1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Қиёмат куни инсонлар нимадан яратилади?

18:02 / 23.06.2019 7769 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда келган баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «كُلُّ ابْنِ آدَمَ تَأْكُلُهُ الْأَرْضُ، إِلَّا عَجْبُ الذَّنَبِ، مِنْهُ خُلِقَ، وَفِيهِ يُرَكَّبُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَمَالِكٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Одам боласнинг ҳамма жойи ер еб битиради, фақат ажбуз-занаб* чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, (қиёмат куни) яна ундан яратилади».

 Имом Бухорий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ва Молик ривоят қилишган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «وَلَيْسَ مِنَ الْإِنْسَانِ شَيْءٌ إِلَّا يَبْلَى، إِلَّا عَظْمًا وَاحِدًا، وَهُوَ عَجْبُ الذَّنَبِ، وَمِنْهُ يُرَكَّبُ الْخَلْقُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий алайҳиссалом шундай дедилар: «Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – «ажбуз-занаб» деб аталувчи суякдир. Қиёмат куни махлуқотлар ўшандан тикланади».

Муслим ривоят қилган.

*«ажбуз-занаб» – думғазанинг учидаги жуда кичик суяк.

Ушбу икки ҳадисда келган маънодаги гапни тасдиқловчи яна бир қанча ҳадислар ҳам келган.

Бунинг устига, олимлар мазкур «ажбуз-занаб»ни топиб, синаб кўришган, уни ҳеч нарса билан йўқотиб бўлмаган.

Мусулмон кишининг одоби саҳиҳ ҳадисда келган гапни гап-сўзсиз тасдиқлашдир. «Мен бунга ишонмайман», дейишнинг ўрнига «Буни тушуниш учун менинг илмим етмаяпти», дейиш керак.

Бундан бир неча йил олдин Кувайтда «Қуръони Карим ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» борасидаги саккизинчи умумжаҳон илмий анжумани бўлиб ўтди. Ўша анжуманда АҚШдан келган катта илмий гуруҳ ушбу ҳадис ҳақида янги оламшумул кашфиёт қилганини эълон қилди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан бир минг тўрт юз йил илгари айтган ҳадислари илмий мўъжиза экани, бу ҳадис у зотнинг ҳақиқий пайғамбар эканларига далил бўлишини таъкидладилар. Маъруза қилган ғайримусулмон одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар тилга олганида у зотга араб тилида салавот ва салом айтиб сўзлади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари юзасидан эркакларнинг уруғлигида тажриба ўтказишибди. Бир уруғликнинг думини – «ажбуз-занаб»ини кесиб олиб, бошқа уруққа ёпиштиришибди. Ўша уруғни урчитишган экан, биринчи уруғ эгасига ўхшаш бола туғилибди. Бундан улар «ажбуз-занаб» инсоннинг коди экан, деган хулосага келибдилар.

Доктор Усмон Жийлоний ва шайх Абдулмажид Зиндонийлар ҳам 2003 йилнинг Рамазон ойида Санодаги Зиндонийнинг уйида думғаза билан бир неча илмий тажрибалар олиб боришди. Умуртқа думғазаси тўла аланга олиб ёнмагунича газ алангасига ўн дақиқа тутиб турилди (суяк олдин қизил рангга киргунча ловуллаб ёнди, кейин эса қорайиб кетди).

Улар куйдирилган бўлакларни стерилланган колбага (лаборатория шиша идишига) солиб, Санодаги машҳур илмий-тадқиқот лабораториясига (ал-Олакий лабораториясига) олиб боришди. Гистология ва патология профессори доктор Олакий тўқима бўлакларни ўрганиб, унинг куйдирилгани думғазанинг суяк тўқималарига таъсир қилмаганини айтади, яъни улар куйдирилгани билан ўзгармаган (фақат мушак, ёғ тўқимаси ва илик куйган, думғаза суякларининг ҳужайраларида эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган).

Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизаларкитобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунёнинг илғор тиббиёти турли хил касалликлардан сақлаш йўлларини излаётган бир пайтда Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган Ислом дини кўп касалликлардан давоми...

2997 09:00 / 22.12.2021
Мадина ndash хурмолари билан машҳур шаҳар. Мадина хурмолари ичида энг афзали .Ажва, хурмосидир. Ажва хурмоси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп давоми...

16657 17:23 / 04.06.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. давоми...

4605 16:40 / 06.09.2019
.Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. Ва сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз, Наҳл сураси, давоми...

3500 12:25 / 24.04.2024
Аудиолар

213315 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132537 14:35 / 11.08.2021