Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (38-дарс). Валийлар ва кароматлар

21:02 / 22.06.2019 6304 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Валий» сўзи арабча бўлиб, «яқин дўст» маъносини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг маълум бир бандаларга валий эканлигини, баъзи бир бандалар У Зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, бут ва санамларга ибодат қилаётган ва ҳидоятга эргашмаган мушрикларга шундай деб хитоб қилишни буюради:

«Албатта, менинг валийим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни валий (дўст) тутадир» (196-оят).

Аллоҳ таоло Юнус сурасида:

«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар», деган (62-оят).

Аллоҳнинг валий(дўст)ларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий – дўст бўлганлари учун, У Зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.

Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.

Аллоҳнинг валий(дўст)лари бу дунё ва охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.

Ана шу бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг валийси – дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлар?

«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» (Юнус сураси, 63-оят).

Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало У Зотга иймон келтириш, иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳ таолога дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳ таолога дўст бўлганларга эса:

«Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир» (Юнус сураси, 64-оят).

Аллоҳнинг валийлари – дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.

Мазкур хушхабар Аллоҳ таолонинг сўзларидир.

«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир».

Қуръони Карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат.

Аҳли тасаввуф эса валийни турлича таъриф қилганлар. Агар эътибор бериладиган бўлса, ўша таърифлар тақво ва ибодат, яхши хулқ ва олиймақом исломий сифатлар соҳиби бўлган валийнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган банда эканлиги хусусидадир.

Аммо валий маъносидаги тушунчаларда ҳаддан ошиш ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидагилар «Валий алоҳида бир мартаба бўлиб, у фақатгина ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга берилган», деган фикрни олдинга суришган.

Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашларича, валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга киритган ва бу ҳақда алоҳида китоб ёзган шахс Ҳаким Термизийдир.

Валийлар ҳақидаги фикрлар аста-секин ҳаддидан ошиб бориб, эътиқодга мутлақо зид бўладиган гапларни ҳам айтишгача етганлар.

Масалан, Муҳйиддин ибн Арабий ва баъзи унга ўхшаганлар: «Хотамул авлиё анбиёлардан афзал бўлади», дейишгача етганлар.

Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳотун минат-тасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида «Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг қуйидаги гапларини келтиради: «Шайхимиз Абул Аббос розияллоҳу анҳунинг «Агар валийнинг ҳақиқати кашф қилинса, унга ибодат қилинарди. Чунки унинг сифатлари ва белгилари У Зотнинг сифатларидандир», деган гапларини нутқ қилиш менинг тилимга қанчалар оғирлигини билсангиз эди».

Аммо ўзини билган сўфийлар валийни Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳара маъноларидан келиб чиқиб таъриф қилганлар.

Бу ҳақда Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи:

«Валий Аллоҳ таолони билувчи, Унинг тоатида бардавом бўлувчи ва У Зотга ихлос ила ибодат қилувчидир», дейди.

Замонлар ўтиши билан валийлар хусусида турли қарашлар вужудга келгач ва ихтилофлар кучайгач, уламоларимиз валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақидаги масалани ақоид китобларимизга киритишга мажбур бўлганлар.

«Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғафлат надоматни орттиради. Ғафлат неъматнинг қўлдан кетишига сабаб бўлади. Ғафлат Аллоҳ йўлини пардалайди. Ғафлат ҳасаднинг кучайишига, кишининг озорланишига давоми...

3009 17:22 / 24.10.2018
. ,. . Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг давоми...

391 19:00 / 20 апрель
Тоатларни ортга суриш мавжудлиги сени улардан ман қилмаслиги учун, У Зот уларни тайинли вақтларга боғлаб қўйди ва сенга ихтиёр улуши қолиши учун вақтни давоми...

4494 17:22 / 26.03.2017
. ,. . Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган,, давоми...

333 19:09 / 27 апрель