Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 муҳаррам | 2025 йил 10 июль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръон кишиларни залолатдан ҳидоятга бошлайди | Қуръони Карим дарслари (155-дарс)

19:00 / 02 июнь 794 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Биз туширган ушбу китоб муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар. «Биздан аввалги икки тоифагагина китоб туширилган, уларнинг дарсларидан ғофил эдик», демасликларингиз учун. Ёки «Агар бизга китоб туширилганда, албатта улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик», демасликларингиз учун. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгирган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Оятларимиздан юз ўгирганларни юз ўгирганлари туфайли тезда ёмон азоб ила жазолармиз», деган (Анъом сураси, 155-157-оятлар).

Қуръони Карим кўплаб етук сифатларга мушарраф Китобдир. У дунёга ҳам, охиратга ҳам баракадир. Аллоҳ таоло ушбу оятларда Қуръони Каримнинг сифатларини ва уни нозил қилишдан мақсаднинг баъзи маъноларини баён қилади.

«Биз туширган ушбу китоб муборакдир».

Бу ҳақиқатни Қуръони Каримга боғланган ҳар бир мусулмон яхши билади. Агар дунёда яшашдан мақсад икки дунёнинг баракасига эришмоқ бўлса:

«Бас, унга эргашинглар».

Ундан ўзга эргашишга арзигулик нарса йўқ. Бошқалар баракасиз нарсалар. Уларга эргашганлар икки дунёда мақсадларига эриша олмайдилар. Қуръонга эргашиш билан бирга, тақво ҳам бўлиши зарур.

«Ва тақво қилинглар».

Чунки тақвосиз Қуръонга эргашишни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Агар инсон Қуръонга тақво ила эргашса:

«Шоядки, раҳм қилинсангизлар».

Келгуси ояти карима бевосита аввалдан аҳли китоб бўлмаган одамларга қаратилган.

Ушбу оят ила уларнинг ҳеч бир узрлари қолмайди. Улар Исломга, Қуръонга амал қилмаслик учун бирон-бир баҳона топа олмайдилар. Улар баҳона қилишлари мумкин бўлган ҳар бир нарсага жавоб тайёр бўлди. Аллоҳ уларга:

«Биздан аввалги икки тоифагагина китоб туширилган, уларнинг дарсларидан ғофил эдик», демасликларингиз учун» Қуръонни туширдик», демоқда.

Яъни, Қуръони Карим нозил қилинмаганда, улар «Биздан аввалги икки тоифага – яҳудий ва насронийларга китоб (Таврот ва Инжил) туширилган, улар ўша китобни дарс қилиб ўқишган, улар бандалик қилсалар бўлади. Аммо бизга ҳеч қандай китоб тушгани йўқ, шунинг учун биз хоҳлаганимизни қилишга ҳаққимиз бор», дейишлари мумкин эди. Энди айта олмайдилар. Чунки уларга Қуръон тушди.

Қуръон охирги шариатнинг китоби бўлгани учун фақат арабларга эмас, ҳамма халқларга илоҳий дастур бўлиб тушди. У ҳамма халқларнинг бўйин товлаш учун қиладиган баҳоналарини бекорга чиқарди.

«Агар бизга китоб туширилганда, албатта улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик», демасликларингиз учун».

Бу ҳам ўзларига алоҳида китоб тушмаганини баҳона қилиш, ҳатто бошқа аҳли китобларга таъна қилиш маъносини ўз ичига олади. Мана шу ва шунга ўхшаш баҳоналар билан ўзингизни олиб қочмаслигингиз учун:

«...батаҳқиқ, сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди».

Қуръони Карим бутун борлиғи билан очиқ ҳужжатдир.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг биру борлигига, ягона илоҳ ва Робблигига, ягона Розиқ ва Ҳокимлигига очиқ-ойдин ҳужжатдир.

Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига, ким у зотга эргашса, нажот топишига очиқ-ойдин ҳужжатдир.

Қуръони Карим ўзининг ҳақиқий илоҳий дастур эканига, унга эргашганларга икки дунё саодати йўлини кўрсатишига очиқ-ойдин ҳужжатдир.

