1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳдан сўраш

05:00 / 06.03.2017 9550 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

658. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», дедилар».

Шарҳ: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Аллоҳдан У Зотнинг фазлини сўранг, чунки Аллоҳ сўралишни хуш кўради», дейилган.

Демак, Аллоҳ таолодан сўрамаган кишидан Аллоҳ таоло ғазабланар экан, шунинг учун барча ҳожатларимизни Роббул оламийнга арз қилиб, мушкулларимизни осон қилишини сўраб дуо қилиш биз учун фарзу вожиб амаллардан экан.

Худди шу ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бошқа йўл билан ҳам ривоят қилинган.

Аллоҳ таолодан бирор нарсани сўрамайдиган одамнинг кимлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Албатта, Аллоҳ таоло ундай одамдан ғазабланиши турган гап. Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай бўлишдан сақласин.

659. Анасдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга дуо қилсангиз, дуода азму қарорли бўлинг. Зинҳор бирортангиз: «Хоҳласанг, бергин» демасин, чунки Аллоҳни мажбурловчи йўқ», дедилар».

Шарҳ: Аллоҳ таоло бандасининг сўрашидан безор бўлмайди. Банда сўраса бас. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча махлуқотларнинг сўраганларини тўплаб туриб, ҳар бирига сўраганидан юз баравар, миллион баравар ортиқ қилиб бериб юборса ҳам, мулкидан заррача камаймайди.

Шунинг учун кўп нарса сўраб юбормадимми, каби ноўрин андиша қилиб ўтирмасдан, азму қарор билан сўрайвериш керак. Дуоларим албатта қабул бўлади, деган ишонч билан сўраш лозим.

Бу ҳадиси шарифда келган маънога ҳаётда жуда кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Баъзилар: «Дуо қилганимда фалон нарсани ҳам сўрасам бўлар экан» қабилидаги гапларни кўп гапиришади. Бундай афсуслар такрорланмаслиги учун дуода ушбу ҳадиси шарифга доимо амал қилишимиз лозим бўлади.

660. Абон ибн Усмондан ривоят қилинади:

«Усмоннинг бундай деганларини эшитганман: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ҳар куни эрталаб ва кечқурун уч марта «Бисмиллаҳил-лазий лаа ядурру маъа исмиҳи шайун фил арди ва лаа фис-самаа ва ҳувас-самийъул ъалийм»  деса, унга ҳеч нарса зарар қила олмайди», деганларини эшитдим».

Унга фалажнинг бир тури етган эди. (Ундан ҳадис эшитаётган киши ажабланиб) унга қарай бошлади. У буни фаҳмлади-да, «Ҳадис сенга айтганимдек. Лекин ўша куни Аллоҳнинг қадари жорий бўлиши учун мен уни айтмабман», деди».

Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг исми билан ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса зарар етказа олмайди. У Зот ўта эшитувчи ва ўта билувчидир».

Ушбу ҳадисда зикр қилинган дуони чин ихлос билан эрталаб айтган одамга кечгача, кечки пайт айтган одамга тонггача ҳеч нарса зарар етказа олмас экан. Бу жуда осон нарса. Фақат эртаю кеч ихлос билан айтиб юриш керак.

Бу ҳадисни ривоят қилган ровий – Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу бир куни тўсатдан хасталаниб, бир томонлари ишламай, фалаж бўлиб қолибдилар.

У кишини кўргани кирганлар ажабланиб: «Ана шу дуони айтган одамга ҳеч нарса қилмайди, дер эдингиз, ўзингиз бу аҳволга тушиб қолибсиз-ку?» деган маънода у кишига қарашибди.

Шунда у киши: «Йўқ, ҳадис ўзгармайди, мен бугун эсимдан чиқиб қолиб, ўша калимани айтмаган эканман. Аллоҳнинг қазоси шундай экан. Шунинг учун ушбу мусибатга учраган бўлсам керак», дебдилар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Одоблар хазийнаси китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар бир одам сиздан Нима учун денгизчи ўзининг кемасини сафарга чиқиш олдидан обдон кўздан кечиради rdquo, Нима учун ғаввос акулалар яшайдиган денгизга давоми...

7848 05:00 / 01.03.2017
Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслашнинг ўзи кифоя 1. .Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан давоми...

4309 17:30 / 24.07.2021
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч давоми...

3924 05:00 / 06.03.2017
Изоҳ Бу фаслда нафсни ҳисобкитоб қилишнинг муроқаба ва мушоҳада мақомлари ҳақида гап боради. Инсон бир амални бажаришида ҳар хил мақом даражаларга эга бўлади. давоми...

4609 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

213379 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132599 14:35 / 11.08.2021