Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (31-дарс). Тариқат йўлига кириш ва юриш

21:00 / 03.05.2019 4407 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу йўлга киришнинг бошланғич нуқтаси кишида ҳимматнинг қўзғалиши билан бўлади. Тасаввуф йўлига киришга ҳиммат қилган одам ўзига муршид ахтара бошлайди. Агар муршиди комил топилса, у ҳимматли кишини ҳолига яраша йўлдан олиб боришга киришади.

Албатта, муриднинг ҳам тоатга тайёргарлиги бўлиши керак. У шайх берган тарбия ва вазифаларни қабул ва татбиқ қилиш қобилиятига соҳиб бўлмоғи лозим.

Муршиди комил ўзининг янги шогирдига илм ва зикрдан таълим бера бошлайди. Унинг ҳолига яраша илм ва зикр беришни йўлга қўяди. Янги мурид илм ва зикр суҳбатларида иштирок эта бошлайди. Аста-секин унинг савияси ва қобилияти маълум бўлади.

Дастлабки босқичда янги мурид асосий эътиборни тавба ва унинг шартларига қаратади. У истиғфорни кўп айтади ва одамларнинг ўзидаги ҳақларини қайтариб беришни йўлга қўяди.

Унинг ихлоси ортиб борган сари, иймон завқини ҳис қилиши ҳам ортиб бораверади. Шу тарзда муридда аҳли салоҳлик аломатлари пайдо бўлади. Ана шу аломатлар пайдо бўлганда биринчи босқич тугайди.

Иккинчи босқичда мурид ўз нафсига қарши жиҳод қилишга ўргатилади. Бунда унга фарзларни тўлиқ адо этиш, одоблар, нафл ибодатлар, ҳикматли жимлик, мўътадил очлик, тарбиявий узлат ва хайрли бедорлик ўргатилади.

Тасаввуф илмида «мужоҳада» номи ила машҳур бўлган ушбу босқичнинг амалларини бирма-бир кўриб чиқайлик:

1. Аллоҳ таолога ва Унинг ваҳдониятига ҳамда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг Расули эканликларига иймон келтириш ёки уни янгилаш. Куфрдан иймонга ўтилаётган, иймонни инкор қилиб ёхуд масхара қилиб турилган шароитда уни баралла эълон қилишнинг аҳамияти каттадир. Шунинг учун ҳам аҳли тасаввуф мужоҳаданинг аввалига зикрни эмас, иймон шартини қўйганлар.

2. Фарзларни вақтида адо этиш. Бунда намоз, рўза, закот ва ҳаж ибодатларини фарз бўлган вақтда яхшилаб адо этиш йўлга қўйилади. Шунингдек, никоҳ, савдо-сотиқ, ота-онага ҳамда қариндошларга яхшилик қилиш каби амалларни ҳам ўз ўрнида адо этиш йўлга қўйилади.

3. Нафл намоз ўқиш, нафл рўза тутиш, садақа қилиш, эътикоф ўтириш, нафл ҳаж қилиш, дуолар, зикрлар ва қироати Қуръон қилиш каби ишлар йўлга қўйилади.

4. Аҳли тасаввуф ичида «мужоҳада рукнлари» деб аталмиш «узлат», «жимлик», «бедорлик» ва «очлик» йўлга қўйилади.

Биз ўрганаётган мужоҳаданинг тўрт рукнидан биринчиси узлатдир. Узлат деганда кўпчиликдан ажраб, ёлғиз қолиш тушунилади. Аслида мусулмон киши кўпчиликдан ажрамасдан юриши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қиладиган мўмин одамларга аралашмайдиган ва уларнинг озорларига сабр қилмайдиган мўминдан яхшидир», деганлар.

Яна у зот имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:

«Аллоҳнинг қўли жамоат биландир. Ким ажраса, оловга ажрайди», деганлар.

Бу маънодаги ҳадиси шарифлар анчагина.

Аммо шу билан бирга, мўмин одам қўшилмаслиги лозим бўлган жамоалар ҳам бор. Мўмин киши куфру исён ҳамда фисқу фасод жамоаларидан узоқда бўлиши лозим. Мана шу «узлат» дейилади.

Аллоҳ таоло узлатни ихтиёр қилган Иброҳим алайҳиссаломнинг нидоларини шундай баён қилади:

«Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам» (Марям сураси, 48-оят).

Ушбу оятда зикр қилинган четланиш айни узлатдир.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида ҳам узлат ҳақида сўз юритиб:

«Ҳақиқатан, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор. Улар: «Биз сиздан ва сиз ибодат қилаётган нарсадан безормиз, сизга куфр келтирдик, энди токи ягона Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча, орамизда доимий адоват ва кучли нафрат пайдо бўлди», дедилар», дейди (4-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таолога иймон келтирмаганлардан узлатда бўлиш ҳақида сўз бормоқда.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида:

«Оятларимизни (истеҳзо қилишга) шўнғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шўнғигунларича, улардан юз ўгир. Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг золим қавмлар билан ўтирма!» деган (68-оят).

Иймон масаласида зид бўлган қавм билан бирга ўтириш, унс-улфат топиш осон иш эмас. Айниқса ўша кофирлар мажлисда Аллоҳ таолонинг оятларини масхара қилаётган бўлсалар. Уларнинг бу истеҳзоларини тинглаб ўтириш мўмин-мусулмонга ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «золим қавмлар» – мушрикларнинг ўшандай мажлисларида ўтиришларини ман қилмоқда.

«Оятларимизни (истеҳзо қилишга) шўнғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шўнғигунларича, улардан юз ўгир».

Демак, ундай қавм қурган мажлисга яқинлашиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Агар гап нима ҳақида бораётганидан бехабар ёки ушбу амри илоҳийни унутиб қўйиб, улар билан ўтириб қолинган бўлса,

«Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг золим қавмлар билан ўтирма!» деган кўрсатмага биноан, у мажлисдан дарҳол туриб кетиш лозим.

(давоми бор)

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
давомиБаъзи кишиларда .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи салавот айтиб турса, Унинг фаришталари салавот айтиб турса, мўминларнинг давоми...

2402 12:04 / 01.12.2018
Руҳий тарбия илмида .риёзат, деб нафсни чиниқтириш мақсадида нафсни Аллоҳнинг тоатида чиниқтиришга айтилади.Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг сифатидир. Ёмон давоми...

3784 13:11 / 17.10.2020
Ихлос амалларнинг мағзидир. Қилинган амалнинг қабул бўлиши ёки бўлмаслиги ундаги ихлоснинг бор ёки йўқлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳам ихлос мавзуси давоми...

2777 05:00 / 01.03.2017
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, ҳар бир тариқатнинг ўз шайхидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган силсиласи бор. Мазкур силсилага кирувчи давоми...

4543 21:09 / 10.11.2018
Аудиолар

120148 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41810 14:35 / 11.08.2021