Қуръони Карим Ислом динининг ҳақ дин бўлиб, барча замон ва маконга салоҳиятли эканига, қиёматгача боқийлигига, кишиларга икки дунё бахтини таъмин қилишига очиқ-ойдин гувоҳдир.

Қуръони Карим инсонларга Роббиларидан келган ҳидоятдир. У кишиларни залолатдан ҳидоятга бошлайди.

Қуръони Карим инсонларга Роббиларидан келган раҳматдир. Ҳам бу дунёда раҳматдир, ҳам у дунёда раҳматдир.

Ҳар бир инсон ушбу очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳматни нозил қилган Роббул Оламийнга чексиз шукрлар қилмоғи лозим. Аммо одамлар ичида шукр айтиш у ёқда турсин, куфр келтириб, мазкур оятларни ёлғонга чиқарадиганлар ва улардан юз ўгирадиганлар ҳам бор.

«Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгирган кимсадан кўра золимроқ ким бор?»

Албатта, очиқ ҳужжатдан юз ўгирган ва уни ёлғонга чиқарган ҳар қандай одам золим бўлади. Ўзига нисбатан ва ўзгаларга нисбатан зулм қилган бўлади. Чунки у ўша очиқ ҳужжатни ёлғон деб, бошқа ёлғон ҳужжатларни рост ҳужжат сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Одамларни ҳам шу йўлга бошлайди.

Оқибатда ўзига ҳам, ўзгага ҳам зулм қилади, ҳалокатга учрайди. Бу ҳол оддий очиқ ҳужжатни ёлғонга чиқарган, ундан юз ўгирган одамнинг ҳолидир. Энди Аллоҳ таоло томонидан келган очиқ ҳужжатни ёлғонга чиқарган ва ундан юз ўгирганларнинг ҳоли нима бўлишини билиб олаверинг.

Шунингдек, оддий ҳидоятдан юз ўгирган одам аввало ўзига, қолаверса, ўзгаларга зулм қилган бўлади. Отасининг насиҳатига юрмаган фарзанд ўзига қанчалик зулм қилиши, одамлар орасида маломатларга қолиши ва ниҳоят оқибати нима бўлишини тасаввур қилса бўлади.

Энди Холиқининг, унга жон берган, ризқ берган, ҳидоятга йўллаган Роббул Оламийннинг насиҳати – ҳидоятига юрмаган одамнинг аҳволини шунга қиёс қилаверинг.

Агар бир одам иккинчисига раҳмат – раҳм-шафқат кўрсатса-ю, иккинчиси ундан юз ўгирса, барчанинг маломатига қолади, золимдан олиниб, золимга солинади. Энди шу ҳолни ўз Роббидан келган раҳматни ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгирган одамга таққослаб кўринг.

Аллоҳ таолодан келган Қуръони Каримни – очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат бўлмиш Китобни ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгирганлар ана шундай золимлардир. Дунёда улардан кўра золимроқ одам йўқ. Улар бу зулмлари эвазига тегишли жазо олишлари муқаррардир.

«Оятларимиздан юз ўгирганларни юз ўгирганлари туфайли тезда ёмон азоб ила жазолармиз».

Улар бундай жазога муносибдирлар. Улар нафсларидаги бузуқлик оқибатида куфр келтирганлар, оятларни ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгирганлар. Улар нимани кутмоқдалар? Нима учун иймон келтирмайдилар? Ёки кутиб турган бирон нарсалари борми?

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳофиз Заҳабий .Маърифатулқурроилкибро аълаттабақоти валаъсор, ҳамда қорилар имоми, ҳофиз Ибн Жавзий .Ғоятунниҳоя фии табақотилқурро, китобларида 3951005 йили давоми...

6199 19:00 / 13.01.2022
Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар қилди ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга иймон давоми...

4026 21:14 / 12.04.2018
15. Қачонки, уларга очиқойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар .Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир,, дедилар. Сен .Мен давоми...

4170 05:00 / 23.01.2017
Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга ҳақиқий қайтиш ила қайтадир.Тавба қилиш гуноҳга афсуснадомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни давоми...

3969 20:55 / 18.03.2018