Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (26-дарс). Шайх масаласи (давоми)

13:30 / 29.03.2019 3552 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу иш қайси асосда бўлиши лозимлиги Қуръони каримнинг Тавба сурасида қуйидагича баён қилинади:

ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ

«Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар» (122-оят).

Бу ояти карима ва уламоларимизнинг унга турли ёндашувларидан Аллоҳ таоло динимизни чуқур англаб етишимизга қанчалик юқори аҳамият бергани яққол кўриниб турибди. Бу ҳолат Ислом жамияти диний илмларни чуқур эгаллаган уламоларни етарлича тайёрлашга алоҳида эътибор бериши лозимлигини кўрсатади. Шу билан бирга, уламоларнинг жамиятдаги ўринлари ва масъулиятлари юксак эканини ҳам таъкидлайди.

Демак, иршод қилиш учун аввало динда фақиҳ бўлиш, уни чуқур англаб етиш керак. Динда фақиҳ бўлиш эса Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳарани пухта эгаллашни, иймон, Ислом, эҳсон, тақво ва шукр каби асосларни чуқур билишни тақозо қилади. Бу нарсаларни аъло даражада ўзлаштирмаган киши динда фақиҳ бўлмайди. Бинобарин, муршид, шайх ҳам бўла олмайди.

Иршодни ўзига лозим тутишни истаган кишига динда фақиҳ бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Кўпгина фақиҳлар бор, аммо улар кишиларни иршод қила олмайди. Чунки улар илм ўрганганлари билан, уни одамларга етказишни билмайдилар. Бошқача қилиб айтганда, одамларни динга даъват қилиш сирларидан бехабарлар. Бу ҳолда «қош қўяман деб, кўз чиқариш» турган гап. Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилишнинг ўзи ҳам алоҳида бир илм. Унинг ўз қоидалари бор. Ўша қоидаларни пухта ўрганган кишигина бу муҳим ишни ўз ўрнида уддалай олади.

Аллоҳ таоло Ўз йўлига одамларни қай йўсинда даъват қилиш кераклиги ҳақида Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади:

ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱﯓ

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт» (125-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ислом даъвати асослари ва услубларини Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали даъватчи умматларига баён қилиб бермоқда.

Аввало:

«Роббингнинг йўлига...»

Яъни даъват Аллоҳнинг йўлига бўлмоғи керак экан. Баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, фақат холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак.

Иккинчидан:

«...ҳикмат...»

Демак, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.

Учинчидан:

«...ва яхши мавъиза ила даъват қил».

Даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.

Тўртинчидан:

«Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт».

Сўфийларнинг ўзлари айтишларича, тасаввуф – силсиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган илмдир. Ҳамма тариқатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб етади. Бинобарин, ўзини иршодга лойиқ кўрган ҳар бир шайх Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига мутлақ ўрнак қилиб олиши керак. Бусиз иршодни даъво қилмаса ҳам бўлади.

Хусусан, ҳар бир шайх Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони каримда зикр этилган қуйидаги вазифаларининг давомчиси бўлмоғи шарт.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида мусулмон умматига хитоб қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари ҳақида қуйидагиларни айтади:

ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ

 «Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Расул юбордик» (151-оят).

Эътибор қилинса, ушбу ояти каримада:

 «Шунингдек, ичингизга ўзингиздан... Расул юбордик», дейилиши мусулмон уммати учун катта бахт ҳисобланади. Оятдаги васф шундайки, худди Аллоҳ таоло мусулмонлар билан алоҳида қолиб, уларга Ўзи берган неъматларни, фазлларни бирма-бир санаб бераётганга ўхшайди:

Биринчидан: 

«Ўзингиздан танлаб Расул юбордим».

Иккинчидан: 

«У Расул сизларга оятларимни тиловат қилиб беради».

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ворисликни даъво қилаётган шайх ҳам ўз талабаларига Аллоҳ таолонинг оятларини тиловат қилиб, улардан дарс бериши керак.

Учинчидан:

«сизларни поклайди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ворис бўлган шайх ҳам руҳий тарбия ила ўз шогирдларини поклаши лозим. Ҳа, шайхлар ўз муридларининг қалбларини маънавий кирлардан ва хасталиклардан поклашлари зарур.

Тўртинчидан:

«у Расул сизларга Китобни – Қуръонни ўргатади».

Бинобарин, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ворис бўлган шайх ҳам ўз шогирдларига қуръоний таълим бермоғи керак.

Бешинчидан:

«ҳикматни ўргатади».

Бу ердаги «ҳикмат»дан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Демак, шайхлар ўз муридларига Суннати мутоҳҳарани ҳам ўргатишлари керак.

Олтинчидан:

«Билмайдиган нарсаларингизни ўргатади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига улар билмайдиган нарсаларни ўргатганлари каби, шайхлар ҳам ўз шогирдларига улар билмайдиган нарсаларни ўргатишлари лозим бўлади.

Юқорида зикр қилинган далиллардан муршиди валий даражасидаги шайх бир қанча сифатларга эга бўлмоғи кераклигини ўрганиб олдик.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир. Ушбу мақомда биз учун сабрнинг худди шу маъноси керак.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида давоми...

15801 05:00 / 28.02.2017
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим давоми...

1283 19:00 / 03.06.2023
Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборат Аввало, турли омилларга кўра .тасаввуф, сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақийқатнинг .руҳий тарбия,, давоми...

4054 05:00 / 28.02.2017
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг қимматли ҳикматлариАбдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ Аҳли дунё дунёдаги энг ёқимли нарсадан баҳраманд давоми...

3307 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

120301 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41940 14:35 / 11.08.2021