1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мусулмон бўлган мажусий ҳақида ҳикоят

16:00 / 15.02.2019 4154 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алавийлардан бири Балхда истиқомат қилар эди. Унинг хотини ҳам алавий бўлиб, қизлари билан роҳат-фароғатда яшар эди. Кунлардан бир куни у вафот этди ва хотини-ю қизлари қийинчилик, фақирликка мубтало бўлишди. Душманларнинг ичиқоралигидан қўрқиб, аёл қизларини олиб, бошқа шаҳарга равона бўлди. Унинг сафари қаттиқ совуққа тўғри келди. Шаҳарга киргач, қизларини эски, кишилардан холи масжидлардан бирига жойлаштириб, уларга егулик истаб йўлга тушди ва иккита жамоат олдидан ўтди. Бири мусулмон киши жамоати бўлиб, у шаҳар оқсоқоли эди. Иккинчиси мажусий киши бўлиб, у шаҳар нозири эди. Аёл дастлаб мусулмон кишига ўз ҳолини баён қилиб: «Мен алавий аёлман. Етим қизларим бор. Уларни эски масжидлардан бирига жойлаштириб, шу кечага егулик истаб келувдим», деди. У киши: «Олийжаноб алавий эканингга ҳужжат келтир», деди. Аёл: «Мен ғариб аёлман, бу шаҳарда ҳеч ким мени танимайди», деган эди, ҳалиги киши ундан юз ўгирди. Унинг ҳузуридан аёл қалби ўксиб узоқлашди ва мажусий киши ҳузурига бориб ҳолини баён қилди. Етим қизлари борлигини, ўзи олийнасаб, ғариб аёллигини ва мусулмон киши билан ўрталарида кечган суҳбатни сўзлаб берди. Мажусий бориб, аёл билан қизларини ҳовлисига олиб келишга хотинини жўнатди. Келишгач, уларга мазали таомлар ва яхши-яхши либослар тортиқ қилди. Аёл ва қизлари мажусий хонадонида мўл-кўлчилик ва эҳтиром ичра тунаб қолдилар.

Тун ярим бўлгач, ҳалиги мусулмон киши тушида қиёмат қоим бўлганини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тепаларига алвон қадалган эди. Шунда яшил зумраддан бино қилинган, айвонлари лаъл ва ёқутдан ишланган, лаъл ва маржон қуббали қасрга кўзи тушди. «Ё Расулуллоҳ, бу қаср кимга?» деб сўраган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳни бир деб билувчи мусулмон кишига», дея жавоб бердилар. «Ё Расулуллоҳ, мен Аллоҳни бир деб билувчи мусулмон кишиман», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавобан: «Алавий аёл сенга мурожаат қилганда, унга: «Алавий эканингга ҳужжат келтир», деган эдинг. Худди шундай, сен ҳам менга мусулмон бўлганинг ҳақида ҳужжат келтир», дедилар. Киши бева аёлни ноумид қайтарганидан маҳзун бўлиб уйғонди ва шаҳарни айланиб, уни суриштира бошлади. Аёл мажусийникида экани маълум бўлгач, мажусийни чақиртириб келди-да, унга: «Сендан олийнасаб алавий аёл ва қизларини меникига жўнатишингни хоҳлайман», деди. У: «Бунинг сира иложи йўқ, чунки уларнинг баракотидан мен кўп нарсаларга эришдим», деди. «Уларни менга топшир, эвазига минг динор бераман», деган эди, «Топширмайман», деди. «Уларни менга бермасанг бўлмайди», деган эди, у: «Сен хоҳлаётган нарсага мен ҳақдорроқман. Тушингда кўрган қаср мен учун яратилган. Мени Исломга даъват қиласанми? Аллоҳга қасамки, мен ва хонадон аҳлим – барчамиз кеча кечқурун алавий аёл қўлида мусулмон бўлдик. Ухлаб, сен тушингда кўрган нарсани мен ҳам кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: «Алавий аёл ва қизлари сенкидами?» деб сўраган эдилар, «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедим. «Қаср сенга ва хонадонинг аҳлига. Сен ва хонадонинг аҳли жаннат аҳлидандирсиз. Аллоҳ сени ўзи азалда мўмин қилиб яратган эди», дедилар», деди. Мусулмон киши уйига қайтди. У қанчалар афсус-надомат чеккани ва қайғуга ботгани Аллоҳга аён.

Биродар, тул ва етимларга қилинган яхшиликнинг шарофати ва баракотини кўриб қўйинг. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бежизга: «Бева ва етимга яхшилик қилиш йўлида ҳаракат қилувчи Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи кабидир», демаганлар (Муттафақун алайҳ).

Мазкур ҳадис ровийи шундай дейди: «Толмайдиган қоим (намоз ўқувчи) ва ифтор қилмайдиган соим (рўзадор) кабидир» ҳам дедилар, деб ҳисоблайман».

Бева ва етим йўлида ҳаракат қилувчи Аллоҳ таоло розилигини истаб, уларнинг оғирини енгил қиладиган, ташвишларини ҳал этадиган, улар фойдасини кўзлаб, яхшилик қиладиган кишидир.

Аллоҳ лутф ва марҳамати ила бизни шундай хайрли ишларга муваффақ айласин. Албатта, У саховатли, раҳмли, меҳрибон ва мағфиратли зотдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Ҳақиқатларни билиб, басийрат кўзи билан кўришдан тўсувчи икки сабабни Пайғамбар алайҳиссалом қуйидаги ҳадисда зикр қилганлар..Агар қалбларингиз дунёга машғул давоми...

1967 17:30 / 26.03.2021
Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг саховати ўз даврида тилларда достон бўлган. У киши тижорат билан кун кўргани, тижоратида ҳалоллиги давоми...

2266 09:10 / 27.02.2019
Тўйлардаги дабдавозлик айни исрофдир Динимизда исрофгарлик қаттиқ қораланган бўлиб, исроф қилиш ҳаромдир.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган давоми...

2044 17:30 / 11.10.2019
Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир.Шундай бўлганидан кейин ким ҳам Унинг азобидан қочиб қутула олар эканСураи давоми...

7557 21:10 / 31.03.2019