
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Духон сурасида шундай марҳамат қилади:
«Очиқ-ойдин Китоб ила қасам. Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик», деган (2-3-оятлар).
Аллоҳ таоло Қуръони Карим билан қасам ичмоқда. Бу эса ўз навбатида Қуръоннинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалик улуғ мақомга эга эканини кўрсатади. Кейинги оятларда Қуръон ҳақида маълумот берилади:
«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик».
Ушбу оятда зикр этилаётган, Қуръон нозил қилинган кеча муборак Рамазон ойининг кечаларидан бири бўлмиш «Лайлатул қадр»дир. Бу кеча дунё тарихидаги энг муборак кечадир. Чунки бу кечада Аллоҳ таолонинг охирги, баркамол ва бутун инсониятга қиёмат кунигача саодат йўлини кўрсатиб берувчи Китоби туша бошлаган.
«Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик».
«Ушбу муборак кечада Қуръонни нозил қилиш билан бандаларни куфр, исён ва туғённинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирувчи бўлдик».
Аллоҳ таоло яна:
«Ва сен томон бир неча нафар жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла. У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинглар!» – дедилар. Қачонки, (қироат) тугагач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар», деган («Аҳқоф» сураси, 29-оят).
Оятдан маълум бўладики, жинларнинг Қуръонга қулоқ осишлари тўсатдан, кутилмаганда содир бўлмаган, балки уларни Аллоҳ таолонинг ўзи буриб қўйган. У Зот бу фазлни Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам эслатмоқда.
«Ва сен томон бир неча нафар жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла».
Жинлар Қуръонни эшитишга ҳозир бўлганларида инсонларга ўхшаб, «Бу ўтганларнинг афсоналари, сеҳр, шеър ёки уйдирма» деб ўтирмадилар, балки:
«У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинглар!» – дедилар».
Ушбу омил уларнинг бахтига сабаб бўлди. Аввал яхшилаб қулоқ осдилар, ҳақни ботилдан ажратишга уриндилар. Ҳақиқатни тушуниб етганларидан сўнг эса зудлик билан иймон келтирдилар. Иймон қалбларидан жой олгач, бу улкан неъматни ўз қавмлари билан баҳам кўришга шошилиб:
«Қачонки, (қироат) тугагач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар».
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўз Китоби – Қуръони Каримни ўзи васф қилган. Албатта, бу васфлар Қуръони Каримнинг васфлари ичида энг олиймақомларидир.
Каломлар ичида улуғи бўлган Аллоҳ таолонинг каломидан кейинги мартабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари – ҳадиси шарифлар туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам Қуръони Каримнинг фазли ҳақида зикрлар келган. Ана ўшалар Қуръони Каримнинг фазли ҳақида келган маъноларнинг Қуръони Каримнинг ўзида келганларидан кейинги ўриндагиси ҳисобланади.
Қуйида Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда Расули Акрам алайҳиссаломнинг Қуръони Каримнинг фазли ҳақида айтган ҳадиси шарифларидан баъзиларини ўрганишга ҳаракат қиламиз.
عَنْ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яхшиларингиз – Қуръонни ўрганганларингиз ва уни ўргатганларингиздир», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлгани билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшиси ҳақида хабар берилмоқда.
Ўзи мусулмонлар Аллоҳ таолонинг бандалари ичида энг яхшиларидир.
Бу ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони Каримни ўрганадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшиси бўлади.
Бу ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони Каримни ўргатадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшисининг устози бўладилар. Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага маълум.
Ҳа, Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони Каримни ўргатиш ва ўрганиш шу даражада улуғ иш бўлиб, ўз соҳибини ана шундай олий мақомга эриштиради.
Уламоларимиз Қуръони Каримни ўқитган ва ўқиган зотларни Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари деб атаганлар.
Шунинг учун мўмин банда Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси бўламан, деса, Қуръони Каримни ўргансин ёки ўргатсин.
Мусулмон халқларнинг тарихига назар соладиган бўлсак, ушбу ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келинганига гувоҳ бўламиз. Мусулмонлар ҳар қандай қийин шароитда ҳам, ҳаётларини хавф-хатарга қўйиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ўрганганлар ва ўргатганлар.
Иншааллоҳ, қиёматгача шундай бўлгай.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.