Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (20-дарс). Тариқат силсиласи (давоми)

15:07 / 15.02.2019 4676 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имоми Роббоний Аҳмад Форуқ Сарҳандий қуддиса сирруҳу

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 971 сана, милодий 1563 сана шаввол ойининг ўн тўртинчи куни, жумъа кечасида Ҳиндистоннинг Сарҳанд шаҳрида таваллуд топганлар ва ҳижрий 1034 сана, милодий 1625 санада ўша ерда вафот этганлар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи узун бўйли, буғдой рангли, кулча юзли, қирмизи кўзли ва қора соқолли зот эдилар. У киши ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг наслларидан эдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи шариат илмларини юксак даражада билишлари билан «иккинчи минг йилликнинг мужаддиди» лақабини олган эдилар. У киши бирйўла Нақшбандия, Қодирия, Чиштия, Суҳравардия, Шетория, Вирдория ва Кубравия каби бир неча тариқатларнинг шайхи эдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг ёшлик чоғлари шаръий илмларни талаб қилиш билан ўтди. У кишининг оталари катта олим бўлганлари учун хонадонларига ўша пайтнинг забардаст уламолари тез-тез ташриф буюриб турар эдилар. Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи улардан жуда кўп фойдалар олар эдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи тезда Қуръони каримни тўлиқ ва пухта ёд олдилар. Сўнгра ўз оталаридан турли илмларни ўргана бошладилар. Тез орада у кишининг истеъдодлари намоён бўла бошлади. Кейинроқ ўша пайтнинг илмий марказларидан бири бўлган Сайлакутга сафар қилиб, машҳур олим шайх Камолиддин Кашмирийдан олий даражадаги китобларни хатм қилдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи бошқа олимлардан ҳам дарслар олиб, барча шаръий илмларда пешқадамликни қўлга киритдилар. Кейин бошқа илм марказларига ҳам сафар қилиб, кўпгина фойдаларга эга бўлдилар.

Ҳижрий 1008 санада ҳаж сафарига кетаётган Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи Деҳли шаҳрига тушдилар ва ўзларининг эски танишлари шайх Ҳасан Кашмирийдан Нақшбандия тариқати шайхи хожа Муҳаммад Боқий ҳазратларининг Деҳлига келганларини эшитдилар. У киши оталаридан Нақшбандия тариқати мадҳида кўпгина яхши сўзларни эшитган эдилар. Шунинг учун мазкур шайх билан учрашиб, у кишини зиёрат қилишни лозим кўрдилар.

Хожа Муҳаммад Боқий ҳазратлари Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳини худди олдиндан келишиб олгандай кутиб олдилар. Бир оз суҳбат ва ишоратлардан кейин Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи у кишидан Нақшбандия тариқатини ўрганишга киришдилар.

Аввал Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи шайхга қўл бериб, байъат қилдилар. Шайх у кишини хилватхоналарига олиб кириб, қалбий зикрни талқин қилдилар. Ўша кундан бошлаб Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётларида катта ўзгариш содир бўлди. Ўша ерда икки ярим ой давомида ўз шайхларидан олган илмлари у кишини яна ҳам олий даражаларга кўтарди. Сўнгра Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи Сарҳандга қайтиб кетдилар.

Кўп ўтмай, Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи Деҳлига, ўз шайхларининг ҳузурига яна қайтиб келдилар. Бу сафар шайх у кишига ижозат бериб, халифалик хирқасини кийгиздилар ва толибларга илм, соликларга таълим ва муридларга тарбия беришга рухсат бердилар. Шу билан бирга, ўзларининг хос муридларидан баъзиларини ҳам у кишига топширдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз шайхларининг ҳузурларига учинчи марта йўл олганларида шайх Муҳаммад Боқий ҳазратлари у кишини кутиб олиш учун узоқ масофани босиб, пешвоз чиқдилар ва кўпгина яхшиликлар ҳақида башорат бердилар. Шайх ўзларининг қариб қолганликларини айтиб, тариқат ишларини ҳам, ўз фарзандларини ҳам Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳига топширгандек ишора қилдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи шундан кейин бутун умрларини шариат ва тариқат илмларини тарқатишга бағишладилар. У кишининг тариқатга оид асарлари ичида ўз яқинларига ёзган мактублари жамланган «Мактубот» номли китоблари ҳозирги кунгача барча тасаввуф аҳли учун қўлланма бўлиб келмоқда.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи Ислом оламида кенг шуҳрат таратган зотлардан биридирлар. У кишининг илмий асарлари ва қилган ишлари тилларда достон бўлиб кетган. Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳига турли олий унвон ва шарафли лақаблар берилган. Чунончи, у кишини «иккинчи минг йилликнинг мужаддиди» ҳам дейдилар.

Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратларидан олганлар.

