб, ҳавойи нафсига берилиб, шаҳватларнинг кетидан қувиб, Аллоҳ таолонинг шариатига юрмаса, ҳайвондан баттар бўлади.

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳафс ибн Ғиёсдан ривоят қилинади .Амр ибн Қайс Малоъийга ўлим ҳозир бўлди. Унинг йиғлаганини кўриб, асҳоблари .Нимага дунё учун кўз ёш тўкяпсан Аллоҳга қасам, чидаб давоми...

1663 08:20 / 16.04.2020
Бишр ибн Мансурдан ривоят қилинади .Ато Салимийнинг ҳар куни асрдан кейин шундай деганини эшитар эдим .Ато эртага қабрда бўлади, Ато эртага қабрда бўладиhellip,.Солиҳлар гулшани, китобидан

2145 08:04 / 27.02.2020
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Жаннат аҳли у ерда жаннатда ейди, ичади, туфламайди, бавл давоми...

7302 13:30 / 27.01.2019
Бу воқеа, аслида 1999 йилда рўй берган. Унгача Жефри Ланг эътиқод масаласида жуда кўп қарамақаршиликларга дуч келганди.Ёш католикЖефри Ланг АҚШдаги энг йирик давоми...

5530 20:08 / 16.11.2018
Аудиолар

213426 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132640 14:35 / 11.08.2021