Шайх Муҳаммад Маъсум қуддиса сирруҳу

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1007 сана, милодий 1598 санада Ҳиндистоннинг Сарҳанд шаҳрида таваллуд топиб, ҳижрий 1079 сана, милодий 1669 санада ўша ерда вафот этганлар.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи узун бўйли, кулча юзли, буғдой рангли ва кўзларида қирмизи бор зот эдилар. У киши Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг етти ўғилларидан бири бўлиб, ўз оталарининг бош халифаси ҳам эдилар. Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг оталарига жуда ҳам ўхшар эдилар.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ўз оталари Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи устозлари хожа Муҳаммад Боқий ҳазратлари билан топишган кунлари туғилганлар. Шунинг учун ҳам оталари шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ҳақларида: «Бу ўғлим хайрли ва баракалидир. Зеро, Хожа Боқий ҳазратларига бунинг туғилиши ортидан етишганман», дер эдилар.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи улуғ истеъдод соҳиби эдилар. У киши ўн олти ёшларида барча зоҳирий ва диний илмларни эгаллаб, устозларининг олқишига сазовор бўлганлар ҳамда барчанинг орасида шуҳрат қозонганлар. Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи математика ва бошқа илмларда ҳам пешқадам эдилар. У киши зоҳиран ҳеч гуноҳ иш қилмаганлари учун «маъсум» лақаби берилганди.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи ўз оталарининг барча илмларини олган, маърифат ва ҳақиқатларини шарҳ қилган ва халифалари бўлган эдилар. Қисқа вақтда шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи вақтнинг қутби ва замоннинг муршиди бўлдилар. Оталарининг ёши улғайиб қолганда, у кишининг шогирдлари ва муридларининг тарбияси ила машғул бўлдилар.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи оталаридан кейин Нақшбандия тариқатининг бош шайхлиги шарафига мушарраф бўлдилар. У кишининг қўлларида араб, ажам ва ҳиндулардан кўплаб кишилар илм олдилар. Тариқат илмлари ҳам ўша кишидан тарқай бошлади.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳининг рисолалари оталари Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг китобларига шарҳ ўрнида келган. Булар уч мужалладдан иборат бўлиб, «Хазинатул улум вал маъориф», «Ал-асрор» ва «Ад-дақоиқ» деб номлангандир.

Шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини оталари Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

Шайх Сайфуддин қуддиса сирруҳу

Имоми Роббонийнинг набиралари, шайх Муҳаммад Маъсум раҳматуллоҳи алайҳининг ўғиллари бўлмиш шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1049 сана, милодий 1639 санада Сарҳандда таваллуд топганлар ва ўша ерда ҳижрий 1096 сана, милодий 1694 санада вафот этганлар.

Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи узун бўйли, қорамтир рангли, кулча юзли, кўзлари катта ва соқолларининг икки тарафи бир оз сийрак бўлган зот эдилар. У киши зоҳирий ва ботиний илмларга ҳамда зуҳду тақвога соҳиб эдилар. Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишда барчага ўрнак эдилар. У киши ўз қўлларига тушган мол-мулкни муҳтожларга бўлиб беришни афзал кўрар эдилар.

Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи аҳли дунё билан бирга бўлмоқни ёқтирмас ва диндор кишиларнинг суҳбатидан завқ олар эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий риоя қилишлари сабабли «суннатни тирилтирувчи» лақаби билан ҳам аталар эдилар.

Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳининг суҳбатига келганларга ҳар куни лазиз таомлар тортилар эди. Шу тариқа соликлар ҳам моддий, ҳам маънавий озуқа олар эдилар. Бир куни кишилардан бири шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳига бу ҳақда савол бериб:

«Бу йўлдагилар учун оз емоқ лозим эмасми?» деди.

«Ғизони оз емоқ кишининг қуввати ва тоқатини озайтиради. Бизнинг тариқатимизнинг пирлари давомли равишда вуқуфи қалбий ва суҳбатлар асосида иш олиб борганлар. Ортиқча риёзат ва очлик ила вужудга машаққат бермоқ баъзи нохуш ҳолатларни юзага чиқаради. Биз бу нарсани иш ҳисобламаймиз. Бизнинг ғоямиз давомли зикр, Аллоҳга йўналмоқ ва суннатга эргашмоқ ҳамда шаръий ишларга машғул бўлмоқдир», дедилар шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи саволнинг жавобига.

Шайх Сайфуддин раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини ўз оталари Муҳаммад Маъсум ҳазратларидан олганлар.

 “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўққизинчи ҳикмат Ҳолатларнинг турлитуман бўлиб келиши туфайли амалларнинг жинси турлихил бўладиrdquoҲолат деб, инсонда бир пайдо бўлиб, ўрнашиб қолмасдан ўтиб давоми...

2818 05:00 / 01.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳга ҳамд бўлсин, У Зотга ҳамд айтамиз, У Зотдан ёрдам сўраймиз, У Зотдан мағфират сўраймиз, нафсимиз ва амалларимиз ёмонлигидан давоми...

3738 05:00 / 01.03.2017
1. Дуо.Гуноҳни тарк этишга ёрдам берадиган ва ҳар бир муаммонинг ҳал бўлишида энг катта сабаблардан бири дуодир. Эй тавба қилувчи эркак Эй тавба қилувчи аёл Эй давоми...

3995 05:00 / 01.03.2017
Ватанпарварлик ndash улуғ фазилатБисмиллаҳир роҳманир роҳиймСизу бизга бу жаннатмакон диёрни, буюк алломалар юртини Ватан қилиб берган Парвардигоримизга ҳамду давоми...

7799 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

120298 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41939 14:35 / 11.08.2021